Главные новости
Главная / Спорт / Италияда дерби, Испанияда биринчи ўрин учун жанг, Моуриньо истеъфо ёқасида. Ҳафта ўйинлари анонси
<

Италияда дерби, Испанияда биринчи ўрин учун жанг, Моуриньо истеъфо ёқасида. Ҳафта ўйинлари анонси

Терма жамоалар билан боғлиқ йиғинлар ниҳоясига етди ва энди клублар ноябрдаги танаффусга қадар яна бир марта зич ва масъулиятли даврга қадам қўйишади. Чигалёздига вақт ҳам йўқ, эртагаёқ, ҳали қуёш ботиб улгурмай, Англия Премьер Лигаси давридаги энг совриндор икки клуб дуэлига гувоҳ бўламиз. Ўзига хос футбол байрамини эса, якшанба куни Милан дербиси якунлаб беради. Бу икки суперучрашувлар орасидаги вақт ҳам футболларга тўлаки, шулардан баъзиларига алоҳида тухталиб ўтишни лозим топдик.

ЧЕЛСИ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (20 октябрь, 16:30)

«Спейшл уан» лақабини айнан «Стемфорд Бриж»да олган Жозе Моуриньо «МЮ» мураббийи сифатида тўртинчи марта бу ерга ташриф буюрмоқда. Ҳар учала ўйин ҳам «Челси»нинг ғалабаси билан якунланган ва ҳали «МЮ» Моуриньо қўл остида «Челси» дарвозасини «Олд Траффорд»дан бошқа стадионда ишғол қила олмаяпти. Тўртинчи ўйин сифатида «Уэмбли»да ўтган Англия кубоги финалини ҳам қўшиш мумкин – 0:4, 0:1, 0:1, 0:1.

Ўтган мавсумда кучли тўртлик ташқарисида қолган «Челси»га нисбатан ишонч у қадар юқори эмасди. Чемпионлар Лигасида қатнашмайдиган жамоага хос тарзда камтарона трансфер сиёсати, ҳамда аввалги мураббийлардан фарқли услубга эга бўлган янги мураббий… Бундай шартларда яна юқори ўринларга қайтиш учун бирмунча вақт талаб этиларди. Аммо ҳозирда «Челси» жуда ишончли кўринмоқда, АПЛда мағлубиятга учрамай, турнир жадвали юқорисидаги уч клубдан бири бўлиб турибди. Аксинча, ниҳоят чемпионлик учун рақобат кутилган «Манчестер Юнайтед»да муаммолар кўпайиб бормоқда ва Жозе Моуриньо деярли истеъфо ёқасига келиб бўлди. Ҳатто баъзи нашрлар мабодо «Манчестер Юнайтед» «Стемфорд»да мағлубиятга учрайдиган бўлса, Моуриньо лавозимини тарк этиши мумкинлигини ёза бошлади.

Бундай шароитда «МЮ» учун энг ноқулай рақиб Англияда битта бўлса, у ҳам «Челси». Айниқса, Абрамовичдан буёғига манчестерликлар билан ўзаро ўйинларда устунликка эга бўлган ягона жамоа ҳам айнан «Челси»дир. Айниқса, «Стемфорд Бриж»да манчестерликлар доим қийинчиликларга дуч келади. Бу стадионда «иблислар» охирги марта 2012 йилнинг кузида, Алекс Фергюсоннинг сўнгги мавсумида ғалаба қозонганди. Шундан буён «Челси» «МЮ»ни доимий равишда ютиб келди, тўрт марта кубоклардан чиқариб юборди. Фақатгина Луи ван Гаал пайтида бир марта «МЮ» Лондонда ғалабага яқин келган, аммо сўнгги дақиқаларда мезбонлар ҳисобни тенглаштиришнинг уддасидан чиққанди.

Айтганча, ўша Луи ван Гаал ҳам истеъфо ёқасига келиб қолганда, рақиб «Челси» бўлган ва раҳбарият мураббийга сўнгги имконни беришганди. «Олд Траффорд»даги ўйинда ҳисоб очилмаган бўлса-да, ўша ўйинда мезбонлар анча яхши ўйин кўрсатганликлари боис, мураббий яна маълум вақтгача бошқарувда қолганди.

