istanbulИстанбулда 29 октябрда янги аэропорт очилиши режалаштирилмоқда. Ҳозирда аэропорт қурилиши 80 фоизга якунланган. Бу ҳақда Туркия транспорт, кемачилик ва алоқа вазири Ахмет Арслон маълум қилди.

“Истанбулдаги янги аэропорт 80 фоизга тайёр. Аллоҳ инояти билан 29 октябрда президент, бош вазир ва кўплаб меҳмонлар иштирокида уни ишга туширамиз. Отатурк халқаро аэропортидаги барча рейслар у ерга 48 соат ичида ўтказилади”, деб айтган Арслон.

Унинг айтишича, янги аэропорт дунёдаги энг катталаридан бири бўлади. Унинг майдони 80 млн квадрат метрни ташкил қилади, у тўлиқ ишга туширилганда 225 минг киши иш билан таъминланади. Аэропорт бир вақтнинг ўзида 114 та самолётни қабул қила олади. Ҳаммаси бўлиб аэропортдан 350 йўналиш бўйича рейслар амалга оширилади.

Вазирнинг маълум қилишича, аэропортга киритилган инвестициялар 10,2 млрд долларни ташкил қилади ва аэропорт фаолиятининг илк 25 йили давомида 22,2 млрд доллар фойда келтиради.

Янги аэропорт шаҳарда Туркия президенти ташаббуси билан амалга оширилиши режалаштирган учта мегалойиҳалардан бири ҳисобланади. Улардан бири амалга ошириб бўлинган. Бу ташаббусга кўра, 2016 йил Босфор бўғози устидан 3-кўприк очилган. Жорий йилда Босфорга параллел равишда оқиб ўтувчи “Истанбул” канали қурилиши бошланиши кутилмоқда.

Истанбулда иккита халқаро аэропорт – Отатурк номидаги ва Сабиҳа Гёкчен номидаги аэропортлар фаолият юритади. Янги аэропорт эса Истанбулнинг Европа қисмида қурилмоқда. Аэропорт йилига 150 млн йўловчига хизмат кўрсатиши режалаштирмоқда. У очилгандан кейин Отатурк номидаги аэропортнинг ёпилиши режалаштирилган.