Главные новости
Главная / Маданият / Исломда музораба
<

Исломда музораба

muzorabaБарчамизга маълумки, бу жамиятда яшайдиган инсонларнинг маънавий ва моддий ҳолати бир хил эмас. Кимларнингдир қўлида сармояси бор, аммо уни қандай кўпайтириш йўлини яхши билмайди. Ёки билсада, вақт топа олмайди. Яна кимлар эса ишбилармон, қаердан, қанча даромад қилишни билади, лекин унинг қўлида сармоя бўлмайди. Агар икковлари бир бўлсалар сармоя эгасига ҳам, иш юритувчига ҳам манфаат бўлади. Қолаверса бундан жамият ҳам фойда кўради. Қарангки, икки томон бир-бирларига эҳтиёжлидир.
Меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло бандалари фойдасини кўзлаб жуда кўплаб ҳукмлар жорий қилган. Ана шу ҳукмлардан бири музорабадир.

   Музораба – луғатда “ер юзида юриш” маъносини билдиради, чунки бу ишни юритувчи шахс ер юзида талаби касб қилади. Истилоҳда эса, кўрилажак фойдадан маълум бир фойдага шерик бўлиш учун сармоя эгаси бирор кишига ўз молини тижорат қилиш мақсадида беришидир. Ҳанафийлар истилоҳида сармоя бир томондан, меҳнат бошқа томондан бўлиши билан олинган фойдада шерикчилик битимидир. Шунинг учун музорабада томонлардан биридан дастмоя, иккинчисидан меҳнат бўлади. Музорабани қироз ҳамда муомала деб ҳам айтилади. Ироқ уламоларининг ҳузурида кўпроқ музораба лафзи ишлатилса ҳижоз фуқаҳоларини наздида қироз сўзи кўпроқ ишлатилади. Моликий ва шофиъий уламолари қироз лафзини ихтиёр қилишган. Ҳанафий ва ҳанбалий уламолари музораба лафзини ихтиёр қилишган. Музорабанинг шариатда жоизлигига тижоратни мубоҳ қилган оятларнинг умумий ёки мутлақ маънолари далолат қилади. АллоҳТаоло“Муззаммил”(20 оят) сурасида марҳамат қилади.”Бошқалар ер юзида юриб Аллоҳнинг фазлини ахтаришини,, (билади).”Бақара”(198 оят)сурасида марҳамат қилади: “Раббингиздан фазл исташингизда сизга гуноҳ йўқ”.Ҳадиси шарифларда ҳам музорабани зикри келган. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Саййидимиз Аббос ибн Абдул Мутталиб молини музораба учун берса, уни денгизга олиб юрмаслик, у билан водийга тушмаслик, ва у ила ҳайвон сотиб олмасликни шарт қилар ва буларни қилса, тўлаб беришни айтар эди”Имом Табароний. Унинг шартлари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассалам)га етганида ижозат бердилар.

     Набий (соллаллоҳу алайҳи вассалам) йигитлик даврларида Хадича онамиз (розияллоҳу анҳо)нинг моллари билан Шомга бориб музораба қилганларини, рисолат келгандан кейин иқрор қилдилар, яъни бу ишнинг жоизлигини тасдиқладилар. Шунинг ўзи ҳам Исломда музорабанинг жоизлигига далилдир.
Музораба битими тузувчилар мақсадига кўра фойдада ўзаро шерик бўлишдир. Музорабанинг рукни ҳам бошқа битимлар каби асосан талаб ва таклиф маъносидаги сўзлардир. Ҳанафий уламолари наздида музорабанинг рукни ижоб ва қабул, яъни бир тарафдан шу ишни қилишни таклиф қилиш, иккинчи тараф эса уни қабул қилиш билан бўлади. Масалан, мулкдор “Бу молни ишлат”, “Молда музораба қил”, олувчи эса “Олдим”, “Қабул қилдим” ва ҳоказо лафзларни айтиш орқали битим тузилади.

  Музорабанинг шартлари

   Музорабанинг дуруст бўлиши учун қуйидаги шартлар топилиши талаб этилади:

1. Вакил қилишгава вакил бўлишга лаёқатли бўлишлари, мусулмон билан бошқа дин вакиллари ўртасида музораба битими тузиш жоиз. Ақлини таниган ёш болаларнинг ҳам ваколати дуруст (Ҳанафийларнинг наздида ақлини таниган ёш боланинг ваколати қарамоғига олган киши изни билан дуруст).