Учрашувнинг терма жамоалар йиғинларидан кейин ўтказилаётгани қайсидир маънода меҳмонларнинг имкониятини ошириш мумкин. Чунки, Сарри жамоаси жуда яхши формага кириб олганди, «Манчестер Юнайтед» эса, муаммоларини тўлиқ ҳал қилиб улгурмаганди. Танаффус ҳар икки жамоадаи тенденция ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин.

Бошқа тарафдан, таркибдаги жароҳатлар борасида Моуриньо қийин аҳволда қолган. Лингард, Эррера, Роҳо, Шоу, Мактоминай каби футболчилар жароҳат олишган. Неманья Матичнинг майдонга тушиши ҳам сўроқ остида. Терма жамоа йиғинларини эрта тарк этган Марвон Феллайни борасида ҳам шубҳа бор эди, аммо Бельгия терма жамоаси устози яримҳимоячининг шанба кунги ўйинга тайёр ҳолатда бўлишини айтиб ўтди. Мезбонлар таркибида эса, биргина Антонио Рюдигернинг майдонга тушиши эҳтимоли паст.

Бу ўйиндан уч кун ўтиб, «Манчестер Юнайтед» Чемпионлар Лигасида «Ювентус»га қарши ўйнайди. Ўтган ўйинда «Валенсия» билан дуранг ўйнаб, вазиятни бироз қийинлаштирган Жозе Моуриньонинг хаёли қисман нариги ўйинда ҳам бўлиши мумкин.

ВОЛЬФСБУРГ – БАВАРИЯ (20 октябрь, 18:30)

Энди «Бавария»нинг ҳар бир ўйинига эътибор қаратавериш керак. Чунки сўнгги ўйинларда очко йўқотиб, нафақат пешқадамликни бой берган, балки олтинчи ўринга тушиб кетган «Бавария» энди ғалаба қозонмаган сари етакчилардан орадаги фарқ ошиб бораверади. Бу эса, Бундеслигада интрига демакдир.

Ковач жамоаси уч ўйиндан бери ғалаба қозона олмаяпти. «Аусбург»дан ўз майдонидаги дуранг, кейин Берлиндаги мағлубиятни вақтинчалик омадсизликка йўйган энг оптимист мухлислар ҳам ўтган турда менхенгладбахликлардан қабул қилинган йирик мағлубиятдан сўнг, тил тишлашди. Орада Чемпионлар Лигасида «Аякс» билан ҳам нурсиз ўйин бўлиб ўтди. Жамоа етакчилари ўзини кўрсата олмаяпти – масалан, Левандовски Бундеслигада охирги марта ўйиндан 1 сентябрь куни гол урганди. Кейинги беш турда у фақат бир марта пенальтидан рақиб дарвозасини ишғол қилди холос. Янги мураббий Нико Ковачнинг курсиси қимирлаб қоляпти ва матбуот ҳар ҳафта тинмай турли янги номзодларни эълон қилиб боришмоқда. Ҳар қанча сабрли бўлишмасин, «Бавария» раҳбарлари Ковачга сўнгги имконият бераётган бўлишлари мумкин.

«Вольфсбург» янги асрда чемпионликни «Бавария»дан тортиб ололган кам сонли жамоалардан бири. Ўзаро ўйинларда статистика катта фарқ билан «бўрилар» орқада бўлишса-да (сўнгги 22 ўйинда атиги 1 ғалаба), ўтган мавсум сал бошқача кечди. Вольфсбургдаги ўйинда мезбонлар ҳисобни очишган ва фақат сўнгги дақиқадаги ғалаба голи эвазига «Бавария» ғалаба қозонган бўлса, Мюнхендаги баҳсда меҳмонлар ирода кўрсатгандилар. «Бавария» 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олгач, иккинчи бўлимда «Вольфсбург» бурилиш ясаб, ҳисобни тенглаштиришнинг уддасидан чиққанди.

Жорий мавсумда «бўрилар»нинг ҳам аҳволи яхши эмас. Дастлабки икки турни ғалаба билан якунлаган Лаббадиа шогирдлари кейинги беш ўйинда ғалаба қозона олмади. Бундай пасайишга, албатта, жароҳатлар жуда кўпайиб кетгани ҳам таъсир кўрсатди – ҳозирда таркибнинг 9 нафар аъзоси турли даражадаги жароҳатлар туфайли жамоага ёрдам бера олмаяпти. Улар ичида Меҳмеди, Брума, Жилавоги, Кнох каби етакчи футболчилар ҳам бор. Саналганлар ичида фақат Меҳмеди машғулотларга қайтди ва балки эртанги ўйинда майдонга тушиши мумкин.

