Главные новости
Главная / Жамият / Юнусободда метро қурилишида ҳалок бўлганларга оид жиноят иши март ойида тугатилгани маълум бўлди
<

Юнусободда метро қурилишида ҳалок бўлганларга оид жиноят иши март ойида тугатилгани маълум бўлди

Прокуратуранинг тасдиқлашича, 6 кишининг ҳалок бўлишига техника хавфсизлиги қоидалари бузилгани ва қурилиш ишлари сифатсиз бажарилгани сабаб бўлган. Бунга жавобгар сифатида тўрт киши кўрсатилган бўлиб, бир неча омиллар туфайли жиноят иши айблилик ҳақидаги масалани ҳал қилмай туриб тугатилган.

Фото: Андрея Кудряшова

2019 йил декабрида Тошкент метросининг Юнусобод линияси қурилишида ҳалокат рўй бериб, тупроқ босиб қолиши оқибатида 6 киши ҳалок бўлган эди. Фожиа рўй берганига бир йил тўлган кун – 2020 йил 18 декабрида Kun.uz ҳалокатга оид жиноят иши бўйича жамоатчиликка маълумот берилмагани ҳақида мақола эълон қилганди.

Маълум бўлишича, ҳалокат айбдорларига жазо тайинланмаган.

Kun.uz Бош прокуратурадан олган маълумотга кўра, ушбу жиноят иши 2020 йил 18 март куни, айблилик масаласини ҳал қилмасдан туриб тугатилган.

Дастлабки терговни Тошкент шаҳар прокуратураси ўтказган бўлиб, ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида қурилиш-техник суд экспертизаси тайинланган.

Экспертиза хулосасига кўра, ерости метро бекатининг туннели ўнг томонидаги темир-бетон конструкцияси қулаб тушишига сабаб – туннелни очиқ усулда кавлашда техника хавфсизлиги қоидалари бузилган ва қурилиш ишлари сифатсиз бажарилган.

Бу эса қуйидаги масъул шахсларнинг жараённи етарлича назорат қилмагани оқибати деб топилган:

  • «Кўприк қурилиш инвест» УК 67 рақамли қурилиш отряди бошлиғи ўринбосари Отабек Алимов;
  • отряд иш юритувчиси Саидбек Бобожонов;
  • отряднинг қурилиш бўйича устаси Салоҳиддин Ашуров;
  • «Тошкент метрополитени» УКнинг «Тошкент метрополитени линияларини қуриш дирекцияси» иш юритиш бўлимининг қурилиш-монтаж ишлари бўйича бош инспектори Баҳодир Муҳамадраҳимов.

Маълум қилинишича, ушбу шахслар прокуратурага мурожаат қилиб, аниқланган қоидабузарликлар эҳтиётсизлик оқибатида содир этилганини инобатга олишни ва ўзларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб тугатишни сўраган.

Қайд этиш лозим, жиноят иши ЖКнинг 257-моддаси 2-қисми «а» банди (Техника хавфсизлиги, саноат санитарияси ёки меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидаларини шу қоидаларга риоя этилиши учун масъул бўлган шахс томонидан бузилиши одам ўлимига сабаб бўлса) ва 258-моддаси 2-қисми «а» банди (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлса) билан қўзғатилган эди.

Ушбу иккала бандда назарда тутилган жиноятлар «ижтимоий хавфи катта бўлмаган» ва «унча оғир бўлмаган» жиноятлар турига киради.

Таъкидланишича, Меҳнат вазирлигининг махсус тузилган комиссияси «ҳалокатда вафот этганларнинг оила аъзоларига етказилган зарарни иш берувчи қоплагани» тўғрисида хулоса берган.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви эса ушбу тўрт нафар ходимга ижобий тавсифнома тақдим этган.

Марҳумларнинг оила аъзолари эътироз билдирмагани айтилади.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда, Тошкент шаҳар прокуратураси 2020 йил 18 март куни Жиноят кодексининг 84-моддаси 5-қисм 2-бандига асосан жиноят ишини тугатган.

Маълумот учун, ушбу бандга асосан, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс айбини бўйнига олса, чин кўнгилдан пушаймон бўлса, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берса ва зарарни бартараф қилса, жиноят иши унинг айблилиги ҳақидаги масалани ҳал қилмай туриб тугатилиши мумкин.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

1 январдан олис ҳудуддаги ишга жалб қилинган олий маълумотли мутахассисга 11 млн сўм, шифокорга 30 млн сўм берилади

Фото: Kun.uz Президентнинг “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул …