Главные новости
Главная / Жамият / Максим Шацких – АПЛдан таклифлар, учта орзуси ва хайрлашув ўйинидан қолган армони ҳақида
<

Максим Шацких – АПЛдан таклифлар, учта орзуси ва хайрлашув ўйинидан қолган армони ҳақида

Замонавий ўзбек футболининг энг машҳур ва афсонавий ҳужумчиларидан бири – Максим Шацких десак муболаға бўлмайди. Киевнинг «Динамо» клуби сафида нафақат Украина, балки Европада ҳам ном қозонган, Ўзбекистон миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар бўлиб турган ҳамюртимиз ҳозирда мураббийлик фаолиятини бошлаган.

Биз Максим билан Киевда учрашиб, Kun.uz ва Tribuna.uz ўқувчилари учун махсус интервью ташкил этдик.

Собиқ ҳужумчи Европа футболидаги карьераси, Ўзбекистон миллий жамоаси ва ўзбек футболининг ҳозирги ҳолати ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

– Футболдаги дастлабки қадамларингизни қандай ташлагансиз. Биринчи мураббийингиз, биринчи жамоа ва илк ютуқларингиз ҳақида гапириб берсангиз.

– Сизларни Украина пойтахти Киевда кўриб турганимдан хурсандман. Футболдаги дастлабки қадамларим анъанавий тарзда кўчадан бошланган. Спортчилар оиласида туғилганим учун келажакда спортчи бўлишим аниқ эди.

Биринчи синфдан «Пахтакор»нинг болалар ва ўсмирлар спорт мактабига (БЎСМ) қабул қилинганман. Биринчи мураббийим – Сергей Михайлович Ковалёв. БЎСМни тугатгач, «ЮТКО» клуби билан иккинчи лигада (Тошкент шаҳар чемпионатида – таҳр.) ўйнаганмиз ва якунда ғалаба қозонганмиз. Шундан сўнг, Россияга кетганман.


Ёш Максим Миржалол Қосимовдан мукофотни қабул қилиб олмоқда

– Сиз фаолиятингиз бошидан ҳужумчи бўлмагансиз, тўғрими?

– Ҳар доим ҳужумчи бўлганман… Аммо… болалар ва ўсмирлар спорт мактабида мени марказий ҳимоячи нуқтасида ҳам ўйнатишган, чунки тезлигим юқори бўлган (кулади).

Сўнгги ҳимоячи бўлиб ҳам ўйнаганман. Аввал «тозаловчи» ҳимоячилар бўларди, шу нуқтада ҳам мендан фойдаланишган. Чунки мендан ҳеч ким қочиб кетолмасди (кулади). Қувиб етиб, хавфни бартараф қилардим – болаликда бу менга ёқарди.

– Профессионал фаолиятингизнинг бошида (1996-1999 йилларда) сиз Россиянинг қуйи лигалари вакиллари «Сокол», «Торпедо» (Волжский), «Лада-Тольятти», «Газовик-Газпром» ва «Балтика» каби клубларда ўйнагансиз. Камдан-кам юз берадиган воқеа – Ўзбекистон Олий лигасида бирорта ўйин ўтказмасдан Россияга кетгансиз. Бу ҳолат қандай юз берган?

– Бундан олдинроқ ҳам Россияга борганман. 1993 йили (15 ёшида – таҳр.) «Лада-Тольятти» клубида кўрикда бўлганман. Бу жамоа ўша пайтда Премьер-лига иштирокчиси эди. Улар мени олиб қолишмоқчи эди, аммо ўзим хоҳламадим ва Тошкентга қайтдим.

Кейинроқ барибир «Лада-Тольятти»га ўтишим керак эди. Аммо «Сокол» клуби мени «ўғирлаб» кетди десам ҳам бўлади.

Гап шундаки, «Лада-Тольятти» клуби президенти бўлғуси агентим билан яқин дўст бўлган ва мен ҳақимда гапириб қўйган. Шундан сўнг агентим Тошкентга қўнғироқ қилиб, келажагим ҳақидаги фикрларим билан қизиқди. Бир неча кундан кейин ўзи келди. У билан ҳаммасини бафуржа гаплашиб, келишиб олгач, 1 ҳафтадан сўнг «Сокол» клубига кетганман.

Бироқ ёш ва ўйин амалиётим камлиги туфайли кейинчалик «Торпедо» (Волжский) клубига бериб юборишди. У ерда мавсумнинг иккинчи қисмида барча ўйинларда майдонга тушдим. Бу мен учун айни муддао бўлди, чунки ўйин амалиётига муҳтож эдим.

Кейинги йили барибир «Лада-Тольятти»га ўтдим. Мавсумни яхши ўтказганман. Сўнгра «Газовик-Газпром»да ўйнадим. Кейин «Балтика»га ўтдим. Ярим мавсум ўйнагач, «Динамо Киев»дан таклиф олдим.

