Главные новости
Главная / Сиёсат / Коронавирус: Ўзбекистонда Инқирозга қарши жамғарма тузилиб, унга 10 трлн сўм ажратилади
<

Коронавирус: Ўзбекистонда Инқирозга қарши жамғарма тузилиб, унга 10 трлн сўм ажратилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 март куни коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

«Бугунги шароитда саноат корхоналари, тадбиркорлар ва экспортёрлар биздан аниқ ва самарали чоралар кутмоқда. Шу боис иқтисодиётда ҳисоб-китоб қилинаётган йўқотишлар ўрнини қоплаш учун захира яратиш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳукуматнинг асосий вазифаси бўлиши зарур», – деди Шавкат Мирзиёев.

Бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида президентимиз коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида фармон қабул қилди. Ҳужжатга асосан, Инқирозга қарши жамғарма тузилиб, унда 10 триллион сўм шакллантирилади.

Йиғилишда фармонда белгиланган долзарб вазифаларни амалга ошириш, пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш масалалари муҳокама қилинди.

Коронавирус тарқалашининг олдини олиш, шифохоналарни дори, ҳимоя ва диагностика воситалари билан таъминлаш, карантин харажатларини ўз вақтида молиялаштириш зарурлиги таъкидланди.

Юртимизда коронавирусга қарши курашиш ишларига қарийб 5,5 минг нафар тиббиёт ходими жалб этилган. Уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб, ойлик маошига қўшимча 120 фоиз устама тўлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Касалланганларни ўз вақтида аниқлаш ва профилактикага эътиборни кучайтириш, бунинг учун барча ҳудудий юқумли касалликлар шифохоналарини экспресс-тестлар билан таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Ҳозирги кунда 16 мингдан ортиқ фуқаролар карантинга олинган. Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга карантин назоратини таъминлаш юклатилди.

Йиғилишда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Карантинга ёпилган муассасалар ходимлари, карантиндаги фуқаролар ва уларга қаровчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий нафақа олувчилар сонини камида 10 фоизга ёки 60 мингтага ошириш бўйича вазифалар қўйилди.

Карантиндаги фарзандларига қараётган ота-оналарни ишдан бўшатишга мутлақо йўл қўйилмайди. Уларга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси юз фоиз тўлаб берилади.

Мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари фаолияти тўхтаб турган даврда тарбияланувчилар ва бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга йиллик меҳнат таътилидан фойдаланишнинг йиллик режасидан қатъи назар йиллик меҳнат таътили тақдим этилади.

Иқтисодий фаоллик пасайган пайтда аҳоли бандлиги масаласи алоҳида эътибор талаб этади. Шу боис Инқирозга қарши жамғармадан Жамоат ишлари жамғармасига қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади. Ушбу маблағлар одамларни иш билан таъминлаш, бунинг учун маҳаллаларда қўшимча инфратузилма объектлари қуришга йўналтирилади. Шунингдек, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига 500 миллиард сўм қўшимча маблағ берилиб, иш ўринлари яратадиган бизнес субъектларга кўмаклашилади.

Ушбу чора-тадбирларни сифатли бажариш мақсадида Бош вазир раҳбарлигида Инқирозга қарши республика комиссияси тузилиши белгиланди. Ушбу комиссия 22 мартдан бошлаб икки ой давомида ҳар бир туман ва шаҳарда коронавирусга қарши курашиш, саноат, хизмат кўрсатиш, савдо, транспорт, логистика ва бошқа корхоналарни барқарор ишлатиш масалаларини ҳал қилиб боради.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитасига бозорлардаги нарх-навонинг ўзгаришини кузатиб бориб, мавжуд захирадан қўшимча маҳсулотларини савдога чиқариш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

1 апрелдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

Тошкентда иккиламчи бозордан уй олиш ҳуқуқи, тан олинадиган фуқаролик, адлия тизимига қайтаётган «ЗАГС», кенгайтирилаётган электрон …