Главные новости
Главная / Маданият / Меҳмондўстлик одоблари
<

Меҳмондўстлик одоблари

mehmondustlikМеҳмон деб аслида, бошпана, егулик ва ичгулик билан таъминлашингиз учун уйингизга мусофир ҳолда вақтинча нозил бўлувчи кишига айтилади. Зиёфат, яъни меҳмоннавозлик ва меҳмон кутиш олийжаноб хулқлардан бўлиб, фозил кишилар бу нарсага қадим-қадимдан бери амал қилиб келадилар.
Халқимиз меҳмондўстлиги, меҳмоннавозлиги билан шуҳрат қозонган. Бирор ўзбек хонадони йўқки, меҳмонни хурсандчилик билан кутиб олмаган, уйидаги бор неъматларни дастурхонга келтириб тўкмаган бўлса. “Меҳмон – отангдан улуғ”, “Меҳмон келар эшикдан, ризқи кирар тешикдан”, “Меҳмон олдида ҳатто мушугингни пишт дема” каби мақол ва ҳикматлар бежизга айтилмаган.
Пайғамбарлар отаси Иброҳим Халилуллоҳ кишилик тарихида биринчи бўлиб меҳмоннавозлик асосларини ҳаётга татбиқ қилганлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб бундай дейди:

هَلْ أَتَاكَ حَدِيثُ ضَيْفِ إِبْرَاهِيمَ الْمُكْرَمِينَ إِذْ دَخَلُوا عَلَيْهِ فَقَالُوا سَلَامًا قَالَ سَلَامٌ قَوْمٌ مُنْكَرُونَ فَرَاغَ إِلَى أَهْلِهِ فَجَاءَ بِعِجْلٍ سَمِينٍ فَقَرَّبَهُ إِلَيْهِمْ قَالَ أَلَا تَأْكُلُونَ فَأَوْجَسَ مِنْهُمْ خِيفَةً قَالُوا لَا تَخَفْ وَبَشَّرُوهُ بِغُلَامٍ عَلِيمٍ

яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Сизга Иброҳимнинг азиз меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими? Ўшанда улар (Иброҳим) ҳузурига кириб: «Салом!» –дейишганда, у ҳам: «Салом! (Булар) нотаниш қавм-ку!» – деди. Сўнгра у аста оиласи олдига чиқиб, бир семиз бузоқни (сўйиб, пишириб) келтирди. Уни уларга яқин қилиб, «(Таомдан) емайсизми?» – деди. Лекин овқатга қўл чўзишмагач улардан хавфсирай бошлади. (Шунда) улар: «Қўрқмагин! (Биз фаришталар таом емаймиз)», – дедилар ва (Иброҳимга) бир доно ўғил (туғилиши) хушхабарини бердилар”. (Зориёт сураси)
Иброҳим (алайҳиссалом) чиройли меҳмон кутишда, ҳусни зиёфатда зарбул-масал этилганлар. Ривоятларда келишича, у киши уйларига қўққисдан бирор меҳмон келишига интиқ бўлиб яшардилар ва бирор кун ҳам меҳмонсиз таомланмас эдилар. Агар хонадонларига меҳмон келиши узилиб қолса, бу ҳолатдан маҳзун бўлардилар. Шу сабаб ҳам ул зотни меҳмонларнинг отаси, деб аташарди. Шунингдек, у кишининг уйида тўртта эшик бўлиб, қайси эшикдан бирор меҳмон кириб келаркин, дея қараб ўтирар эдилар.
Кўплаб шарафли ҳадисларда меҳмонни иззат қилишга тарғиб ва ташвиқ қилинган. Жумладан, Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда бундай марҳамат қилинади:

من كان يؤمن بالله واليوم الآخر فليكرم ضيفه ومن كان يؤمن بالله واليوم الآخر فليصل رحمه ومن كان يؤمن بالله واليوم الآخر فليقل خيرا أو ليصمت 

Яъни: “Кимки, Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, бас, меҳмонини иззат-икром қилсин. Кимки, Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, қариндош уруғлар билан силаи раҳм қилсин. Кимки, Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, яхшиликдан сўйласин, ёки жим турсин”. (Муттафақун алайҳ)