2. Мол берувчи томоннинг моли муомаладаги қийматли нақд пул ёки унинг ҳукмида бўлган нарса бўлиши керак. Шофеъийлардан бошқа фуқаҳолар жумҳури музорабани савдо моллари билан қўшиб ҳисоб чиқаришни ҳам жоиз дейишган.Бунда музораба шартномасини тузиш пайтида ўша савдо молларини нархи чиқарилиб шу қиймат музорабанинг сармояси деб ҳисоб қилинади. Агар дастмоя эгаси иш юритувчига бирор нарса ёки қул бериб уларни сотиб пулини ол ва у билан музораба ишини юрит деса ва иш юритувчи уларни тилло ёки кумушга сотиб иш юритса музораба жоиз бўлади. “Муҳитус сарахсий”да шундай дейилган (Фатовои ҳиндия). Кўчмас ва кўчар мулклардан иборат нарсаларни сармоя сифатида музорабага қўйиш жоиз эмас.

3. Сармоянинг миқдори кейинчалик ўртада низо келиб чиқмаслиги учун аниқ белгиланиши лозим, ҳеч бўлмаганда фойда улар ўртасида тақсимлангунга қадар маълум бўлиши шарт. Агар сармоя миқдори номаълум бўлса, ундан ортган фойдани аниқлаб бўлмайди.

4. Меҳнат қилувчининг фойдадан оладиган насибаси маълум бўлиши лозим. Масалан, фойданинг ярми, учдан бири ва ҳоказо. Аммо, шартномада ишчининг оладиган суммаси аниқ белгиланмаслиги керак. Мисол учун “Мана бу молни музораба қил, ишлат”, фойда кўрсак ўн минг (10 000) сўми сенга бўлади деб битимлашиш жоиз эмас.

5. Сармоя бировнинг зиммасидаги қарз ва ишчининг қўлига олиш имкони йўқ ғойиб маблағ бўлмаслиги лозим. Бир кишининг бировда қарзи бўлса ва ҳақ эгаси бўйнингдаги қарзга музораба ишини юрит деса, музораба моли нақд бўлмаганлиги учун бу битим фасод бўлади.

6. Фойда миқдорининг маълум бўлиши ҳам шарт. Масалан, ишчи бир ишни охирига етказганидан кейин фойдани ҳисоб қилади. Маълум бўлгач, барча харажатлар фойдадан чиқарилиб, қолгани келишувга асосан бўлакларга бўлинади. Чунки шартноманинг тақозоси фойдадаги шерикчиликдир.

7. Мулкдор ишчига бериладиган молни мустақил равишда тасарруф қилиш имконияти билан бериши лозим.

   

Музорабанинг турлари

     Музораба икки турга бўлинади: қайдланган музораба ва мутлақ музораба. Қайдланган музорабада мулкдор ва меҳнат қилувчи қуйидаги кўрсатмаларга риоя этишлари билан иш юритиши мумкин:

1. Мулкдор музораба амалини вақтга белгилаб қўйиши масалан, “Фақат куз мавсумида” ёки “Қишда” ёки “Бир йил мобайнида” деб маълум бир фаслга ёки маълум бир муддатгача чегаралаши бу Ҳанафий ва Ҳанбалий мазхабларида жоиз. Моликий ва Шофеъийларда жоиз эмас.

2. Мулкдор музораба амалини бирор бир юрт ёки маконда бўлишини талаб қилиши мумкин. Масалан, фаолият фақат Тошкентда ёки Самарқандда ёки бирор-бир бозор ичида иш юритишга келишиб олинади. Агар чекланган ҳудудлардан чиқса ва зарар кўрса меҳнат қилувчи сармояни тўлаб беради. Агар фойда кўрса фойдани барчаси мулкдорга бўлади. Меҳнат қилувчига эса иш ҳақи берилади.

3. Мулкдор маҳсулотни турини қайдлаши ҳам мумкин. Масалан, буғдой билан, мато билан ёки товуқ боқиш билан шуғуллангин деб тижоратни хослаши ва уни шарт қилиши жоиз.