Мюнхенликлар жамоаси сафида эса, Горецка ва Боатенг каби футболчилар умумий гуруҳда шуғулланишни бошладилар. Аммо Давид Алабанинг майдонга тушиши сўроқ остида турибди.

ВЕСТ ҲЭМ – ТОТТЕНҲЭМ (20 октябрь, 19:00)

Уч сабаб билан бу ўйинни эътибордан четда қолдирмай, томоша қилишни тавсия қилиш мумкин. Биринчидан, учрашув Лондон дербиси мақомида, ҳар қандай дерби сингари жуда қизиқарли ўтиши шубҳасиз.

Иккинчидан, «Вест Ҳэм» бу мавсумда 8 ўйиндан атиги 7 очко олган бўлса-да, кучли жамоаларга қарши ўйинларда яхшироқ  ҳаракат қилган. 4 очко «Челси» ва «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйинларда олинган. Яна бир ғалаба эса, АПЛнинг еттинчи жамоаси саналган «Эвертон» устидан сафарда қўлга киритилган. Демак, «Вест Ҳэм» ўз майдонида Почеттино жамоасига етарлича ташвиш туғдиришини кутсак бўлади.

Учинчидан, «Вест Ҳэм» айнан «Тоттенҳэм»га қарши ўйинларда ҳам кучли ўйнайди ва ҳатто сўнгги мавсумларда ижобий кўрсаткичга ҳам эга: сўнгги 16 ўйиндан 7 ғалаба ва 6 мағлубият. «Вест Ҳэм» мезбонлик қилган сўнгги беш ўйиннинг учтасида айнан мезбонлар ғалаба қозонган. Роппа-роса бир йил олдин, 26 октябрь куни «Вест Ҳэм» 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, «Тоттенҳэм»ни Лига кубогидан чиқариб юборганди. Жамоа таркибидаги Ярмоленко, Арнаутович, Сабалета, Андерсон каби футболчилар билан ҳар қандай рақибга қаршилик қила олади.

Терма жамоалар билан боғлиқ танаффус «Тоттенҳэм»нинг жонига оро киргани табиий. Жамоа бир қатор етакчилардан жароҳатлар туфайли айрилиб қолганди. Улардан Муса Дембеле ва Кристиан Эриксен машғулотларни бошлашди ва балки дербида жамоага ёрдам беришлари мумкин. Деле Аллининг қайтиши эса, шу ойнинг охирига мўлжалланган.

Чемпионлар Лигасида «Тоттенҳэм» икки ўйинни мағлубият билан тугатди ва энди гуруҳдан чиқиш учун асосий рақибларидан 6 очкога ортда қолиб кетди. «ПСВ»га қарши ўйинлар лондонликларга курашга қайтиш имконини беради. Почеттино баъзи етакчи футболчиларини кейинги ҳафта ўртасидаги еврокубок ўйинига ҳам асрашга ҳаракат қилиши мумкин.

ВИЛЬЯРЕАЛ – АТЛЕТИКО (20 октябрь, 21:30)

Бир-бирига ўхшамайдиган услуби билан Ла Лигада муваффақиятли тўп сурадиган икки жамоанинг баҳси жуда қизиқарли кечса керак. Жамоаларнинг ўзаро тўқнашувларида ҳам деярли тенгликни кўрамиз. Охирги етти мавсумда 6 маротаба «Вильярреал» зафар қучган бўлса, 5 марта «Атлетико»нинг қўли баланд келган. Вильярреалда бўлиб ўтган сўнгги уч ўйинда мезбонлар уч очко эгасига айланган. Яъни, «сариқ субмариналар» ҳозир Испания чемпионатида ҳар қанча ишончсиз кўринишмасин, «Атлетико» билан доим яхши ўйнаган.