     Ушбу ҳадиси шариф меҳмонни иззату икром қилишга гўзал равишда тарғиб қилади. Унга кўра, ўзини комил иймонлилардан деб ҳисоблаган ҳар бир киши меҳмонини икром қилмоғи лозим. Акс ҳолда иймони ҳали комил бўлмаган ҳисобланади. Ҳадис замирида шундай маънолар ҳам ётади-ки, меҳмонни икром қилиш иймоний хислатлар сирасидан экан. Демак, меҳмонни икром қилганлиги учун киши дунёю охиратда ажру савобларга эга бўлади. Меҳмонни иззат қилиш яхши ишлар, маъруф ишлар қаторига киради. Набиййи Муҳтарам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз ҳадисларида وكل معروف صدقة яъни “ҳар бир маъруф иш садақа (яъни савоб)дир”, дея марҳамат қилганлар. Демак, меҳмон кутган инсон бу иш учун ажру савобларга эга бўлар экан. Шу боис, ҳам халқимизда қадимдан: “Меҳмон атойи Худо” деган нақл мавжуд.
Меҳмонни икром қилиш боби жуда кенг бўлиб, у кўплаб ишларни ўз ичига олади. Жумладан, меҳмон ташриф буюрганда уй соҳиби қандай аҳволда бўлишидан қатъи назар, меҳмонни очиқ чеҳра ва шодлик билан кутиб олмоғи керак. Бу вақтда уй эгаси қандайдир бошқа ишларни режалаштириб турган бўлса ҳам уларни кечиктириб, меҳмонга ҳурмат кўрсатиш билан овора бўлиши мақсадга мувофиқ ишдир.
Шунингдек, меҳмонларнинг ҳолатларига қараб ҳам икром қилиш ҳар хил бўлиши мумкин. Зеро, Ойиша онамиздан ривоят қилинган бир ҳадисда: “أنزلوا الناس منازلهم” (анзилун-нааса манаазилаҳум) “одамларни ўз ўринларига туширинг, яъни кишиларни мақом-мартабаларига монанд муомала қилинг”, дея марҳамат қилинган. Бу сўзни асло одамларни бой-камбағалга ажратиш маъносида тушунмаслик лозим. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурига бирон қабиланинг оқсоқоли келса, уни ўзига ярашадиган иззат-икром билан кутиб олардилар. Бошқа юртлар катталарига мактуб ёзмоқчи бўлганларида, ўша вақтда ташқи оламда урф бўлганлиги учун мактубга алоҳида муҳр босган ҳолда юборишни маъқул кўрганлар.
Хуллас, меҳмонни икром қилишда ҳам кишиларнинг мавқеъларига ва урф-одатга қараб иш тутиш айни муддаодир. Баъзан уйингизга қавмнинг обрўли кишиларидан, олиму фозиллардан бўлган меҳмонлар ташриф буюриши мумкин. Шундай одамларни ўзига муносиб тарзда кутиб олинади. Бордию, хонадонингизга ота-онангиз ташриф буюришса, уларни ҳам алоҳида эҳтимом билан кутиб олмоқ лозим. Хуллас, ҳар доим ҳам келавермайдиган ноёб меҳмонларни, кунда шунда бўлган жиян ёки укаларингизга кўрсатган икромингиздан ўзгачароқ бир иззат билан кутиб олиш керак бўлади.
Абу Шурайҳ ал-Хузоъий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар:

من كان يؤمن بالله واليوم الآخر فليكرم ضيفه جائزته, قالوا وما جائزته يا رسول الله ؟ قال: يومه وليلته والضيافة ثلاثة أيام فما كان وراء ذلك فهو صدقة

Маъноси: “Аллоҳга ва Охират Кунига иймони бор одам меҳмонига унинг мукофотини иззат-икром билан тақдим қилсин”. – Унинг мукофоти нима, Ё Расулаллоҳ, дейишди. Меҳмонннинг мукофоти бир кеча ва кундузидир, дедилар Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)- “зиёфат эса уч кун бўлади, ундан ортиғи мезбон томонидан садақадир”. (муттафақун алайҳи) Бу шарафли ҳадисдан тушунмизки, меҳмонни бир кеча-кундуз давомида аъло даражада иззат қилинади. Бу унинг мукофот ҳаққидир. Қолган икки кунида ҳам меҳмонни икром қилиш мезбон зиммасида вожиб. Ундан кейин ҳам икромда давом этса, бу мустаҳаб амал бўлиб, бунинг учун қўшимча ажр олади.

