Главные новости
Главная / Жаҳон / Коронавирус ўчоғидан эвакуация, Трампнинг тантанаси, Қозоғистондаги қонли воқеалар ҳамда ҳафтанинг бошқа хабарлари
<

Коронавирус ўчоғидан эвакуация, Трампнинг тантанаси, Қозоғистондаги қонли воқеалар ҳамда ҳафтанинг бошқа хабарлари

Якунланаётган ҳафта ҳам барча ҳафталарда бўлганидек муҳим жараёнларга бой бўлди, жаҳоннинг турли нуқталарида ҳам, Ўзбекистонда ҳам эътиборга молик воқеалар бўлиб ўтди. Kun.uz ўтган ҳафтанинг энг асосий ва диққат марказида турган мавзулари бўйича ҳафталик дайжестни тақдим этади.

Помпеонинг Ўзбекистонга амалга ошган ташрифи ва Мирзиёевнинг Россияга амалга ошмаган ташрифи

АҚШ Давлат департаменти раҳбари Майкл Помпео Шарқий Европа ва Марказий Осиёга ташрифи доирасида 2 февраль куни кечқурун Тошкентга келди. У шу куни кечқурун Тошкент шаҳри бош имом хатиби Нуриддин Холиқназаров ва бошқа диний фаоллар билан учрашди. Асосий тадбирлар 3 февраль куни бўлиб ўтди. Дастлаб Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов билан музокара ўтказган АҚШ Давлат котиби маҳаллий ва хорижий журналистлар учун матбуот анжуманида иштирок этди, куннинг иккинчи қисмида эса Тошкентда Марказий Осиё ва Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг «C5+1» шаклидаги учрашуви бўлиб ўтди.

Майкл Помпео Хитой компаниялари билан рақобат ва Ўзбекистонга киритилувчи инвестициялар ҳақида сўзлаб берди.

Матбуот анжумани чоғида Associated Press журналисти Помпеога давлат котиби Марказий Осиёга ташрифи давомида Хитой ва унинг инвестицияларининг ушбу мамлакатларга таъсирини ташвишланиб тилга олгани, айниқса Huawei томонидан 5G технологияси жорий этилишини алоҳида қайд этгани ҳақида эслатди.

Помпео бунга жавобан АҚШ Ўзбекистонни шаффоф қонун устуворлиги ва инвестициялар учун қулай муҳит яратишда қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

«Биз АҚШ компаниялари Ўзбекистонда янги имкониятлар ва янги иш ўринлари яратишни давом эттириш имконига эга бўлишини истаймиз. Шунинг учун бизнинг вазифамиз аниқ, бу ерда буюк икки томонлама шерик бўлиш, нафақат икки томонлама, балки кўп томонлама асосда ишлаш.

Биз аминмизки, Америка компаниялари Ўзбекистонга келганида биз бу ерда маҳаллий аҳоли учун иш ўринларини яратамиз, маҳаллий қоидаларга риоя қиламиз, атроф-муҳитни ифлослантирмаймиз. Биз яхши фуқаролармиз, биз яхши қўшнилармиз. Америка компаниялари ва Америка инвестициялари ушбу мамлакатнинг мустақиллиги ва суверенитети талабига жавоб.

У қўшма штатлар дунёнинг исталган нуқтасида адолатли рақобатни ижобий қарши олишини маълум қилган: «Бошқа давлатлар шаффофлик ва очиқлик қоидаларига риоя қилган ҳолда, давлат томонидан ҳомийлик қилинган сиёсий сабабларга кўра эмас, балки ҳақиқий бозор битимларини амалга оширадиган рақобат. Бунда давлат томонидан сиёсий мақсадларни кўзлаб ҳомийлик қилинадиган рақобат эмас, балки бошқа давлатлар ҳам шаффофлик ва ошкоралик қоидаларига риоя қилган ҳолда ҳақиқий бозор битимларини амалга оширадиган вазиятдаги рақобатни қўллаб-қувватлаймиз».

Помпеонинг сўзларига кўра, у Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги икки томонлама муносабатлар мамлакатлар ўртасидаги яқин ҳамкорликнинг яхши натижалари туфайли ўсишда давом этишига ишонч билан минтақани тарк этади. У АҚШни Ўзбекистоннинг ҳақиқий дўсти деб атади.

ОАВда Хитойнинг Тошкентдаги элчихонаси Помпеога жиддий эътироз билдиргани ҳақида хабарлар тарқалди.