4. Мулкдор музорабани бирор шахс ёки фирмага қайдлаши мумкин. Масалан маҳсулотни муайян кишига ёки фирмага сотиш ёки сотиб олишни шартномада белгилаши жоиз.

   Мутлақ музорабада ҳеч қандай қайдларсиз мулкдор молини музорабага бериб ишчи ким билан муомала қилишини, қайси ишни қайси замонда ёки маконда иш олиб боришини белгиламайди. Бу турда ихтиёр ишчининг ўзида бўлади. Бунда у олди-сотди қилиш учун қаерга бориш керак бўлса бораверади, ўзидан бошқаларни вакил қила олади, гаровга олиши, бериши мумкин. Кимларнидир ижарага ёллаб ишлатиши мумкин, сармояни кимларнингдир ҳузурига омонат қўйиши, сотиб олинган молни кимгадир ҳовола қилиши, нақдга ҳам насияга ҳам савдо қилиши мумкин.

Музорабанинг ҳукмлари

1. Музорабада шерикчилик жоиздир масалан, бунда ишчи ўзига тегишли бўлган молларини музораба молларига қўшиб юборади. Натижада у қўшган мол сармояда ҳам шерикка айланади. Фойда ҳар бир шерикнинг сармояси нисбатида тақсим қилинади.

2. Ишчининг қўлидаги музораба моли омонат ҳисобланади. Ушбу мол талофатга учраса ишчи уни тўлаб бермайди. Лекин ишчининг айби билан, ҳаддан ошиши ёки бепарволиги сабабли талофатга учраса ўша сармоядаги молдан қанча зарар бўлиб камайган бўлса ўрнини тўлдиради.

3. Музораба битими тузилгандан кейин фойдада ишчи учинчи бир шахсни ҳам шерик қилиб уни меҳнатга жалб қилиши фақат сармоядор рухсати билангина дуруст бўлади. Аксинча битим фасод бўлади.

4. Ишчи фойдадаги ўз ҳиссасини фақат сармоядорнинг рухсати билан олиши мумкин. Сармоя тўлдирилмагунча фойдадан ололмайди. Чунки фойда сармояни сақлаш учундир.

5. Ишчилар бир нечта бўлиши ҳам жоиздир. Бунда сармоядор музораба қилиш учун бир шартномани ўзида икки ёки ундан кўп кишига ўз молини беради. Уларнинг тажрибасига ва амалига қараб фойда миқдорини тенг ёки ҳархил қилиб белгилаши мумкин.

6. Мол нақд пулга айланмагунча ва сармоядор сармояни қўлга олмагунча ишчи фойда олишга ҳақли эмас. Аммо уларнинг шерикчилик алоқалари маълум вақт ва давомийлиги сабаб маблағни чиқариб олишда нақд бўлмаган маблағларнинг қийматини чамалаб бориш тўғридир. Мол нақд бўлишдан олдин икки тараф тақсимлаб олган нарса умумий ҳисобнинг остига киради. (Худди аванс сифатида олингандек ҳисоб қилинади.)

7. Ишчи музораба иши юзасидан сафарда бўлса, ейиш-ичиш, кийим, ётоқхона харажатлари фойдадан олинади, агар фойда бўлмаса сармоядан олинади. Аммо муқимликда ушбу харажатларни ўз молидан қилади. Агар музораба иши кундалик харажатларни топишдан машғул қилиб қўйса, ишчи музораба молидан ишлатади.

8. Музораба шартномасини икки тараф хам ҳоҳлаган пайтида бузишлари мумкин, лекин бузаётган тараф шеригини огоҳлантириши шарт. Огоҳлантирмаса зарар кўриб қолиши мумкин. Аммо Моликийлар музораба ишига киришгандан кейин бу шартномани ниҳоялаш икки томонга хам мажбурий бўлади. Уни бузиш учун икки тараф келишишлари шарт дейди.Шунингдек томонлардан бирини вафоти ҳам музораба шартномасини бекор қилади.Бундай ҳолатда сармоя товар бўлса,унинг ҳаммасини сотиб фойда чиқарилади ва келишувга асосан тақсим қилинади.

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

tojik-soniya

Тожикча шеърлар / Шерҳо

Дӯст ҳақида тожикча шеър Бархез, то ниҳем сари худ ба пои дӯст, Ҷонро фидо кунем, …