komilov2018 йилнинг 19 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири этиб қайта сайланган ва Давлат кенгаши аъзоси лавозимига тайинланган Ван Ига табрик мактубини йўллади. Бу ҳақда ТИВ хабарида айтилади.

«Ўзбекистонда сизнинг дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги ишонч ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссангиз юксак қадрланади, – дейилади мактубда. – Сизнинг тимсолингизда амалда икки томонлама муносабатларни изчил ривожлантириш ва чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратаётган ҳақиқий дўст ва ишончли ҳамкорни кўрамиз».

Икки томоннинг узоқ муддатли манфаатлари мослигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик ва конструктив ҳамкорликка асосланган қўшма саъй-ҳаракат натижасида бундан кейин ҳам икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида ҳар томонлама ривожланишига ишонч билдирилди.

ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов тез орада Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги юқори даражадаги халқаро конференцияда учрашиш, унда конструктив мулоқотни давом эттиришга, афғон можаросини ҳал қилиш йўлларини биргаликда излаш ва Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлашга умид билдирди.