     Меҳмондўстлик ажойиб ҳислат бўлиб, одамлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳизмат қилади. Ўзбек халқи “Меҳмонхонанг тор бўлса ҳам меҳру дилинг кенг бўлсин”, дейишади.
Меҳмон эҳтиёж юзасидан келган бўлса, уни ортиқча саволлар билан қийнамай, буни айтишига имкон бериш керак. Гапларини диққат билан тинглагач, уни хижолатга қўймай, сўраганини беришга ёки илтимосини бажаришга ҳаракат қилинг. Баъзида келган меҳмон юзини сидириб, ўз муддаосини айтишга журъат қилолмаслиги мумкин. Шундай ҳолатда сезгирлик ва фаросатни ишга солиб, унинг дилидагини топа билиш фозил одамларнинг хислати.
Қадимги арабларда олийжанобликнинг шундай бир кўриниши бор экан: Муҳтожроқ киши бадавлат одамларни зиёрат қилганда, ҳалиги бадавлат киши, ҳол-аҳвол сўрагандан сўнг, хизмат(?), дея келиш сабабини сўрарди. Шунда зиёратга келган муҳтож киши: “Сизга салом бергани ва карамли юзингизни кўргани келдим”, дер эди. Шунинг ўзида бадавлат мезбон ташриф буюрган киши ёрдамга муҳтожлиги англар ва у ҳеч нарса сўрамаса, ҳам унга эҳсон ва мурувват қиларди.

– Меҳмон келганда пайсалга солмай дастурхон тузанг ва уйдаги энг яхши неъматларни дастурхонга тортинг.

Бироз чой ичиб, тамадди қилгандан сўнг, ундан нима ейишини, кўнгли нима тусаётганини сўраш яхши иш. Агар унинг истак ва хоҳишига қараб нарса тайёрланса, хурсандчилиги зиёда бўлади. Бироқ меҳмондан: «Бирор нарса ейсизми, бирор нарса олиб чиқайми?» деб сўраш ёмон одатдир. Шунинг учун сўрамасдан уйда борини олиб чиқиб, меҳмон олдига қўйиш керак.
Мезбон лаззатли ва латиф таомни меҳмонига илинади, ўзи бундайроғини ейди. Агар таом оз бўлса ёки меҳмоннинг очлиги сезилса, ўзи камроқ еб, меҳмонга кўпроқ қолдиради. Уйда нима яхши таом, мева-чева ва бошқа неъматлар бўлса, аввало меҳмонга тортилади.

– Меҳмонни овқатланиш учун ортиқча мажбурламанг. Баъзилар меҳмонни шу қадар тўхтовсиз равишда таомга зўрлашадики, ҳатто урушишгача боришади. Ҳамма нарса меъёрида бўлсин. Егулик кетидан егулик кираверса, меҳмон ҳар кирган идишни пок-покиза бўшатадиган даражада ея олмаслиги мумкин. Агар бу ишга зўрланса, унинг саломатлигига путур етади. Иззат-икром зулмга айланиб қолмасин.

– Ширин суҳбат қуриб, оила аъзолари билан яқиндан таништиринг.

      Меҳмоннинг ўзи дастурхонни йиғиш таклифини бермагунча дастурхон йиғманг. Меҳмонга чақирганда шахсан учрашиб ёки телефон орқали айтилади. Ҳеч бўлмаса, телефон орқали айтиш имконияти бўла туриб, меҳмонни кимдир орқали чорлаш чиройли муомала тарзидан эмас. Бу – таклиф этилган инсонга нисбатан ҳурматсизликдир. Шунингдек, бирон кишини меҳмонга чақирмоқчи бўлсангиз, унинг вақтини суриштириб, зиёфатни унга маъқул келган вақтга тўғриланг.

