Главные новости
Главная / Жаҳон / Коронавирус дунёни касод қилмоқда: жаҳон иқтисодиётини жонлантириш учун қанча сарфлаш керак бўлади?
<

Коронавирус дунёни касод қилмоқда: жаҳон иқтисодиётини жонлантириш учун қанча сарфлаш керак бўлади?

Сайёрамизда ҳаёт тўхтаб қолди. Уни аввалгидек ҳолга келтириш мумкиндир, лекин бу барча урушдан кейинги инқирозлардан ҳам қимматроққа тушади. Вирус якуний ҳисобни йиллар демасак, бир неча ойлардан сўнг тақдим этади, бироқ ҳозирданоқ Ғарб иқтисодиётни даволаш ва тиклаш учун олдиндан тўлов қилмоқда ва ҳисоб триллион долларга қараб кетмоқда, деб ёзади BBC.


Савдо марказлари олдидаги бўшаб қолган автотураргоҳлар — бостириб келаётган инқирознинг биринчи белгиси. Фото: GETTY IMAGES

Ғарбдаги пандемия ҳали ўзининг чўққисига етгани йўқ, лекин инсонлар қанчалик қашшоқлашиши унинг давомийлигига боғлиқ. Кўплаб мамлакатларда карантин бир ҳафтанинг нари-берисида давом этмоқда, ҳукуматлар эса у ёки бу кўринишда у ярим йил давом этишидан огоҳлантиришмоқда.

Офатнинг тахминий миқёсини бу бошланғич ва дебоча босқичда бадавлат давлатлар ҳукумати иқтисодиётни жонлантириш учун қанча пул сарфлашга тайёрлигига бир қараб баҳолаш мумкин.

Суммалар эса улкан, мисли кўрилмаган ва чўчитадиган. АҚШ, масалан, қиймати 2,2 триллон долларлик инқирозга қарши пакетни маъқуллади; Европа ҳозирча ярим триллион ажратди, лекин кўпроқ пул йиғмоқчи. Умуман, «катта йигирматалик» давлатлари аллақачон солиқ тўловчиларнинг 5 триллион доллар пулини жорий инқирозга қарши сарфлашни ваъда қилишди — бу эса жаҳон иқтисодиёти йиллик ҳажмининг 6 фоизи дегани.

Олдинги инқирозлардан фарқли ўлароқ, гап марказий банклар томонидан янги пулларни чоп этиш эмас, жамиятнинг шундоқ ҳам қисқариб бораётган мавжуд реал даромадларини энг кўп жабр чекканлар фойдасига қайта тақсимлаш тўғрисида бормоқда.

Бошқача қилиб айтганда, ҳамма қашшоқлашиши керак. Омон қолганлар қийнала-қийнала омон қолмаганлар учун тўлов қилади. Ҳеч ким ғолиб бўлмайди.


Фото: Getty Images

«Энди жаҳон рецессияга ғарқ бўлаётгани ойдинлашди, — дея тушунтирди жаҳон иқтисодиёти таназзулини Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Кристалина Георгиева. — У 2009 йилдагидан кам бўлмайди, ҳаттоки ёмонроқ бўлиши мумкин».

ХВЖ раҳбари 2021 йилда кескин ўсишни эътибордан қочирмади, лекин бунга фақат пандемияни жиловлаб, унинг оқибатларини бартараф қилибгина эришиш мумкин. Бунинг учун «нафақат иқтисодиётнинг тикланишига, шунингдек, жамоат тотувлигига ҳам рахна солаётган банкротлик ва ишдан бўшатишлар тўлқинини тўхтатиш» керак.

Нималар учун тўлов қилинади?

Коронавирус айрим мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш тизимидаги нуқсонларни, бошқаларидаги ҳалокатли вазиятни очиб берди. Дастлабки кечиктириб бўлмас кўмаклар шу ерга йўналтирилди: вақтинчалик шифохоналар, маска ва тиббий ускуналарнинг зудлик билан харид қилиниши, тиббиёт персоналининг ёлланиши. Кунлар ўтиб, чанглар босилгач, аксарият давлатлар пандемия очиб берган соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларни бартараф этишга жиддий киришишга мажбур бўлади.

Бироқ, иқтисодий фаоллик тикланмаса, инсонлар ва бизнес ишини сақлаб қолиб, солиқлар тўлашда давом этмаса бунинг учун маблағ бўлмайди. Шунинг учун бошламасига уларни қўллаб туриш керак бўлади: субсидиялар, солиқ таътиллари, қоидаларнинг юмшатилиши ва тўғридан-тўғри пул тарқатиш билан.

Касалланганларни қутқариш ва вакцина яратишдан ташқари Ғарб яна нималарга биринчи навбатда пул сарфламоқчи? Ҳар бир давлатнинг ўз рецепти бор, бироқ эълон қилинган инқирозга қарши чораларнинг эҳтимолий рўйхати қуйидагича:

