paradШимолий Корея келаси йили ўзининг ядро ва ракета дастурларини ривожлантиради, бироқ АҚШ ҳамда Жанубий Корея билан мулоқот йўлларини ҳам излашга уринади. Бу ҳақда “Рёнхап” агентлиги Жанубий Кореянинг Миллий бирлашув ишлари бўйича вазирлигига таянган ҳолда хабар бермоқда.

“Шимолий Корея ўзининг ракета ва ядро дастурларини ривожлантиришда давом этади, бироқ мураккаб вазиятдан чиқиш йўлларини ҳам излайди. КХДР де-факто ядро қуролига эга давлат мақомини тан олишларига уринган ҳолда, АҚШ билан музокаралар имкониятини ҳам кўриб чиқади”, – дейилади вазирликнинг 2018 йилга тахминида.

Идорадагиларнинг фикрича, КХДР Жанубий Корея билан ҳам муносабатларни тиклаш учун ўзаро яқин нуқталарни топишга ҳаракат қилиб кўради. Вазирлик Ким Чен Иннинг 1 январь кунги анъанавий нутқига катта эътибор қаратишни мўлжалламоқда.

Жума куни Жанубий Кореянинг Миллий бирлашув ишлари бўйича вазири Чо Мён Гюн мамлакат КХДР билан бир қатор масалалар бўйича, дастлабки шартларсиз музокараларга тайёр эканини маълум қилганди.