«Элчихона вакилларининг тилидан анчагина қўпол ва хунук баёнот берилган. Бу баёнот Пекиндан янграса ҳам майли эди. Шундоққина Тошкентда янграяпти. Помпеонинг мазкур Евроосиё сафарининг асосий мазмуни «иғвогарлик ва туҳмат»дан иборатдир, дейишган хитойлик дипломатлар.

Назаримизда, хитойлик дипломатларнинг бунчалик жунбишга тўла сўзлари АҚШдан кўра Марказий Осиё мамлакатларига қаратилган кўпроқ. Шунинг учун ҳам Хитой билан иқтисодий, сиёсий ва бошқа муносабатларда эҳтиёткорлик асосий мезон бўлиши керак», дея ёзади телеграмдаги davletovuz канали.

Ташриф доирасида Помпео Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди.

Бу ташриф ортидан, 4 февраль куни интернетда Шавкат Мирзиёевнинг 5 февраль куни Россияга амалга оширилган ташрифи бекор бўлгани ҳақида хабар тарқалди. Бунгача ушбу ташриф қолдирилгани тўғрисида расман хабар берилмаганди.

РФ президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Москвага ташрифи умуман режада бўлмагани ҳақида гапирди.

Лекин январь ойида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга ушбу ташриф кейинроққа қолдирилиши маълум қилингани маълум бўлди.

Хитойдан келган учта рейс

4-5 февраль кунлари Хитойдан Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш жараёни бўлиб ўтди.

Дастлаб, 4 февраль куни Пекин шаҳри аэропортидан Тошкент шаҳрига чартер рейс билан Ўзбекистоннинг 250 нафар фуқароси олиб келиниб, карантинга жойлаштирилди.

5 февраль куни Хитойнинг Ухан шаҳридан Ўзбекистоннинг яна бир махсус бортида 84 киши олиб келинди (шундан 5 нафари Қозоғистон фуқароси).

6 февралга ўтар кечаси, маҳаллий вақт билан 04:40 Пекиндан учган учинчи рейс Тошкентга етиб келди. Самолёт бортида 251 йўловчи олиб келинди ва улар ҳам икки ҳафта назорат остида сақлаш учун карантин ҳудудига жойлаштирилди.

Бундан ташқари, Янги Зеландия Ухандан қарийб 200 кишини эвакуация қилди. Улар орасида 1 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор.

Ҳар куни Ўзбекистонга киришда барча чегара пунктлари қатъий назорат қилинмоқда, кириб келувчилар махсус текширувдан ўтказилмоқда. Тошкент шаҳрида автобусларни юқумли касалликларга қарши дезинфекция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда 8 февраль ҳолатига кўра коронавирус аниқланмаганини маълум қилган.

Трампнинг тантанаси

4 февраль куни кечқурун АҚШ президенти Дональд Трамп конгрессга мамлакатнинг ҳолати бўйича ҳар йиллик мурожаатнома билан юзланди.  У ўз чиқишида Эронга қарши санкциялар, ОИТСга қарши кураш, Марсга ўрнатиладиган байроқ ҳақида гапирди.

Бу йилги мурожаати кичик можаро билан ёдда қоладиган бўлди –  Вакиллар Палатаси спикери Нэнси Пелоси унинг нутқи ёзилган қоғозларни парча-парча қилди.

Reuters

@Reuters

Watch President Donald Trump snub top Democrat Nancy Pelosi’s outstretched hand, while Pelosi rips apart a copy of his remarks at the #SOTU. More from #SOTU2020: https://reut.rs/2RYGia7 

Embedded video

727

Twitter Ads info and privacy
516 people are talking about this

5 февраль куни Америка Қўшма Штатлари тарихида президентни ҳукуматдан четлатишга бўлган учинчи уриниш ҳам муваффақиятсиз якунланди: Сенатни қўлга олган республикачилар Дональд Трампнинг мухолифлари томонидан унга қарши сурилган айбловларни асоссиз деб топди.

Импичмент иши якунлангач, Оқ уйда чиқиш қилган Трамп содир бўлган воқеаларни «ўзига хос байрам» деб атади, у импичмент жараёнини «ёвуз» ва «коррупцияга ботган» деб ҳисоблайди.

«Агарда Жеймс Комини ишдан ҳайдаб юбормаганимда, ҳозир бу ерда турмаган бўларди. Айблов арзимаган нарса. Бу дўзах бўлди», деди Трамп.