Оралиқда «Спартак Москва» ва «Зенит»да ҳам кўрикда бўлганман. «Спартак» мени қабул қилмади. «Зенит» олиб қолмоқчи эди, аммо негадир кўнглим бўлмади, рад жавобини бердим.


Максим Шацких «Динамо Киев» либосида

– 1999 йили «Динамо Киев» клубининг дунёга машҳур мураббийи Валерий Лобановскийдан таклиф олгансиз. Шу ҳақда гапириб берсангиз.

– «Балтика» клубида биринчи давра якунланишига 2 тур қолган эди. «Динамо Киев»дан икки селекционер келди. Бафуржа гаплашдик, улар кўрикдан ўтказиш учун эмас, балки аниқ таклиф билан келишган экан. Хуллас, гаплашиб олдик. 2 турни ўтказиб Киевга йўл оладиган бўлдим.

Шундан кейин Москванинг «Спартак» клубидан ҳам вакиллар келиб, «олтин тоғлар»ни ваъда қилишди. Аммо аввал ҳам айтганман, «Динамо Киев»да тўп тепиш болалик орзум бўлгани учун, ҳатто «Спартак» таклифини муҳокама ҳам қилмаганман.

Киевга борганимдан кейин, 1 кун ичида шартномани келишиб олганмиз. 2 кун ўтгач, асосий жамоа машғулотига қўшилганман.

– Бош мураббийи Валерий Лобановский сизни қандай кутиб олди, у билан нима ҳақда гаплашдингиз?

– Клуб қароргоҳига бордим. Ҳамма шу ерда экан – раҳбарият, мураббийлар штаби, жамоа. Валерий Васильевич билан юзма-юз гаплашдик. Уни соф футболга оид масалалар қизиқтирди. Менга 2-3 савол берди. Макетда баъзи вазиятларни кўрсатиб, фикрим билан қизиқди. У ёки бу ҳолатда нима қилишимни сўради. Яъни, футболдаги қарашларим уники ва жамоаникига қанчалик мос келишини ўрганди. Жавобларим уни қониқтирди, фикрларимиз бир жойдан чиқди деб ўйлайман.

10-12 дақиқа гаплашиб олдик. Шундан кейин раҳбарият билан учрашдим, қолган масалаларни муҳокама қилдик.


«Динамо Киев» бош мураббийи Валерий Лобановский 

– Андрей Шевченко ўз интервьюларидан бирида Валерий Лобановский ҳақида гапира туриб, бўлимлар оралиғида унинг кийим алмаштириш хонасига деярли кирмаслигини, кирса ҳам фақат бир гапни: «Нега ўтирибсизлар, туринглар, майдонга чиқинглар ва ўйнанглар», деб айтишини таъкидлаган эди?

– Ҳа, тўғри. Ортиқча гапирмасди. «Дам олдингизларми? Туринглар ва майдонга чиқиб ўйнанглар!» дерди.

Ҳаммаси руҳиятга бориб тақалади. Чунки одамлар ҳар хил бўлади. Кимнидир савалаш керак, кимнидир бошини силаш керак. Кимгадир бақирсангиз, ўзини йўқотиб қўйиши мумкин. Кимнидир жонлантирмоқчи бўлсангиз, таёқ билан уриш керак.

Масалан, Пеп Гвардиола танаффусда мураббийлар хонасида ўтиради, кийим алмаштириш хонасига, футболчилар олдига умуман кирмайди. Чунки, бу – футболчилар ҳудуди. Улар дам олиб, кейин иккинчи бўлимга чиқишади.

Тўғри баъзан жуда қийин вазиятлар бўлиши мумкин. Шунда мураббий кириб, футболчиларни руҳини кўтаришга уриниши – табиий ҳол. Албатта буни истисно қилиб бўлмайди.

– «Динамо Киев»да ўйнаганингизда бошқа клублардан таклиф бўлдими? Агар бўлса, нега жамоани тарк қилмагансиз?

– «Ньюкасл» ва «Вест Ҳэм»дан, 2008 йилда «Галатасарой»дан таклифлар бўлган. Аммо раҳбарият мени қўйиб юборишга эрта деб ҳисоблаганми ёки умуман қўйиб юборишни истамаганми, хуллас бу таклифлар фақат гап-сўзлар даражасида қолиб кетган.

«Ньюкасл»да Бобби Робсон бош мураббий эди. Чемпионлар лигасида улар билан 2та ўйин ўтказганимиздан сўнг, мени олиб кетмоқчи бўлди. Буни аниқ биламан. Аммо клублар нега келишиб олмаганини тўғриси билмайман. Балки молиявий таклиф қониқтирмаган бўлиши мумкин.

Агар футболчи клубдаги фаолиятини давом эттиришини истамаса, уни қўйиб юбориш керак. Чунки кейинчалик ундан ҳеч қандай фойда келмайди. Аммо менда бундай истак бўлмаган. Инглиз клублари билан музокара ўтказмаганман. Раҳбарият музокара ўтказган.

