Главные новости
Главная / Маданият / МАККАИ МУКАРРАМА ОЛДИН ВА ҲОЗИР
<

МАККАИ МУКАРРАМА ОЛДИН ВА ҲОЗИР

makkaМусулмон борки, умрида бир марта бўлса ҳам муқаддас Каъбани тавоф этишни ният қилади. Ҳар йили миллионлаб мусулмонлар дунёнинг турли чеккаларидан Маккаи мукарама зиёратига келади. Саудия Арабистони ҳукумати бу даргоҳга қадам ранжида этаётган ҳожиларни кўнглини олиш ва уларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун қулай шароитлар яратиш мақсадида бир қатор ишларни амалга оширяпти.

Ҳаж ва умра амалларини бажариш тартиби шариатимиз кўрсатганидек, ҳеч бир ўзгаришсиз. Маккаи мукаррама кўриниши эса йиллар ўткани сари ўзгармоқда. Мутахассислар айтишича, Масжидул Ҳаром тарихда беш мартадан ўн икки мартагача қайта таъмирланган. Кенгайтирилишларга йил сайин ҳожилар сонининг ортиши эҳтиёж туғдиряпти.

1925 йили қирол Абдулазиз ибн Абдурраҳмон Масжидул Ҳаром кўринишини ўзгартиришни бошлади. 1953 йилда Арабистон яримороли бўйича илк электр тармоғи узатилди. Унда электр ёритгичлар ва шамол ҳайдаш воситалари пайдо бўлди. Қироллар Сауд IV, Файсал ва Холид даврларидаги қурилишлар натижасида Масжидул Ҳаром майдони бир юз тўқсон уч минг квадрат метрга кенгайди. Қирол Фаҳд ташаббуси билан Масжидул Ҳаромга ўт ўчириш, ҳавони музлатиш ва канализация тизимлари ўрнатилди. Ўшанда майдон уч юз эллик минг квадрат метрдан иборат бўлиб, олти юз минг нафар одамни сиғдира олар эди.

Бир неча асрлардан бери Каъбадан йигирма бир метр масофадаги жойдан Замзам булоғи қайнаб чиқади. Булоқнинг чуқурлиги ўттиз метр. Исмоил (алайҳиссалом)дан мерос бўлиб қолган муқаддас ва шифобахш қудуқдан ҳар бир зиёратчи ният қилиб ичади ва унинг суви билан таҳорат олади. 2003 йилга қадар бу амални бажаришлари учун ҳожиларга зинапоя орқали йўл қилиб қўйилган эди. Кексаларнинг кўпи тушиб-чиқишга қийналишар ва сирпаниб шикастланишар эди. Шу сабабли ертўла ёпиб юборилди ва Масжидул Ҳаромнинг ички ва ташқи томонига гир айлана Замзам жўмраклари ўрнатилди. Ҳозир Замзам ҳожилар меҳмонхоналарига ҳам етказиб бериляпти.

2007 йилдан бошлаб қирол Абдуллоҳ ибн Абдулазиз Оли Сауд лойиҳаси асосида масжид, унинг атрофи кенг кўламда таъмирланди. Биринчи босқичда унинг сиғими бир миллион олти юз минг нафарга етди. Каъбанинг атрофига қўшимча қаватлар қурилиб, тавоф қилиш доираси йигирмадан эллик метргача кенгайди. Бир соатда олдингидек эллик икки минг эмас, балки бир юз ўттиз минг нафар зиёратчи тавоф қиладиган бўлди.

Ҳозир Маккаи мукарраманинг Шомия, Жабал Хандом, Жабал Умар ва Хижра ҳудудларидаги Масжидул Ҳаром билан туташ эски иморатлар ўрнида янги, осмонўпар меҳмонхоналар, тураржойлар, савдо марказлари, шифохоналар, йўллар ва автоулов тўхташ жойлари қад кўтармоқда. Айни пайтда Масжидул Ҳаромнинг жануби-шарқидаги Жабал Умар ҳудудида икки юз ўттиз минг квадрат метр дўнгликни текислашга киришилган. У жойда юз минг аҳолига мўлжалланган янги мавзе бунёд этилади. Иккинчи босқичда Масжидул Ҳаромнинг ҳовлиси яна кенгайтирилиб, қўшимча икки юз йигирма минг нафар намозхонга жой очилади.

