Главные новости
Главная / Маданият / Кибрнинг мазаммати
<

Кибрнинг мазаммати

kibr   “Кибр” сўзи “ўзини катта олиш”, “мақтаниш”, “кеккайиш” маъноларини билдиради. Мутакаббир, ўзини бошқалардан катта билган, мақтанчоқ ва керилган кимсадир.
“Иҳёу улумид дин” китобида айтилишича, саодат калити ҳушёрлик ва фаҳму фаросатдадир. Бадбахтлик асоси кибр ва ғафлатдадир. Банда учун Аллоҳ таолонинг неъматлари ичида имон ва маърифатдан улуғи йўқ. Унга эришиш учун бағрикенглик ва қалб кўзи ўткирлигидан бошқа восита йўқ.
Аллоҳ таоло шундай деган: “(Эй Муҳаммад), эсланг, Биз фаришталарга Одамга сажда қилинг дейишимиз билан улар сажда қилдилар, фақат иблис кибр ва ор қилиб кофирлардан бўлди” (Бақара сураси, 34-оят). Эътибор берилса, оятда мутакаббирлик иблисни куфрга, Аллоҳ таолонинг лаънатига олиб боргани маълум бўлади.
Фаришталарнинг Одам алайҳисаломга сажда қилишларидан мурод, унинг фазлини иқрор этиш, таъзим қилишдир. Бу саждадан мақсад, ибодат ниятидаги пешонани ерга қўйиш эмас. Чунки Аллоҳ таолодан ўзгага ибодат қилиш ширк амалдир. Фаришталар ширкдан йироқлар. Аллоҳнинг фаришталарни Одам алайҳисаломга сажда қилишга амр қилишидан яна бир мақсад, уларни синаш, яхшидан ёмонни ажратишдир. Буни Аллоҳнинг ҳикмати тақазо этган. Буни қуйидаги оятда кўришимиз мумкин: “Улар саждага эгилдилар. Фақат иблис кибр ва ор қилиб кофирлардан бўлди”.
Суфён ибн Уяйна айтади: “Ким шаҳват туфайли маъсиятга қўл урган бўлса, унинг гуноҳи кечирилишидан умид қилсанг бўлади. Сабаби Одам алайҳиссалом шаҳвати туфайли Аллоҳга осий бўлди ва унинг гуноҳи мағфират қилинди. Бироқ ким кибр туфайли маъсиятга қўл урса, унинг лаънатга учрашидан қўрқ. Зеро, иблис кибр сабабидан осий бўлди ва лаънатга учради” (“Мухтасару минҳожил қосидин”).
Аллоҳ таоло айтади: “Тангрингиз ягона Тангридир. Бас, охиратга имон келтирмайдиган кимсалар кўнгиллари (Аллоҳнинг яккалигина) инкор қиладилар, (уларнинг) ўзлари мутакаббир кимсалардир. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ уларнинг яширадиган нарсаларини ҳам, ошкор қиладиган нарсаларини ҳам билади. Албатта У Зот мутакаббир кимсаларни яхши кўрмайди” (Наҳл, 22-23).
Айрим инсонларнинг имонсиз бўлишларига уларнинг ўзлари сабабчидир. Иллат, дард, фасод кофирларнинг ичларида бўлади. Уларнинг қалблари имонга далолат қилувчи белгилардан ибрат олмайди, балки инкор қилади. Кофирлар Аллоҳга бўйсунишни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишни ўзлари учун ор деб биладилар, мутакаббирлик қиладилар. Уларни яратган Аллоҳ барча сирларини, ошкор ишларини билади. Жумладан, Аллоҳ уларнинг мутакаббирлик қилаётганларини ҳам билиб туради. Аллоҳ кибрли кимсаларни яхши кўрмайди.
“Биз ўша охират диёрини ер юзида зулму зўравонлик (ёки кибру ҳаво) қилишни истамайдиган кишилар учун қиламиз. Оқибат тақво қилувчи кишиларникидир” (Қасас, 83). Аллоҳ таоло жаннатни камтар мўмин бандалари учун тайёрлаб қўйган. Улар такаббурлик қилмайдилар, ер юзида бузғунчилик қилишни истамайдилар. Чиройли оқибат қалби Аллоҳга тақво билан лиммо-лим мўмин бандаларники бўлади.
Аллоҳ таоло айтади: “Ер юзида кибр-ҳаво билан юрмагин! Чунки сен (оёқларинг билан) ҳаргиз ерни тешиб кетолмайсан ва бўйи бастда тоғларга етолмайсан” (Исро, 37). Парвардигори олам бу оятда бандаларини манманликдан қайтариб:

– Эй инсон, ер юзида мақтанчоқлик билан юрма! Чунки сен оёқларинг билан ерни тешиб ўтолмайман. Бу кибринг билан баланд тоғларга ҳам етолмайсан! – демоқда.

