Главные новости
Главная / Иқтисодиёт / Марказий банк раиси Ўзбекистон «кўп олтин сотиб юборгани» ҳақидаги гапларга муносабат билдирди
<

Марказий банк раиси Ўзбекистон «кўп олтин сотиб юборгани» ҳақидаги гапларга муносабат билдирди

Мамаризо Нурмуратов Марказий банк олтин-валюта захира таркибини ўзгартириб туриш ваколатига эгалигини маълум қилди.

Фото: Bloomberg

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов жорий йилда рекорд даражада бўлган олтин экспорти мамлакат иқтисодиётига қай тарзда ёрдам бера олгани ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Олтин нархининг жаҳон бозоридаги ўзгариши 30 фоиз атрофида кузатилган бўлса, иқтисодиётимизга 30 фоиз қўшимча даромад кирди. Ишлаб чиқарувчиларимиз бугунги кунгача 24 триллион сўм қўшимча даромад олди.

Олтинни сотиш, сотиб олиш масаласида «Ўзбекистон бир ойда шунча олтинни сотиб юборди» деган фикрларни ижтимоий тармоқларда ҳам ўқиб қоламан. Бир нарсани тўғри тушуниш керак. Бу Марказий банкнинг сиёсати. Бизнинг мақсадимиз олтинни жаҳон бозори нархида ўша ойда ишлаб чиқарувчидан сотиб олиш. Уни сотишдан мақсадимиз эса, бизнинг ўз прогнозларимиз борлиги билан боғлиқ. Нарх кўтарилганида биз уни сотиб, маълум жиҳатдан иқтисодиётимизга, энг аввало Марказий банкка, Марказий банк орқали иқтисодиётга қўшимча даромад олишни мақсад қиламиз.

Лекин буни экспорт билан боғлаш маълум жиҳатдан сал нотўғрироқ. Экспорт ҳақида гапирганимизда доимо Марказий банкда ҳам, ҳукуматда ҳам хўжалик субъектларининг бевосита қилган экспорти тўғрисида гаплашамиз.

Агар олтин нархи тушиб кетса ва биз кейинчалик олтин нархи кўтарилишини кутадиган бўлсак, яъни шуни таҳлил қилаётган бўлсак, олтин ҳам сотиб оламиз. Бу Марказий банкларнинг бажарадиган нормал ҳолати.

Биз олтин-валюта захирамиз таркибини ўзгартириб туриш ваколатига эгамиз ва буни мустақил равишда ажратамиз. Агар олтин нархи жаҳон бозорида тушиб кетадиган бўлса ва биз келгусида олтин нархи ошишини кутаётган бўлсак, олтинни сотмаслигимиз ҳам мумкин. Бу дегани бизнинг олтин-валюта захирамизнинг умумий ҳажми ўзгармайди, фақат таркиби ўзгаради. Олтин қисми кўпаяди, валюта қисми камаяди. Шундай тамойил билан Марказий банк ўз ишини ташкил қилган», дея Марказий банк раисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ўзбекистон 2020 йилнинг июль ойида олтин сотиш бўйича дунёда мутлақ етакчи бўлган, мамлакат 11,6 тонна олтин сотганди.

Сентябрь ойи бошларида Ўзбекистон олтин-валюта захиралари май ойидан буён биринчи бор қисқарганди. Мамлакатнинг расмий захира активлари 1 сентябрь ҳолатига кўра, 34,6 миллиард долларни, халқаро захиралар – 33,8 миллиард долларни ташкил этганди. Пандемия даврида Ўзбекистон ўз олтинларини фаол сотиши кузатилди. Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров олтин-валюта захирасини сотиб, маблағларни мамлакат иқтисодиётини қутқаришга ва ишсизлар сони ортишининг олдини олишга йўналтириш мумкинлигини айтганди.

Ўзбекистоннинг расмий захира активлари сентябрь ойига нисбатан 1,2 миллиард долларга камайиб, 1 октябрь ҳолатига кўра 33,4 миллиард долларни, халқаро захиралари 32,7 миллиард долларни ташкил этди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йил январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон 5,8 миллиард долларлик олтин экспорт қилган. Маълумотларига кўра, 2019 йил январь–сентябрь ойларига нисбатан ўсиш 45,7 фоизни ташкил этган. 2020 йил январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон экспорт таркибида олтиннинг улуши 46,5 фоизга тенг бўлди.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

v5u4cs-woxodyeswocaua-wwqxtpiyem

«UzAuto Motors» ишида суд қарори қабул қилинди

30 октябрь куни «UzAuto Motors» иши бўйича суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинди. Жамоатчилик ушбу қарордан …