Главная / Спорт / Қиличбозлик бўйича Жаҳон кубогида Ўзбекистон термаси илк марта кумуш медални қўлга киритди
<

Қиличбозлик бўйича Жаҳон кубогида Ўзбекистон термаси илк марта кумуш медални қўлга киритди

02

Нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда илк маротаба ташкил этилган қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича ўсмир қизлар ўртасидаги Жаҳон кубоги ўз якунига етди. 17-18 ноябрь кунлари Тошкентдаги гимнастикага ихтисослаштирилган Республика олимпия захиралари спорт мактаби мажмуаси мусобақанинг яккалик ва жамоавий баҳсларига мезбонлик қилди.

Қимматли рейтинг очколарини тақдим этувчи турнирда 14 мамлакатдан 53 нафар спортчи иштирок этди. Ўзбекистон терма жамоаси энг кўп – 13 вакил билан, Россия термаси эса 12 спортчи қиз билан қатнашди.

Биринчи куни спортчилар яккалик беллашувларини ўтказишди. Унда ўзбекистонлик спортчилар муваффақиятли қатнаша олишмади. Олтин медаль болгариялик Йоана Илиевага насиб этди, 2-6-ўринларни россиялик спортчилар банд этишди. Ўзбекистон вакиллари орасидан Зайнаб Дайибекова энг яхши натижани қайд этди: 19 ноябрда 16 ёшини қарши оладиган спортчи 9-ўринни эгаллади. У юқори ўнликка кира олган ягона мезбон атлет бўлди. Умуман, 14 очкодан 32 очкогача рейтинг очколарини берувчи энг яхши 8 та ўриннинг 6 таси россиялик қиличбоз қизлар томонидан банд этилганини қайд этиш лозим.

Бугунги жамоавий беллашувларда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ўз тарихида илк маротаба Жаҳон кубоги финалига қадар етиб бора олди. Зайнаб Дайибекова, Севинч Исмоилова, Шахноза Тоғаймуродова ва Ойсулув Уснаддиновадан иборат терма жамоа чорак финалда Молдова вакилларини мағлуб этди ва финал учун кечган баҳсда Германия термаси устидан ғалаба қозонди. Шундан сўнг мезбонлар олтин медаль учун баҳсда Россия термасига қарши подиумга кўтарилди. Финал баҳсининг олтинчи раундига қадар ҳисобда олдинда борган ўзбекистонлик қизлар якунда 38:45 ҳисобида имкониятни бой беришди ва кумуш медаль соҳибасига айланишди.

Натижада Россия терма жамоаси 64, Ўзбекистон спортчилари эса 52 рейтинг очколарига эга бўлди. Кучли учликни Германия (40 очкони қўлга киритди) термаси якунлаб берган бўлса, кейинги ўринлар Болгария, Молдова, Қозоғистон ва Исроил жамоаларига насиб этди. Кеча яккалик баҳсларида 9-ўринни олган Зайнаб Дайибекова ва 14-ўринни банд этган Севинч Исмоилова ўз ҳисобларига 8 очкодан қўшиб қўйишди.

Жаҳон кубогида қайд этилган натижалардан сўнг Ўзбекистон жаҳон рейтингида 12-ўринга кўтарилиб, Осиё қитъасида кучли учликка кириб олди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон ва Германия термалари ўртасида кечган ярим финал беллашуви вақтида ўзбек қиличбозининг шпагаси синиб қолиши оқибатида рақиб вакиласи ўмров соҳасидан жароҳат олди. Шу боисдан баҳс бир неча дақиқага кечиктирилди, шикастланган немис спортчиси кейинроқ тақдирлаш маросимида ҳам иштирок этмади (Германия учинчи ўрин учун баҳсда Болгарияни мағлуб этиб, шоҳсупанинг ўчинчи поғонасидан жой олди).

Маълумот учун, Жаҳон кубоги – Халқаро Қиличбозлик Федерацияси (FIE) томонидан ҳар йили уч йўналишда (рапира, шпага, сабля) ташкил этиладиган мусобақа бўлиб, у 1982 йилдан буён ўтказиб келинади.

Эслатиб ўтамиз, бу ноябрь ойида Тошкентда ташкил этилган иккинчи халқаро қиличбозлик турнири бўлди. Ўтган якшанба Ўзбекистон пойтахти шпага бўйича эркаклар ўртасида «Сателлит» мусобақасига мезбонлик қилган эди.

Ҳаққимизда mohammad.ms

Яна маълумот

06

«Ливерпуль» рақиб дарвозабонининг хатоси эвазига 96-дақиқада гол уриб ғалаба қозонди

Англия чемпионатининг 14-тури доирасида «Ливерпуль» «Эвертон»ни қабул қилди. Ливерпуль дербиси мақомидаги ушбу учрашувда 96-дақиқагача ҳисоб …