Главная / Жамият / Мардикор аёлар– дарбадар аёл
<

Мардикор аёлар– дарбадар аёл

Тошкент шаҳрининг турли нуқталаридаги мардикор бозорларида эркаклар билан бир қаторда иш берувчиларни кутаётган аёлларни ҳам кўрамиз. Бундай манзара кўп йиллардан буён ўзгармай қолмоқда. Ижодий гуруҳимиз билан Тошкент шаҳридаги ноқонуний мардикор бозорларида бўлдик. Қайси нуқтага бормайлик иш берувчилар машинаси эшигига ёпишаётган аёллар сони эркакларникидан кам эмаслигига гувоҳ бўлдик. 

Бу аёллар оғир шароитларда ноқонуний фаолият билан шуғулланишларига нималар сабаб бўляпти? Фақат ишсизликми?

Масалага чуқурроқ назар ташлайдиган бўлсак, муаммонинг бошқа томонлари ҳам борлигини кўрамиз.

Тошкент вилояти Оққўрғон туманида туғилган Замира Мамадалиевна Сулаймонова деярли 20 йилдан буён мардикор аёллар бозорида ишлайди.

«Ўқимаганим туфайли фермерларнинг ерини чопиқ қиламан, пахта ва буғдой етиштиришда ёрдамлашаман. Иш ҳақи ўрнига 10-15 сотих ер беришади. Ўша ерга ловия экиб кун кўраман. Ўтган йили бир фермернинг икки гектар ерини чопиқ қилиб, эвазига ижарага берган ерига ловия экдим. Аммо сув кам бўлгани сабабли атиги 400 минг сўм даромад олдим. Қилган харажатим ҳам қопланмади. Ҳозир 55 ёшдаман. 10 ёшли фарзандим бор. Ўзим фарзанд кўролмаганим сабабли уни асраб олганман. Нафақа пулим 193 минг сўм. Бу пул ейиш-ичишга ҳам етмаяпти. Камига уй-жой масаласи қийнаб юборди. Наманганга турмушга чиққаним сабабли пропискам Наманганда. Турмуш ўртоғим билан ажрашганмиз. Шунинг учун уёққа боролмайман. Тошкентда эса пропискага қўйишмаяпти. Аросатда қолдим. Шу муаммоларим юзасидан ўтган йили Хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилгандим. Арзимни эшитиб, жўнатиб юборишди. Бироздан кейин хат келди. Хат мазмунига тушунолмадим», дейди у.

Мардикор аёллар бозорида мактаб ёшидаги қизлардан тортиб, пенсия ёшидаги аёлларгача учратиш мумкин. Турли муаммолар сабаб оналар мактаб ёки коллежда дарсда ўтириши керак бўлган қизларини ҳам мардикор бозорларига олиб чиқишяпти. Бу ҳолатга ўқув муассасалари маъмурияти нима дейди? Мактаб ёшидаги қизлардан бу саволга жавоб олмоқчи бўлдик. Лекин улар жавоб беришдан бош тортишди. Ота-она ўзи ташаббускор бўлган бундай ҳолатларда ўқув муассасалари заифлик қилади, албатта.

Кузатувлар давомида мардикор аёллар уч тоифага бўлинишига гувоҳ бўлдик. Биринчи тоифа чиндан ҳам қийналган, ҳар қандай ишдан бош тортмай, ҳалол меҳнат қиладиган аёллар, иккинчи тоифа маълум маънода дангасалик, боқимандаликка ўрганиб қолганлар. Бу тоифа вакиллари ишсизлик ва бошқа муаммоларни рўкач қилишади. Маълум бўлишича, уларга ўзлари истиқомат қилаётган ҳудуддан иш топиб берилиши ваъда қилинса ҳам шаҳарда мардикорлик қилишни маъқул кўришади.

«Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан мавсумий ишлар билан шуғулланадиган аёллар учун сайёр қабуллар ташкил этилган. Аёлларнинг ўз яшаш жойларида бандлигини таъминлаш учун мавсумий пилла қурти боқиш, фермер хўжаликларидаги боғдорчилик, полизчилик ва иссиқхоналарда ишлаш кабиларга йўналтирилади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2856-сонли қарорига мувофиқ, пилла қуртини бир ой парвариш қилган хотин-қизларга 1 йиллик меҳнат стажи берилади. Шунингдек, хотин-қизларни «устоз-шогирд» тизими доирасида оилавий касаначиликни ривожлантиришга жалб қилиш орқали касб эгаллашлари борасида, томорқадан унумли фойдаланиш орқали ҳам даромад қилиш усуллари бўйича жойларда қисқа ўқув курслари орқали истаги бор аёлларга ўқув жараёнлари ташкил қилинмоқда. Лекин шуни эътиборга олиш керакки, баъзи бир аёллар таклиф этилган ишларда ишлашни хоҳламайдилар. Бу албатта уларнинг ҳуқуқлари. Биз аёлларга мавжуд иш ўринларидан иш таклиф қиламиз. Иш топиш истагидаги аёллар қўмитага ва унинг ҳудудий бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин. Қўмитанинг 1146 ишонч телефонига мурожаат қилса ҳам бўлади», дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бўлим бошлиғи Гуллола Исакова.

