yongin31 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида ўтказилган селектор йиғилишида ўтган йилда объект раҳбарлари эътиборсизлиги туфайли турли мажмуаларда 139та ёнғин содир бўлгани маълум қилинди. Йиғилиш кун тартибида «Савдо-кўнгилочар ва одамлар кўп тўпланадиган бошқа мажмуаларда ёнғин билан боғлиқ ва бошқа турдаги фавқулодда вазиятларни олдини олиш ҳолати ҳамда белгиланган профилактика тадбирларини амалга ошириш бўйича раҳбар ходимларнинг шахсий масъулиятини ошириш ҳақида»ги масала кўрилди, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

Унда сўз олган ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи Санжар Зуфаров таҳлилига кўра, мамлакатда 2017 йил давомида, одамлар кўп тўпланадиган объектларда 139та ёнғинлар содир бўлиб, 1 нафар фуқаро ҳалок бўлгани ва 4 нафар киши турли даражадаги куйиш тан жароҳати олгани ва катта миқдорда моддий зарар кўрилгани ҳақида маълумот берди.

«Ушбу ёнғинларнинг 45таси маъмурий биноларда, 16таси супермаркет ва бошқа савдо мажмуаларида, 15таси ўқув муассасаларида, 23таси бозорларда қолган 40дан ортиқ ёнғинлар, темир йўл вокзаллари, даволаш муассасалари, сихатгоҳлар, меҳмонхона ва ётоқхоналарда содир бўлган. Юқоридаги ёнғин ҳолатлари асосан объект раҳбарларининг давлат ёнғин назорати органлари томонидан тақдим этилган ёзма кўрсатма талабларини ўз вақтида бартараф этмаслиги ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаслиги туфайли келиб чиққан.

Республикадаги ижтимоий соҳа объектларининг бошқарув органлари томонидан мақсадли маблағлар ажратилмаслиги оқибатида давлат ёнғин назорати органларининг ёзма кўрсатмаларидаги ёнғинларни олдини олишга қаратилган тадбирлар бажарилмасдан қолмоқда», деб маълумот берди Санжар Зуфаров.