     Меҳмон кутишга тайёргарлик кўраётганда, хоналарнинг озодалигига алоҳида эътибор беринг. Жумладан, ваннахонага тоза сочиқ, янги совун, атир ва ҳоказолардан қўйинг. Бошқа майда-чуйдаларгача қараб чиқинг. Меҳмоннинг кўзи дорда осилган ич кийим, чақалоқларнинг иштонлари ва ҳоказоларга тушиб қолмайдиган бўлсин.

– Мехмонлар белгиланган вақтдан эрта келиб қолиши мумкинлигини инобатга олиб, ярим соатлар олдин чиройли кийиниб, уларни кутишга тайёр бўлиб туринг.

– Меҳмонлар олдида аёлингиз ёки болаларингизга бақириб, уларни урушиб, асабийлашманг. Бу меҳмонни қувиш билан баробар.

      Таом тановул қилинаётганда меҳмоннинг ейиш суръатига қараб, секин-секин тановул қилинг. Ундан аввал тугатиб қўйманг. Шунингдек, меҳмонга таомни келтиргач, у билан бирга тановул қилинг. Бир меҳмон: “Меҳмон учун мезбоннинг тўқлигидан кўра зарарлироқ нарса йўқ”, деган экан. Чунки меҳмоннинг олдига овқат олиб келинса-ю, мезбон овқат еб, тўйиб олган бўлса, меҳмон билан бирга ейишолмайди. Натижада меҳмон уялиб, бемалол овқатлана олмаслиги мумкин.
Меҳмон асосий таомни тановул қилиб, бироз ҳордиқ чиқариб, нафасини ростлаб олгач, фарзандларингизни ими-жимида чақириб, уларни меҳмонга таништиринг. Фарзандларингизни чиройли кийинтиришни унутманг.
Агар янги уйга кўчган бўлсангиз ёки анчадан бери шундай янги қурилган кўркам хонадонда истиқомат қилаётган бўлсангиз ва уйингизга биринчи марта кимдир меҳмон бўлиб келган бўлса, вақт топиб унга хоналарни кўрсатиб сайр қилдиринг. Эҳтимол, меҳмонингиз уйингизни томоша қилгиси келар, лекин буни очиқ айтишга ийманиши мумкин. Албатта, ётоқхона ва аёллар ўтирган хоналар кўрсатилмайди.
Агар бир жамоани меҳмонга чақирсангиз, улар озчилик бўлса бирга ўтирсангиз зарар қилмайди. Чунки уларга дастурхон устида хизмат қилиб туриш керак бўлади. Бордию улар кўпчилик бўлса, ташқарида хизмат қилиб турган маъқул.
Зиёфат сўнгида меҳмонни эшикдан ташқарига кузатиб чиқиш, унинг ташрифидан бениҳоя хурсанд бўлганлигини изҳор қилиш ва яна ташриф буюришини сўраб қолиш ҳам меҳмоннавозлик қонун-қоидалари сирасига киради. Шунингдек, меҳмонни бирон танишининг машинасида манзилига элтиб қўйиш ёки ҳеч бўлмаганда кўчадаги машинага ўтқазиб юбориш ҳам жуда яхши иш.
Аввалдан белгилаб чақириладиган меҳмондорчилик ҳам ҳар хил бўлади. Меҳмонга чақириш мусуломонлар ўртасида меҳр-оқибатни шакллантирадиган, қалбларни бир-бирига яқин қиладиган фазилатли амаллардандир. Гоҳида мезбон сизнинг ёлғиз ўзингизни ёки оилавий равишда меҳмонга чақириши мумкин. Бу – сиз билан оилангизга кўрстатилган юксак эҳтиром. Шундай ҳолатларда агар чўнтагингиз кўтарса, меҳмонга чақираётган хонадон эгасига қандайдир совға, ширинлик ва ҳоказо харид қилсангиз нур устига нур бўлади

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

ljm_tdup5jvogrv3zesmukftmff4v426

Маданият ва санъат муассасаларида васийлик кенгашлари ташкил этилади

Улар тўғрисидаги намунавий низом Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 августдаги 687-сон қарори билан тасдиқланган, деб ёзмоқда Norma. …