Главная / Жамият / Марказий Осиёда қашшоқлик даражаси пасайишда давом этмоқда, аммо пасайиш суръати секинлашмоқда
<

Марказий Осиёда қашшоқлик даражаси пасайишда давом этмоқда, аммо пасайиш суръати секинлашмоқда

Марказий Осиёда қашшоқлик даражаси пасайишда давом этаётган бўлса-да, минтақада унинг пасайиш суръати секинлашган. Қашшоқликнинг энг юқори даражаси ишга жойлашиш имконияти чекланган қишлоқлар ва чекка ҳудудларда қайд этилмоқда.

bpg-qxvap4vmca626otlf2bxmuwopskq

Жаҳон банки томонидан ҳар йили 17 октябрда нишонланадиган Халқаро қашшоқликни тугатиш куни арафасида Марказий Осиёдаги қашшоқлик даражаси тўғрисидаги янги маълумотлар эълон қилинди.

“Ижобий ҳолат сифатида айтиш мумкинки, Марказий Осиёда қашшоқликни камайтириш соҳасидаги жараён давом этмоқда. Шу билан бирга, бу жараён ҳозиргидан аввалгига нисбатан анча секин. Шу боис барқарор ва ҳар томонлама ўсишни таъминлаш бўйича қўшимча саъй-ҳаракатлар минтақа мамлакатларидаги устувор йўналишлардан бири бўлиши лозим”, – дейди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Лилия Бурунчук.

2000-йиллардан бошлаб Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари қашшоқликни камайтириш борасида сезиларли ютуқларга эришдилар, аммо бунинг аксарият қисми ўтган ўн йилликнинг дастлабки йилларига тўғри келади.

2002 йилдан 2009 йилгача бўлган саккиз йил давомида Тожикистон ва Қирғизистонда қашшоқлик даражаси йилига ўртача 7 фоиз пунктига камайди – Тожикистонда қарийб 70 фоиздан 25 фоизгача ва Қирғизистонда 20 фоизгача. Бироқ шундан сўнг қашшоқлик даражаси пасайиши кескин секинлашди ва Тожикистонда йилига ўртача 1 фоизга пасайган (2019 йилда 25 фоиздан прогноз қилинаётган 13 фоизгача) ва Қирғизистонда 2009 йилдан ҳозирги кунгача 20 фоиз даражасида қолмоқда.

Қозоғистонда 2000-йиллар бошларида қашшоқлик даражаси аллақачон паст бўлган ва 2002 йилдан 2009 йилгача йилига 4 фоиз пунктидан пасайган. Бу вақтга келиб, мамлакатда кам таъминланган давлатларга нисбатан қўлланадиган кунига 3,20 доллар миқдор кўрсаткичи бўйича қашшоқликка деярли барҳам берилди.

Бироқ Қозоғистон мансуб бўлган даромади ўртача даражадан юқори бўлган (кунига $ 5,5) мамлакатлар учун қўлланиладиган кўрсаткичдан фойдаланилса, қашшоқлик даражаси 2013 йилда энг паст 6 фоизга етган ва ўшандан буён 7 фоиздан юқори даражада сақланиб келмоқда.

Марказий Осиё мамлакатларида қашшоқликни камайтириш суръатларининг секинлашиши қатор иқтисодий муаммоларни акс эттиради, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун иш билан таъминлаш ва муносиб ҳақ тўлаш борасидаги қийинчиликларни кўрсатади. Минтақада ишсизлик ёки иш ҳақи камлигидан ёшлар ва аёллар энг кўп азият чекади.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2018 йилда Ўзбекистонда 15-24 ёшдаги аёллар ўртасидаги ишсизлик 25 фоиздан кўпроқни, шу ёшдаги эркаклар орасида эса 13 фоизни ташкил этган. Қирғизистонда 15-28 ёшдаги аёлларнинг 15 фоизи ишсиз бўлган ва шу ёшдаги эркаклар орасида бу кўрсаткич 9 фоизни ташкил этган.

Яқинда эълон қилинган Марказий Осиё мамлакатларининг қашшоқлик хариталари шуни кўрсатадики, қашшоқлик асосан урбанизация марказлари (йирик шаҳарлар) билан яқин алоқада бўлмаган қишлоқ жойларида учрайди. Бу, айниқса, Тожикистон ва Қирғизистоннинг қашшоқлик даражаси 40 фоиздан юқори бўлган энг чекка ҳудудларида долзарб.

Вазият таҳлили шуни кўрсатадики, Марказий Осиёда ўрта қатлам деярли тўлалигича бир қанча йирик шаҳарлар ва уларнинг атрофида, жумладан Нур-Султон, Олмаота, Тошкент, шунингдек, бир оз камроқ миқёсда Душанбе ва Бишкекда жойлашган. Минтақанинг барча давлатлари дуч келаётган асосий муаммолардан бири – бу барча фуқароларнинг ривожланган ва ўсувчи меҳнат бозорига эга бўлган ушбу шаҳар марказларига кира олишини таъминлаш заруриятидир.

Жаҳон банки одамларга ишга жойлашиш имкониятини берувчи, ривожланаётган ва иқтисодий жиҳатдан гуллаб-яшнаётган шаҳарларда уй-жой сотиб олишни таъминлаш , иш ҳақлари ўсишини рағбатлантирувчи бир қатор сиёсий чораларни амалга оширишни ва аҳолининг заиф қатламлари меҳнат бозорида янада рақобатбардош бўлиши учун уларни қўллаб-қувватлашни тавсия қилади.

Ҳаққимизда Anonymous

Яна маълумот

Тадбиркор ҚҚС тўлашда қонунни бузса, рўйхатга тушади

Қўшилган қиймат солиғи тўловчиларини давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга олиш эндиликда қай тартибда амалга оширилади? …