Билмадим, балки раҳбарият мени ҳали ёш, жамоага фойда келтира олишга қодир деб ҳисобладими, хуллас, ўша пайтда бу гап-сўзларга жиддий эътибор бермаганман.

Ҳозирги вақтда баҳо берадиган бўлсак, ҳа, балки кетган бўлармидим… Аммо ўша пайтда нима юз беришини ҳеч ким билмасди. Ҳозир кўплаб ёшлар Европага кетяпти, лекин жуда озчилиги ўйин амалиётига эга бўляпти, муваффақият қозоняпти.

Инглиз чемпионати менга ёқади, у ерда ўз кучимни синаб кўришни истардим. Агар раҳбарият мени чақириб: «Сени таклиф қилишяпти, кетасанми?» деб сўраганида, балки кетишим мумкин эди. Аммо, қайтараман, бундай бўлмаган. Шу туфайли бу ҳақда ортиқча ўйлаб, бошимни оғритиб ўтирмаганман.


Максим Шацких «Динамо Киев» сафидаги ўйинлардан бирида

– Нима учун 16-рақамни танладингиз?

– Тасодифан (кулади). Шу рақам бўш тургани сабабли беришган.

Кейинчалик, 2 йилдан сўнг клуб раҳбарияти майдондаги футболчилар 1-11 рақамлар остида бўлишини сўрашган. Шунда 10-рақамни олдим ва бир давра ўйнадим. Аммо негадир ишим юришмади, жуда кам гол урдим. Кейин 16-рақамни қайтариб беришларини сўрадим.

Қандайдир иримларга ишонмайман, аммо 16-рақамни қайтарганимдан сўнг, умуман ўзгартирмадим.

Миллий жамоада эса ҳаммаси оддий. Клубда 16-рақамда ўйнаганим сабабли, миллий жамоада ҳам шу рақамни сўрадим.

– «Динамо Киев» сафидаги энг муҳим голингиз?

– Ҳар бир ўйиндаги голнинг ўз аҳамияти бор, қайсидир бирини ажратиб кўрсата олмайман. Мен учун Чемпионлар лигаси финалида урилган ҳал қилувчи гол – энг муҳим бўларди.

Учта орзум бўлган – «Динамо Киев»га ўтиш, миллий жамоа билан жаҳон чемпионатига чиқиш ва Чемпионлар лигасида ғалаба қозониш.

Бир орзум амалга ошди. Қолган иккитаси ҳали олдинда бўлиши мумкин. Албатта, футболчи сифатида эмас, балки мураббий сифатида.


Шацкихнинг «Динамо Киев» сафидаги сўнгги ўйинида мухлислар томонидан кўтарилган баннер. Унда Максимнинг клубдаги ўйинлари ва голлари сонига қиёс берилиб, «Макс 16 қирувчи самолёти. 328та учиш, 142та рақиб уриб туширилган» деб ёзилган.

– 2009 йил 26 май куни сиз «Динамо Киев» сафида сўнгги ўйинни ўтказдингиз. Чемпионатнинг якуний туридаги «Шахтёр»га қарши аҳамиятсиз баҳс эди. Аммо бош мураббий Юрий Сёмин негадир сизни майдонга туширмаган?

– Такрор айтаман, ҳар бир мураббийнинг ўз қарашлари бўлади. Албатта, жамоани тарк этишимни ва бу сўнгги ўйин эканини билардим. Мана ҳозир ўзим ҳам мураббийман. Шу нуқтайи назардан оладиган бўлсак, бундай қилмаган бўлардим. Бу аҳамиятсиз ўйин эди, биз чемпионликни ҳал қилиб қўйгандик.

Бир неча йиллар давомида шу клуб шарафини ҳимоя қилган ва озми-кўпми унинг ютуқларига ҳисса қўшган футболчи трибунада эмас, балки яшил майдонда мухлислар билан хайрлашса – бу тўғри ва чиройли бўлар эди.

Бу мен учун тушунарсиз ягона воқеа бўлди. Қайсидир маънода алам қилади. Балки атиги 2-3 дақиқа имкон берилганида, мухлислар билан майдонда хайрлашиб, уларга футболкамни совға қилиб, чиройли тарзда кетган бўлармидим… Бу воқеа мен учун тушунарсиз жумбоқ бўлиб қолди.

Интервьюнинг иккинчи ва учинчи қисмлари Максим Шацкихнинг Ўзбекистон миллий жамоасидаги фаолияти ва ўзбек футболининг ҳозирги муаммоларига бағишланди.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

vah8ngylehmsomdz8cly3bldwzpqw6xs

Махсус комиссия карантинни қайтаришга сабаб бўлган 6 муаммони маълум қилди

Чекловлар қайтадан кучайтирилишига бир қатор муаммолар сабаб бўлгани келтириб ўтилди. Республика махсус комиссиясининг билдиришича, булар қуйидагилар: …