Масжидул Ҳаромнинг шимолидаги Шомия мавзесида минглаб турар-жой ва бошқа бинолар бузиб ташланди. Бу эса ҳаж мавсумида транспорт воситалари оқимини анча камайтиради. Учинчи босқич Масжидул Ҳаром майдонининг уч юз минг квадрат метрга катталашиши ва қўшимча беш юз минг нафар зиёратчи учун жой ажратиш имконини берди. Лойиҳа бўйича Маккаи мукаррамани умумий таъмирлашга йигирма етти миллиард доллар ажратилган. Бунга шаҳарнинг халқа йўллари, давлат ва жамоатчилик бинолари ҳамда йўловчилар учун кўприклар қуриш харажатлари ҳам киради.

Масжидул Ҳаромнинг янги шимолий тарафига қирол Абдуллоҳ номли янги дарвоза ўрнатилди. Шунингдек, унинг теппасига мавжуд тўққизта минорага қўшимча яна иккита тўқсон беш метрлик минора қад кўтарди. Қайта қуришнинг тўртинчи босқичи якунига етганда Масжидул Ҳаромда, ҳовлиларини ҳам ҳисобга олсак, бир вақтнинг ўзида икки ярим миллион мусулмон ибодат қила олади.

Маккаи мукаррамадаги тирбандликни бартараф қилиш мақсадида 2009 йили метро барпо қилиш режалаштирилди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Хитойнинг “Чанчун” ширкати билан шартнома имзоланди. Бундан ташқари лойиҳага Германия, Франция ва Канаданинг “Сименс”, “Аткинс”, “Систра” ва “Брекнелл” каби ширкатлари ҳам жалб қилинди. Асосан ҳожиларни ташишга мўлжалланган ер усти метросини қуриш учун олти миллиард етти юз минг Саудия риали ажратилди. 2010 йилда ўн саккиз километр узунликдаги тўққизта бекатли тармоқ ишга туширилди. 2012 йилда эса у яна олтита бекатга чўзилди. Мино, Муздалифа, Арафот ва Жамарот водийларини боғлаб турувчи поездлар бир соатда етмиш икки минг нафар ҳожини ташишга қодир. Бу экологияга салбий таъсир кўрсатувчи автобусларнинг кундалик эллик уч мингта қатнови ўрнини босади. Ер сатҳидан ўн метр тепаликка ўрнатилган темир йўлнинг ҳар бир тармоғи алоҳида рангга бўялган. Тезюрар поездлар соатига юз километр масофани босиб ўтади. Ҳозир Масжидул Ҳаром Жидда халқаро аэропорти тармоғи қуриляпти.

Маккаи мукарраманинг энг ҳашаматли янги мажмуаси бу “Абражул Байт” мажмуасидир. Бу ердаги осмонўпар иморатларни барпо қилиш учун ҳукумат “Saudi Binladin Group” ширкатига ўн икки миллиард доллар ажратди. Бино тепасида бир неча километрдан кўзга ташланадиган Лондондаги “Биг Бен”дан ҳам катта соат бор.

Сўнгги 20 йил мобайнида Маккаи мукаррамадаги эски уйларнинг тўқсон беш фоизи бузиб ташланди. Ҳозир Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилган хонадонлари ўрнида кутубхона, Хадича (розияллоҳу анҳо) уйлари ўрнида маиший хизмат мажмуаси қурилди. Баъзи мутахассислар бундай тарихий жойларнинг бузилиши жаҳоннинг қадимий обидаларини яксон қилиш билан баробар, деб ҳисоблашяпти.

Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади.

Манба: Muslim.uz

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

ljm_tdup5jvogrv3zesmukftmff4v426

Маданият ва санъат муассасаларида васийлик кенгашлари ташкил этилади

Улар тўғрисидаги намунавий низом Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 августдаги 687-сон қарори билан тасдиқланган, деб ёзмоқда Norma. …