«Атлетико» мавсумни бироз қийинчиликлар билан бошлаган бўлса-да, кейин ўзига келиб олди. Сўнгги 6 ўйинда 5 ғалаба ва бир дуранг. Дуранг ҳам «Сантьяго Бернабеу»да амалга ошган. Бу ўйинларда «Атлетико» атиги 2 маротаба ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди. Яъни, ўша биз билган «Атлетико»…

Таркиблар борасида, кичик танаффусдан сўнг, Диего Коста бу ўйинда сафга қайтиши мумкин. Шунингдек, марказий ҳимоячилар Хименес ва Савич ҳам шуғулланишни бошлашди. Яъни, таркиб борасида Симеонеда муаммо йўқ. Чемпионлар Лигасидаги икки ғалаба ҳам мадридликларнинг бор эътиборини айнан шу ўйинга, Ла Лигага қаратиш учун имкон беради. Мезбонлар таркибида эса, етакчи футболчилардан бири Бруно Сориано шу йилнинг февраль ойида олган оғир жароҳатидан сўнг, таркибга қайтиши кутиляпти.

Дарвоқе, мезбонларнинг ушбу мавсумдаги яна бир салбий кўрсаткичини айтиб ўтиш керак. «Вильярреал» янги мавсумда ҳали ўз стадионида ғалаба қозонгани йўқ. Испания чемпионатидаги ҳар икки ғалаба сафар ўйинларида қўлга киритилган бўлса, Европа Лигасидаги ҳозирча ягона уй учрашувида дуранг қайд этилган.

БАРСЕЛОНА – СЕВИЛЬЯ (20 октябрь, 23:45)

Навбатдаги саккиз кун «Барселона» мухлислари учун жуда қизиқарли, балки жамоа учун бироз оғир кечади. Бу ўйиндан уч кун ўтиб, яна «Камп Ноу»да жамоа Европа Чемпионлар Лигаси доирасида «Интер»га қарши ўйинини ўтказади. Кейинги ҳафта охирида эса, Эл Классико гувоҳи бўламиз. Бу ўйин ҳам «Камп Ноу»да бўлиб ўтади.

Статистикага қарасак, «Севилья»нинг Барселонага меҳмон бўлишини катта воқеа сифатида тилга олиш шарт эмасдек. Ахир андалусияликлар бу стадионда охирги марта 2011 йилда очко олиб кетишган, ўшанда ҳам ўйин 0:0 ҳисобида тугаган холос. Сўнгги дақиқада Месси томонидан ноаниқ амалга оширилган пенальтини «Барселона» мухлислари жуда яхши эслашса керак. Шундан буён «Севилья» «Камп Ноу»да у қадар қаршилик қила олмайди, умуман барча мусобақалардаги барча ўйинларда атиги икки дуранг ва бир ғалаба қайд этилган, бошқа ўйинларда каталонияликларнинг қўли баланд келган.

Аммо бу сафар бошқачароқ бўлиши ҳам мумкин. «Севилья» Испания грандларининг сўнгги турлардаги муваффақиятсизликларидан яхши фойдаланди ва қаторасига 4 ўйинда ғалаба қозониб, турнир пешқадамига айланиб олди. Бу ғалабалар ичида «Реал» устидан қозонилган йирик зафар ҳам бор. «Барселона» эса, аксинча, мана шу 4 турни яхши ўтказа олмади. Икки дуранг ва икки мағлубият билан 10 очко йўқотилди. Вальверде жамоаси охирги марта 2 сентябрь куни «Уэска» устидан 8:2 ҳисобида ғалаба қозонганди, шундан кейин ўтказилган икки уй ўйинида дуранг қайд этилди. Фақат параллел тарзда «Реал»нинг ёки мавсум бошида «Атлетико»да кузатилган омадсизликлар «Барселона»ни 2-ўринда қолишини кафолатлади. Ўзаро ўйиндаги ғалаба эвазига улар яна 1-ўринга кўтарилиб олишлари мумкин.

Лекин етакчи легионерлар Лотин Америкасидан бўлгани сабабли, анъанавий тарзда терма жамоалар билан боғлиқ йиғинлардан кейинги ўйинларни «Барселона» бироз бўш ўтказиши меҳмонларга қўл келиши ҳам мумкин.

«Барселона» таркибида Умтитидан бошқа ҳамма соғ-саломат, сўнгги ўйинларни жароҳат туфайли ўтказиб юборган Сержио Роберто ҳам сафга қайтди. Аммо Лондон ва Валенсиядаги ўйинларда ўнг қанот ҳимоясида Семеду жуда яхши ҳаракат қилаётганини таъкидлаш керак. «Севилья» таркибида эса, бир қатор етакчи футболчилар жароҳатларидан фориғ бўлишди. Габриел Меркадо, Максим Гоналон, ҳамда Серхио Эскудеро умумий гуруҳда шуғулланмоқда.