     Каломи мажидда Луқмони ҳаким тилидан шундай дейилган: “Одамлардан (мутакаббирлик билан) юзингни ўгирма, ерда кибру ҳаво билан юрма. Чунки Аллоҳ ҳеч бир кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсани яхши кўрмайди” (Луқмон, 18). Яъни, Луқмони ҳаким ўғлига насиҳат қилиб шундай деган:

– Эй ўғлим! Кибр билан одамлардан юзингни бурма. Улар билан суҳбатлашганда чеҳрангни очиқ қил, табассум ила муомалада бўл. Ер юзида мутакаббирларга ўхшаб юрма. Ўз нафсингдан ажабланиб қолма. Балки мутавозеъ зотлар каби мулойим ва оҳиста юр. Шунда Аллоҳ сени яхши кўради. Чиройли хулқинг билан одамлар меҳрини қозонасан. Унутма, Аллоҳ мақтанчоқ ва кибрли кимсаларни ёқтирмайди.

     Бошқа оятда шундай дейилган: “Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган бирон ҳужжат-далилсиз талашиб-тортишадиган кимсалар Аллоҳ наздида ҳам, имон келтирган зотлар наздида ҳам катта нафратга дучор бўладилар. Аллоҳ ҳар бир мутакаббир ва зўравоннинг қалбини мана шундай муҳрлаб қўяди” (Ғофир, 35). Бирон ҳужжат-далилга эга бўлмай туриб Аллоҳнинг оятларини инкор қиладиган кимсалар Аллоҳ наздида ҳам, мўминлар наздида ҳам нафратга учрайдилар. Аллоҳ таоло оятларини инкор қиладиган, имон келтиришдан кибр қиладиган мақтанчоқ кимсалар қалбини муҳрлаб қўяди. Қалб ёпилганидан кейин ундай кимсалар залолатга кетадилар, оқибатлари аянчли бўлади. Демак, қалб очиқ бўлиши учун кибр қилмаслик, Аллоҳга бўйсуниш лозим экан.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: احْتَجَّتْ النَّارُ وَالْجَنَّةُ فَقَالَتْ هَذِهِ: يَدْخُلُنِي الْجَبَّارُونَ وَالْمُتَكَبِّرُونَ وَقَالَتْ هَذِهِ: يَدْخُلُنِي الضُّعَفَاءُ وَالْمَسَاكِينُ فَقَالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ لِهَذِهِ: أَنْتِ عَذَابِي أُعَذِّبُ بِكِ مَنْ أَشَاءُ وَرُبَّمَا قَالَ أُصِيبُ بِكِ مَنْ أَشَاءُ وَقَالَ لِهَذِهِ: أَنْتِ رَحْمَتِي أَرْحَمُ بِكِ مَنْ أَشَاءُ وَلِكُلِّ وَاحِدَةٍ مِنْكُمَا مِلْؤُهَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.

     Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Дўзах ва жаннат (бир-бири билан) тортишди. Буниси (яъни, дўзах): “Менга исёнкор ва мутакаббир кимсалар киради”, деди. Униси (яъни, жаннат) эса: “Менга заифлар ва мискинлар киради”, деди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла бунисига (дўзахга): “Сен азобимсан. Сен билан хоҳлаганимни азоблайман!” деди. Унисига (жаннатга) эса: “Сен раҳматимсан. Сен билан хоҳлаганимга раҳм қиламан! Сизларнинг ҳар бирингизни тўлдирувчилар бордир”, деди” (Бухорий, Муслим, Термизий ва Аҳмад ривояти).
Ривоятдаги “тортишди” сўзини ўзига кирувчилар билан мақтанди, фахрланди, маъносида тушунилади.
Ривоятдан маълум бўладики, дўзахга мутакаббир ва зўравон кимсалар киради. Жаннатга эса заиф, мискин ва камтар инсонлар киради. Бундан, мутакаббир кимсалар учун жаннатда жой йўқ, деган маъно келиб чиқади.

عَنْ سَلَمَةَ بْنِ الأَكْوَعِ أَنَّ رَجُلاً أَكَلَ عِنْدَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِشِمَالِهِ فَقَالَ: كُلْ بِيَمِينِكَ قَالَ: لاَ أَسْتَطِيعُ قَالَ: لاَ اسْتَطَعْتَ مَا مَنَعَهُ إِلاَّ الْكِبْرُ قَالَ: فَمَا رَفَعَهَا إِلَى فِيهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالدَّارِمِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ.

     Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида чап қўли билан таом еди. Шунда у зот: “Ўнг қўлинг билан е!” дедилар. У: “Бунга қодир эмасман”, деди. Расулуллоҳ: “Қодир бўлмай қол!” дедилар. Уни фақат кибр тўсиб турганди. Шундан сўнг ўша киши ўнг қўлини оғзига олиб боролмай қолди (Муслим, Доримий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).
Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳузурларида кибр қилиш, у зот айтганларини икки қилишнинг оқибати мана шундай бўлади! Бу таом масаласидаги кичик бир ҳолат. Муҳим ишларда, шариатнинг асоси бўлган амалларда манманлик қилиш қандай оқибатларга олиб боришини тасаввур қилиш қийин эмас.

عَنْ حَارِثَةَ بْنِ وَهْبٍ الْخُزَاعِيِّ قَالَ: سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: أَلاَ أُخْبِرُكُمْ بِأَهْلِ الْجَنَّةِ كُلُّ ضَعِيفٍ مُتَضَعِّفٍ لَوْ أَقْسَمَ عَلَى اللهِ لأَبَرَّهُ أَلاَ أُخْبِرُكُمْ بِأَهْلِ النَّارِ كُلُّ عُتُلٍّ جَوَّاظٍ مُسْتَكْبِرٍ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.

    Ҳориса ибн Ваҳб Хузоий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга жаннат аҳлидан хабар берайми? Ҳар бир заиф ва заифҳол саналгандир. Агар Аллоҳга қасам ичса, юзага чиқаради. Сизларга жаҳаннам аҳлидан хабар бермайми? Ҳар бир қўпол, саркаш ва мутакаббирдир”, деб айтганларини эшитганман” (Бухорий, Муслим, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Заиф одамларнинг жаннатга киришини “барча бечораҳол одамлар жаннатга кирар экан”, деб тушунмаслик лозим. Балки жаннат аҳлининг кўпчилиги заифлар, мискинлардан иборат бўлади. Жаннатга бойлар ҳам киради, куч-қувватлилар ҳам киради. Лекин жаннатийларнинг кўпчилик қисмини камбағаллар ташкил этади.
Ёлғиз камтарликнинг ўзи банданинг жаннатга кириш учун етарли эмас. Жаннатий бўлиш учун, аввало, имон ва солиҳ амал керак. Ундан кейин мақталган сифатлар ҳисобга ўтади. Имонсиз одамнинг хулқу одоби жаннатга кириш учун камлик қилади.

عَنْ فَضَالَةَ بْنِ عُبَيْدٍ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: ثَلاَثَةٌ لاَ تَسْأَلْ عَنْهُمْ: رَجُلٌ فَارَقَ الْجَمَاعَةَ وَعَصَى إِمَامَهُ وَمَاتَ عَاصِيًا وَأَمَةٌ أَوْ عَبْدٌ أَبَقَ فَمَاتَ وَامْرَأَةٌ غَابَ عَنْهَا زَوْجُهَا قَدْ كَفَاهَا مُؤْنَةَ الدُّنْيَا فَتَبَرَّجَتْ بَعْدَهُ فَلاَ تَسْأَلْ عَنْهُمْ وَثَلاَثَةٌ لاَ تَسْأَلْ عَنْهُمْ: رَجُلٌ نَازَعَ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ رِدَاءَهُ فَإِنَّ رِدَاءَهُ الْكِبْرِيَاءُ وَإِزَارَهُ الْعِزَّةُ وَرَجُلٌ شَكَّ فِي أَمْرِ اللهِ وَالْقَنُوطُ مِنْ رَحْمَةِ اللهِ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالْبُخَارِيُّ وَالْحَاكِمُ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

    Фазола ибн Убайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Уч тоифа бор, улар ҳақида сўрама: жамоатни тарк қилиб, имомига осий бўлган ва шу ҳолида ўлган киши, қочиб кетган ва шу ҳолида ўлган чўри ёки қул, эри уни тарк қилган ва нафақа билан таъминлаган, ундан кейин бегоналар учун зийнатланган аёл ҳақида сўрама! Яна уч (тоифа) ҳақида сўрама: Аллоҳ азза ва жалла билан Унинг ридосини талашган киши. Зеро, У Зотнинг ридоси кибриё (улуғлик), изори азизликдир. Аллоҳнинг амрида шубҳаланган ва Аллоҳнинг раҳматидан умидсиз бўлган киши (ҳақида сўрама)” (Аҳмад, Бухорий , Ҳоким, Байҳақий ва Табароний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Бу ҳадисда мусулмонлар жамоасини тарк этиб, уларнинг раҳбарига итоатсизлик қиладиган, хожасидан қочиб кетган, эри йўқлигида ўзига оро бериб, бегона эркакларга чиройли кўринишга интиладиган хотин, кибр-ҳаво қиладиган ва Аллоҳнинг амрига шубҳа билан қараб, У Зот раҳматидан ноумид бўладиган кимса қораланмоқда.

