bankomatЎзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 23 мартдаги «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан 2018 йилнинг 1 апрелидан бошлаб жисмоний шахсларга халқаро тўлов карталарига сотиб олинган хорижий валютани нақд шаклда ечиб олиш ҳуқуқи берилди. Бу ҳақда Марказий банк хабарида айтилади.

Қайд этилишича, тижорат банкларида аҳолининг нақд чет эл валютасига бўлган талабини етарлича таъминлаш мақсадида бугунги кунда тижорат банклари кассалари, валюта айирбошлаш шохобчалари ва банкоматлар орқали нақд пул ечиб олишга шароитлар яратилган.

Бугунги кунда тижорат банклари тегишли терминаллар билан таъминланган бўлиб, у нақд хорижий валютани бериш учун жисмоний шахсларнинг халқаро тўлов карточкаларидан маблағ ечиб олиш имконини беради.

Тижорат банклари томонидан нақд хорижий валютани ечиб олиш бўйича банкоматлар сони аста-секин ошириб борилади ва жорий йил охирига қадар бутун мамлакат бўйлаб 1000дан ортиқ банкомат ўрнатилади.

Шуни таъкидлаш жоизки, халқаро тўлов тизимлари қоидаларига мувофиқ бир банк картасидан бошқа банкларда нақд пул ечиб олишда (банкоматлар ёки тўлов терминаллари) қўшимча комиссия олинади (одатда ечиб олинаётган сумманинг 1 фоизи).