ИНТЕР – МИЛАН (21 октябрь, 23:30)

Келаси ҳафта Чемпионлар Лигаси ўйинлари борлиги сабабли, топ-клублар ўз ўйинларини шанба куни ўтказишади. Аммо футбол мухлислари учун якшанба ҳам мазмунли ўтиши аниқ, зеро шу куни бизни Европанинг энг қўҳна ва машҳур дербиларидан бири кутиб турибди. Неча йилдан бери эски даражага қайтишга ҳаракат қилаётган, етарлича пул ҳам сарфлаётган, ўтган мавсумлар бироз ўхшамаган бўлса-да, яна ўз ўйинини топиб бораётган Миланнинг икки жамоаси орани очиқ қилади.

Бу йил ўта барқарор ва кучли «Ювентус»га рақобат қилиш осон эмас, аммо Милан клублари ЕЧЛ йўлланмасини берадиган етакчи ўринлар учун асосий даъвогардирлар. «Милан»нинг турнир жадвали ўрталарида бораётгани ҳам чалғитмасин. «Милан» 1-турда фақатгина «Наполи»нинг иродаси туфайли бой берилган ўйиндан бери ҳали мағлубият нималигини билишмаяпти, сўнгги уч ўйинда эса, ғалабага эришилди.

«Интер»нинг серияси янада кучлироқ – Спаллетти жамоаси охирги 6 ўйинда ғалаба қозонди. Бу ғалабаларнинг иккитаси Чемпионлар Лигасида амалга ошди, айниқса, «Тоттенҳэм» устидан қозонилган ғалаба «Интер»нинг яна катта футболга қайтаётганидан дарак беради. Шунингдек, бу ғалабаларда «Интер»нинг иродасига қойил қолиш керак. Олти ўйиндан бештасида «Интер» минимал ҳисобда ғалаба қозонди ва мана шу беш ўйинда ҳам, ғалаба голи сўнгги 15 дақиқаликда киритилди. Бу ўйинларнинг учтасида «Интер» ҳисобда ортда бораётганди. Бу шундан дарак берадики, Милан дербисида бўлиши мумкин бўлган муваффақиятсиз старт ҳам «Интер»ни синдирмайди, жамоа бундай ҳолатлар учун ҳам тайёр.

«Интер» таркибида Данило Д‘Амброзио, Марсело Брозович, Сим Врсалконинг майдонга тушишлари сўроқ остида. Ҳимоячилар машғулотларга киришишган бўлишса-да, муҳим ўйинда асосий таркибда ҳаракат қиладиган даражада формада бўлмасликлари мумкин. «Милан» сафида эса, иқтидорли ҳужумчи Патрик Кутроне ўйинга тайёр эмас. Шунингдек, Романьоли, Конти ва Калдара каби футболчилар тўлиқ тикланиб улгурганлари йўқ.

Шу йилнинг апрель ойида шу стадионда ўтган учрашувда ҳисоб очилмаганди. «Интер» мезбон саналган биринчи даврадаги ўйинда, яъни 2017 йилнинг 31 октябрида «кўк-қоралар» устун келган. Ўйин тақдирини 90-дақиқада Икарди томонидан аниқ амалга оширилган пенальти ҳал қилганди.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

20 октябрь. «РЕАЛ» – «Леванте» (16:00), «РОМА» – СПАЛ (18:00), «Штутгарт» – «БОРУССИЯ» Д (18:30), «МАНЧЕСТЕР СИТИ» – «Бёрнли» (19:00), «ПСЖ» – «Амьен» (20:00), «ЮВЕНТУС» – «ЖЕНОА» (21:00), «Ҳаддерсфилд» – «ЛИВЕРПУЛЬ» (21:30), «Удинезе» – «НАПОЛИ» (23:30).

22 октябрь. «АРСЕНАЛ» – «Лестер» (23:55)

Ҳаққимизда mohammad.ms

Яна маълумот

12 ёшли гроссмейстерга Тошкентдан уч хонали квартира совға қилинди — фото

Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган «First Saturday GM» халқаро турнирида ўзбекистонлик ёш шахматчи Жавоҳир Синдоров муваффақиятли …