عَنْ جَابِرٍ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ مِنْ أَحَبِّكُمْ إِلَيَّ وَأَقْرَبِكُمْ مِنِّي مَجْلِسًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَحَاسِنَكُمْ أَخْلاَقًا وَإِنَّ أَبْغَضَكُمْ إِلَيَّ وَأَبْعَدَكُمْ مِنِّي مَجْلِسًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ الثَّرْثَارُونَ وَالْمُتَشَدِّقُونَ وَالْمُتَفَيْهِقُونَ قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ قَدْ عَلِمْنَا الثَّرْثَارُونَ وَالْمُتَشَدِّقُونَ فَمَا الْمُتَفَيْهِقُونَ قَالَ: الْمُتَكَبِّرُونَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

     Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат куни менга маҳбуброғингиз ва яқинингиз хулқлари чиройлиларингиздир. Қиёмат куни мен учун ёқимсизроғингиз ва узоқ бўладиганингиз сергап, (олди-орқасига қарамасдан) кўп вайсайдиганлар ва мутафайҳиқлардир”, дедилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, биз сергап ва кўп вайсайдиганларни биламиз. Мутафайҳиқлар кимлар?” деб сўралди. У зот: “Мутакаббирлардир”, деб жавоб бердилар (Термизий, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ва Табароний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Охиратда Расулуллоҳга яқин бўламан, деган киши хулқини чиройли қилади. Қиёмат куни Муҳаммад алайҳиссаломдан узоқ бўлиб қолишни истамайдиган одам гап капиради, мутавозеъ бўлади. Зеро, кибр қилиш, оғзини тўлдириб бўлар-бўлмас нарсаларни гапиравериш бандани анча қийин аҳволга солиб қўяди.

عَنْ أَسْمَاءَ بِنْتِ عُمَيْسٍ الْخَثْعَمِيَّةِ قَالَتْ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: بِئْسَ الْعَبْدُ عَبْدٌ تَخَيَّلَ وَاخْتَالَ وَنَسِيَ الْكَبِيرَ الْمُتَعَالِ بِئْسَ الْعَبْدُ عَبْدٌ تَجَبَّرَ وَاعْتَدَى وَنَسِيَ الْجَبَّارَ الأَعْلَى بِئْسَ الْعَبْدُ عَبْدٌ سَهَا وَلَهَا وَنَسِيَ الْمَقَابِرَ وَالْبِلَى بِئْسَ الْعَبْدُ عَبْدٌ عَتَا وَطَغَى وَنَسِيَ الْمُبْتَدَا وَالْمُنْتَهَى بِئْسَ الْعَبْدُ عَبْدٌ يَخْتِلُ الدُّنْيَا بِالدِّينِ بِئْسَ الْعَبْدُ عَبْدٌ يَخْتِلُ الدِّينَ بِالشُّبُهَاتِ بِئْسَ الْعَبْدُ عَبْدٌ طَمَعٌ يَقُودُهُ بِئْسَ الْعَبْدُ عَبْدٌ هَوًى يُضِلُّهُ بِئْسَ الْعَبْدُ عَبْدٌ رَغَبٌ يُذِلُّهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

      Асмо бинти Умайс Хасъамия розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини эшитган экан: “(Ўз нафсидан) ажабланган ва кибрланган, Улуғ Олий Зотни ёдидан чиқарган банда қандай ҳам ёмон! Кибру ҳаво қилиб, ҳаддидан ошган, Буюк Жабборни (яъни, Аллоҳни) унутган банда қандай ҳам ёмон! Ғафлатга ботиб, ўйин-кулгуга берилиб, қабрлар ва чиришни унутган банда қандай ҳам ёмон! Исён-зулм қилган, туғёнга кетган, бошланиш ва тугашни унутган банда нақадар ёмон! Дин билан дунёни талаб қилган банда нақадар ёмон! Динни шубҳалар билан алдаган (булғаган) банда қандай ҳам ёмон! Таъма ундан ғолиб келган банда нақадар ёмон! Ҳавойи нафси залолатга бошлаган банда нақадар ёмон! Ҳирс (ёки умид) уни йўлдан оздирган банда қандай ёмон!” (Термизий, Ҳоким ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади заиф).
Мутакаббир кимсанинг қалбида Аллоҳдан қўрқиш ҳиси бўлмайди. Агар унда тақво бўлганида, кибрланмаган, Аллоҳнинг улуғлигини ҳис қилиб, ўзини хокисор тутарди, камтар бўларди.

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

Ўзбекистон ва Россия президентлари, Тошкентда, 19 октябрь, 2018 йил

“Рус мумтоз адабиёти дурдоналари” номли 100 томлик тўплам нашр этилади

Ўзбекистон раҳбари Россия президенти билан музокаралар давомида ўз юртида “Рус мумтоз адабиёти дурдоналари” деб номланган …