  • Деярли барча давлатлар сартарошлар, таксичилар, дизайнерлар ва рестораторларга ёрдамдан бошлашди. Улар кичик бизнес, хусусий тадбиркорлар ва ўз-ўзини банд қилган фуқароларга беминнат грантлар, имтиёзли кредитлар ваъда қилишмоқда.
  • Тўғридан-тўғри пул тарқатиш: ҳар бир америкалик 1200 доллар олади, японлар ва юнонларга ҳам совғалар ваъда қилинмоқда.
  • Офатга йўлиққанларга имтиёзли кредитлар ва ўта зиён етган соҳаларда компанияларнинг сотиб олиниши. Бу рўйхатнинг бошида авиация ва туризм турибди, лекин у кунига тўлдириб борилмоқда.
  • Солиқ таътиллари: компаниялар ва хусусий тадбиркорлардан олинадиган тўловлар ва ижтимоий йиғимларни ортга суриш.
  • Ишсизлик бўйича нафақани ошириш ва уни олиш учун талабларни енгиллаштириш. Ирландия, масалан, Covid-19 туфайли ишидан айрилганларга ҳафтасига 350 евро нафақа ваъда қилмоқда.
  • Кредит таътиллари: компаниялар ва жисмоний шахсларнинг қарзлари бўйича тўловларни кечиктириш.
  • Карантин туфайли мажбурий равишда туриб қолган фирмаларнинг ходимларига маош тўлаш учун бюджетдан дотация. Чехия, Нидерландия ва Буюк Британияда ҳукумат хусусий бизнеснинг маош ведомости харажатларининг 80-90 фоизини бир неча ой ўз гарданига олишни ваъда қилди.
  • Персонални қисқартириш учун компенсация харажатлари: одамларни ишдан бўшатиш жараёнида бир тийинсиз жавоб бериб юбормаслик, бир неча ойга етадиган чиқиш нафақаси бериш.
  • Мактаб ва боғчалар ёпиқлигида ота-оналар ишга чиқишга шошмаслиги учун болаларга қараб туришга маош тўланадиган таътил. Францияда бюджет ҳисобидан икки ҳафтагача.
  • Айрим давлатлар (масалан, Швейцария) конференция ва бошқа шу каби тадбирларнинг ўтказилмай қолгани учун йўқотишларни ҳам қоплаб бермоқда.

Бу чоралар триллионлаб долларга тушади, пуллар қарзга олинади, тўловини келажак авлод қилади. Бироқ, бундай «сунъий нафас»сиз бизнес ва аҳоли Covid-19’ни енга олмайди.


Фото: Getty Images

«Жорий инқироз — бизнинг хотирамиздаги энг жиддийси ва энг йириги, — деди BBC’га бой давлатлар клуби ҳисобланмиш иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (OECD) бош иқтисодчиси Лоранс Бун. — бу сафар муаммо ликвидликнинг етишмаслигида эмас. Энди бош муаммо — вирус».

«Бу эса жуда жиддий инқироз ёқасида турганимизни англатади», — деди Бун хоним, қўшимчасига эпидемияни бир-икки ой ичида жиловлашга эришилмаса, у келгуси қишда яна қайтиши ва бу қандай оқибатларга олиб келишини жаҳонда бирор иқтисодчи тахмин қилишга жазм қила олмаслигини таъкидлади.

Ким қанча тўлов қилишни ваъда қилмоқда?

Вирусга қарши курашиш ишида ҳозирча ҳеч ким АҚШ билан баслаша олмайди. Жаҳоннинг энг бой давлати коронавирус юқтирганлар сони бўйича тезда етакчига айланди ва президент Трамнинг омма олдидаги чиқишларидаги шубҳаларига қарамасдан, эпидемияни тарихий миқёсдаги нохушлик сифатида қарши олди.

Конгресс иқтисодиётни жонлантириш учун 2,2 триллион доллар ажратди. Ярим триллион долларни йирик ва ўрта бизнес олади, 350 миллиард имтиёзли кредитлар сифатида кичик тадбиркорларга тарқатилади. Америкаликларга нақд пул сифатида 300 миллиард тарқатилади, яна шунча пул вирус туфайли ишидан ажралганларга нафақа қилиб берилади.

Россия иқтисодиётининг бир йиллик ҳажми, Бразилия, Италия ёки Канаданинг ЯИМига тенг инқирозга қарши пакетнинг улкан ҳажмига қарамасдан, конгрессменлар ва Оқ уй бу ҳисоб охиргиси эмаслиги, алал-оқибат кўпроқ пул сарфлашга тўғри келишини инобатдан соқит этишмаяпти.


Фото: Getty Images

Конгресс томонидан маъқулланган ва Трамп томонидан имзоланган қонун Америкага унинг йиллик ЯИМининг 10 фоизига тушади. Бошқа давлатлар ҳозирча одмироқ одим ташлашмоқда, лекин айримлари шунга монанд суммалар ажратишган.

Жаҳондаги иккинчи йирик иқтисодиёт — Европа иттифоқи — ҳозирча биргаликдаги рағбатлантиришлар борасида келиша олмаяпти. Бироқ миллий даражада пул дарё бўлиб оқмоқда.

Германия 150 млрд евро ёки ЯИМининг 4,5 фоизини ажратди, зарурият туғилганда инқирозга қарши пакетни 800 млрд еврогача кўтаришни ваъда берди. Бу эса немис иқтисодиётининг чорак қисмини ташкил этади.

ЕИнинг коронавирусдан кўпроқ жабр кўрган давлатларидан бири Франция ҳаммадан ҳам сахийроқ чиқди. Улар 350 млрд евро (ЯИМнинг 15 фоизи) ажратишга тайёр. Италия 25 млрд евро, Испания 10 млрд евродан кўп бўлмаган пул ажратган. Бу пуллар ушбу давлатларнинг йиллик савдо ҳажмнинг икки фоизи ҳам эмас ва пуллар етишига ҳам ҳеч ким ишонмайди.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

bprvstscv7bafowvtfximubg5utrkkgy

«Korean and migration xususiy bandlik agentligi» бўйича суд иши бошланди 

Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилиб, одамларни алдаган «Korean and migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мансабдорлари …