АҚШ Федерал қидирув бюросининг собиқ раҳбари. Дональд Трамп 2017 йилнинг майида Комини истеъфога чиқарган эди. Трамп ФҚБнинг собиқ директорини сирларни очиб қўйишда айблаган.

8 февраль куни Трамп импичмент жараёни доирасида маъмуриятнинг ўзига қарши гувоҳ сифатида иштирок этган бир неча вакилини ишдан бўшатди.

Коронавируснинг янги қурбонлари

8 февраль куни кечқурунги ҳолатга кўра, Хитойда коронавирусдан вафот этганлар сони 89 нафарга кўпайиб, 811 нафарга етди. Бу эса 2002-2003 йилларда авж олган атипик зотилжам (SARS) эпидемияси қурбонлари сонидан (2003 йил 31 декабрга кўра, SARS’дан ўлим ҳолатлари деярли 30 давлатда қайд қилиниб, қурбонлар сони 774 нафарни ташкил қилган) кўпроқдир. Касалланганлар сони 37198 нафарга етган, 2649 киши соғайиб кетган. 

Якунланган ҳафтадаги энг шов-шувли ўлим – Ухандаги госпиталда бу вирус ҳақида илк бор хабар берган шифокор Ли Вэньляннинг ўлимибўлди.

34 ёшли шифокор 7 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 02:58да оламдан ўтган. Ли Вэньлян 2019 йилнинг декабрида вирус юқтириб олган беморлар ҳақида ҳамкасбларини огоҳлантиришга уринган. Дастлаб у атипик пневмония эпидемиясини чақирадиган вирус ҳақида WeChat орқали оммага маълум қилганди.

Лининг ўлими ижтимоий тармоқларда муҳокама қилина бошлангач, амалдорлар унинг танасини ҳаётни таъминлаш тизимига улаб қўйишни ва хабардаги «ўлди» жумласини «оғир аҳволда ётибди»га ўзгартириш бўйича топшириқ берган.

2019 йил декабрида Ли Венлян биринчи бўлиб денгиз маҳсулотлари сотиладиган бозори ишчиларида номаълум вирусга чалиниш аломатлари борлигини аниқлаганди. У ушбу касалликнинг 2003 йилда тарқалиб, атипик пневмония ҳасталигини келтириб чиқарган САРС вируси бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. Шифокор Weibo ижтимоий тармоғи орқали ушбу вазиятни ҳамкасблари билан муҳокама қилган.

Ушбу воқеадан кейин Венлян ва унинг ҳамкасблари полицияга чақирилган, улардан бу каби ахборотларни тарқатишни тўхтатиб жамоат тартибини бузганлик бўйича айбни ёзма равишда тан олиш талаб қилинган.

Шифокор ишига қайтгач, 10 январда унинг беморларидан бирида 2019-nCoV коронавируси аниқланган. Икки кун ўтгач Венляннинг ўзи ҳам шифохонага ётқизилган.

Япония қирғоқлари яқинида 3500 киши круиз лайнерда карантин туфайли қамалиб қолган

«Даймонд Принцесс» лайнери Япония, Хитой, Ҳонгконг ва Вьетнам бўйлаб 14 кунлик круиздан кейин Йокогамага қайтди. Аммо 20 январь куни бошланган сафар давомида 5 кун кемада бўлган 80 ёшли ҳонгконглик қирғоққа тушганидан кейин унда коронавирус инфекцияси аниқланди.

5 февраль куни лайнер Йокогама портида карантин ҳолатига ўтказилди. Ўша вақтда кемада 2666 нафар йўловчи ва экипажнинг 1045 аъзоси бор эди. Уларни коронавирусга текшириш бошланди. Бугунги кунда 61 кишида вирус аниқланган. Беморлар қирғоққа туширилиб, шифохонага олиб кетилди, қолган йўловчилар ва экипаж аъзолари кемада қолмоқда.

Инфекция тарқалишининг олдини олиш учун «Даймонд Принцесс»даги йўловчилар каюталарини тарк этмаслиги буюрилган. Ресторан, бар, казино, бассейн ва бошқа жойлар ёпиб қўйилган.

«Даймонд Принцесс» — Осиё сувларида карантин ҳолатга ўтказилган ягона круиз лайнери эмас.

5 февраль куни Ҳонгконгда «Уорлд Дрим» лайнери йўловчилари ва экипаж аъзолари ҳам карантин ҳолатига ўтказилганди. Кема Ҳонгконгдан навбатдаги сафарга чиққан ва уч кун ўтиб ортга қайтганди: Тайвань ҳукумати уни Гаосюн портига қайтаришга рози бўлмади, унинг ичидаги уч нафар хитойликда коронавирус аниқланди.