Учинчи тоифа эса, афсуски, мардикорликни ниқоб қилиб, фоҳишалик билан шуғулланаётган аёллардир. Тасвирга олиш жараёнида мардикорлар бозорларида бундай аёллар ҳам кам эмаслигини кўрдик. Энг ачинарлиси, бундай жойлардаги носоғлом муҳит, жаргонларга бой сўзлашув услуби онаси билан мардикорлик қилишга чиққан ёш қизлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатяпти.

«Мардикор аёллар орасида бузуқлик билан шуғулланувчилар ҳам кўп. Туғиб-туғиб ташлаб ҳам кетишяпти. Айниқса, ёш қизлар орасида бузуқлик жуда кўпайган. Кўриб ёқа ушлайман. Шунинг учун милиция ходимлари бизни доим назорат қилади. Бозор тепасига камера ҳам ўрнатилган. Биз тўғри ва ҳалол ишласак, ҳеч қандай муаммо бўлмайди», дейди Замира Сулаймонова.

Муаммо сабабларини излаш жараёнида Тошкент шаҳридаги учта ноқонуний мардикор бозорида бўлдик. Булар Тошкент тумани Келес даҳаси, Ибн Сино мавзеси катта ҳалқа йўли, Бектемир тумани Қўйлиқ бозори ҳудудларида жойлашган мардикор бозорлари. Ибн Сино мавзеси катта ҳалқа йўли ҳудудидаги ноқонуний мардикор бозорида фақат эркаклар иш кутиб туриши, қолган икки ҳудуддаги бозорларда мардикорликка даъвогар аёллар ҳам кўпчиликни ташкил қилишини кўрдик.

«Ҳар куни тахминан 50 нафар аёл бўлиб бозорда тўпланамиз. Йиғим-терим мавсумида 70-80 нафаргача етамиз», дейди аёллардан бири.

Бу ҳолатлар мамлакатда ишсизлик муаммоси ҳали ҳам долзарблигича қолаётганини кўрсатади. Мардикор аёлларни доимий иш билан таъминлаш борасида қилинаётган ишлар юзасидан берган саволларимизга Меҳнат вазирлигидан жавоб ололмадик.

Аксар ҳолатларда мардикорлик қилаётган аёлларнинг турмуш ўртоғи рўзғор хуржунини нозик жинс вакилларига топшириб қўйишган. Улар ўз рафиқаларидан ташқари фарзандларини ҳам ишлашга мажбур қилишяпти.

Кўп йиллардан буён мардикорчилик билан шуғулланаётган Ойгул Исматова бу муаммони ўз ҳаёти мисолида очиб беришга ҳаракат қилди. Бухородан Тошкентга келиб мардикорчилик қиладиган бу аёл камера қаршисида ўзининг бошидан кечирганларини сўзлаб берди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида яшайман. Оғир ижтимоий ҳолатим туфайли иш топишда ёрдам беришларини сўраб, маҳаллага мурожаат қилганман. «Ўз кунингни ўзинг кўр», дейишган. Яшайдиган жойимда иш йўқ. Иш бўлса ҳам ойлик 300-400 минг сўм атрофида. Бу эса ҳеч нарсага етмайди. Катта шаҳарда мардикорлик қилиб ойига тахминан 1,5 млн сўмгача топаман. Мардикорлик қилиш ҳам қийин бўлиб қолди. Милиция ходимлари ҳоли жонимизга қўйишмайди. Прописканг йўқ дейишади. Вақтинчалик рўйхатдан ўтишга ҳам пул кетади. Топган пулимни қайсисига етказаман?

Эрим ишламайди. 11 синфда ўқийдиган қизим билан ишлаймиз. Бир куни уйга келсам, қизимни ишга чиқмагани учун ўласи қилиб урибди. Ахир эркак-ку! Нега ишламайди?! Мен қанча қийналиб пул топиб келаман. У эса пулларимни ароққа сарфлайди. Ажрашаман десам, пичоқ ўқталиб, қўрқитади. Одамзод ҳайвонни циркда томоша қўйишга ўргатар экан-у, унинг ўзига ниманидир ўргатиш жуда қийин экан», дейди бу аёл.

«Ориятимиз, виждонимиз сусайиб бораётгани – мардикор аёллар. Биз авлиёларнинг авлодларимиз. Бизга бу нарса ор, уят. Хотинимизни кўчага чиқариб, мардикор қилишдан ўлганимиз афзал».

Фозил қори Ёсин ўғли бу мавзуда гапирганига ҳам кўп йиллар бўлди. Бу вақт ичида мардикор аёллар ҳақида кўплаб мақолалар эълон қилинди. Аммо ҳолат ўша-ўша. Аёлларнинг кўпчилиги масъулиятсиз эркаклар туфайли шу кўйга тушишган.

Муаммони бартараф этиш учун маҳалла, ўқув муассасалари, жамият ва энг муҳими оила ишлаши керак. Ўзи ишламай, аёли мардикорлик қилишига қўйиб берган, оилага масъулиятсиз қарайдиган эркаклар бор экан, мавзу долзарблигича қолаверади.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

k2axbatvqfkyyvksakg5ifbkcfmxn0s8

Тошкентда «Махсустранс» машинаси ёниб кетди

12 июль куни соат 16:20да Тошкент шаҳар ЁХБ Куч ва воситаларни бошқариш ва мувофиқлаштириш марказига …