Қозоғистонда этник озчилик яшайдиган қишлоқда «погром»

Жамбилдаги қишлоқлардан биридаги аҳвол
Фото: EPA/Vostock-photo

7 февраль куни кечқурун Қозоғистон жанубида оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтди. Ички ишлар вазирлигининг расмий маълумотига кўра, мамлакат жанубидаги Жамбил областининг Масанчи қишлоғида 70дан ортиқ киши иштирокида оммавий муштлашув бўлиб ўтган, бу ҳодиса тасвирлари ижтимоий тармоқларда тарқалгач, ҳудудга қўшни қишлоқлардан юзлаб кишилар етиб келган. Тўқнашув вақтида тошлардан, арматура ва ўқотар қуроллардан фойдаланилган — натижада воқеа жойида 8 киши, шифохонада яна икки киши ҳалок бўлган, 100дан ортиқ киши жароҳатланган. Этник озчиликни ташкил этувчи дўнгонлар қўшни Қирғизистонга қочишга мажбур бўлган. Бундан ташқари, 30та уй, ўнлаб дўконлар ва автомобилларга ўт қўйилган. Можаро бошқа қишлоқларда ҳам давом этган. Кўп вақт ўтмай ҳудудга полициянинг махсус бўлинмалари ва Миллий гвардия кучлари етиб келган, 47 киши қўлга олинган. Ушбу ҳодисадан кейин Масанчидан 10 км масофадаги Қирғизистон билан чегарада назорат кучайтирилган.

Ҳукуматнинг маълум қилишича, ҳодисага маиший жанжал сабаб бўлган. Расмийлар ушбу ҳодисанинг тафсилотларини ошкор қилмади, фақат «тергов олиб борилиши» маълум қилинди. Тўқнашув полициячиларга ҳужум ортидан келиб чиққани айтилган — 7 февраль куни улар «ностандарт рақам» тақилган автомобилни тўхтатишга уринганида, ҳайдовчи қочишга уринган, унинг қариндошлари эса полициячиларга тошлар улоқтиришган.

8 февралга ўтар кечаси Қозоғистонда тартибсизликлар фонида WhatsApp мессенжери ишламай қолди — ҳукумат ушбу узилишга алоқадорлигини изоҳламади, аммо Жамбилдаги вазият изига тушгач, WhatsApp фаолияти ҳам тиклади. Мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев тартибсизликлардан сўнг ҳудудда вазият барқарорлашганини маълум қилди. У можаронинг авж олишига сабабчи бўлган иғвогарлар жавобгарликка тортилиши, «фожиага йўл қўйган давлат идоралари ходимлари жазоланиши»ни таъкидлаб ўтган. Бироқ у айнан қайси тузилмалар ходимлари жазоланишига аниқлик киритмаган.

Масанчи қишлоғида миллий озчилик — дўнгонлар истиқомат қилади. Дўнгонлар — XIX аср ўрталарида Хитойда 1862–1877 йиллардаги Дўнгон-уйғур исёни бостирилгач, Син сулоласи таъқиби остида Россия империяси ҳудудига кўчиб келиб жойлашган ва фуқаролик олган хитойликларнинг авлоди ҳисобланади. Бугунги кунда Қозоғистон ҳудудида 40 минг дўнгон бор, уларнинг 17 минг нафари Масанчида яшайди (қишлоқ аҳолисининг 94 фоизи). Ижтимоий тармоқларда ушбу жанжал этник низо оқибатида рўй бергани айтилди, аммо ҳеч бир ишончли манба бу версияни тасдиқламади.

Дўнгонлар ҳукуматни жуда секинлик билан реакция қилганликда айблаган. Қозоғистондаги дўнгонлар ассоциацияси раиси Хусей Дауров Олмаотадан махсус кучлар «роппа-роса бир кун кечикиб етиб келгани» (8 февраль тонгида), ҳолбуки «погром» ҳақидаги тасвирлар интернетда бир кун аввал пайдо бўлгани ҳақида гапирди. У агар ҳукумат кучларни эртароқ жўнатганида қурбонлар берилмасди, деб ишонч билдирган.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

wvxrzyzy9npr9zn1wlwfh_vxhkywsk4x

Коронавирусга қарши чоралар: Президент фармонида нималар кўзда тутилган?

20 март куни Ўзбекистон Республикаси президенти «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий …