Главная / Маданият / Ислом дини бағрикенглик динидир
<

Ислом дини бағрикенглик динидир

  islomИсломнинг бағрикенглик ва осонлик сифати унинг ўзи етиб борган ерларда тарқалиши ва боқий қолишига таъсир қилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолаҳу алайҳи васаллам аҳли китоблар билан чиройли муомалада бўлар эди. Уларни ҳурмат иззат қилар, касал бўлса бориб кўрар, ҳадялар берар ва ҳадялар қабул қилиб олар эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилган пайтларида у ерда анчагина яҳудийлар бор эди. У зотнинг давлат ишларидаги биринчи амаллари улар билан ақидаларини эҳтиром қиладиган аҳднома тузиш бўлди. Унга кўра, давлат яҳудийларни ўз ҳимоясига олади ва улар ҳам ўз ўрнида Мадинага ёмон қасд қилган кишиларга қарши мусулмонлар билан биргаликда бўладилар. Пайғамбарнинг саллолаҳу алайҳи васаллам аҳли китобдан қўшнилари бўлган. Улар билан яхши қўшничилик қилар, ҳадя бериб, улардан қабул этардилар. Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни масжидга тушириб, ўзлари зиёфат бериб, хизмат қилдилар. У зот шу куни бундай деганлар: “Булар асҳобимизга икромли эдилар, мен ўзим уларни икром этмоқни хуш кўраман”.
Бир марта Нажрон насоролари келганда, уларни ҳам масжидга жойладилар ва унда ибодатларини адо этмоққа рухсат бердилар. Улар масжиднинг бир томонида ибодат қилишса, Расулуллоҳ ва мусулмонлар бошқа томонида намоз ўқишган. Улар динларини ҳимоя қилиб, Расулуллоҳ билан муноқаша этмоқчи бўлганларида, уларни тинглаб, чиройли шаклда мужодала қилганлар. Буларнинг барчаси мулойимлик, одоб ва гўзал ахлоқ билан бўлган. Муқавқиснинг (қибтийлар подшоси) ҳам ҳадясини қабул қилганлар. Унинг юборган жориясини қабул этиб, Иброҳим исмли фарзанд ҳам кўрганлар. Шундан мусулмонларга: “Мен қибтларга яхши бўлишингизни тавсия этаман, чунки сизларда улар билан насаб ва қуда-андачилик бор”, деб васият қилганлар.
Расули акрамнинг юксак инсоний табиатли диний эркинлик тўғрисидаги кўрсатмаларига у зотдан сўнг халифалари ҳам амал қилишди. Умар ибн Хаттоб Байтул Мақдисга фотиҳ сифатида кирганларида, у ернинг масиҳий аҳолиси шаҳарда яҳудийлар билан бирга яшамасликларини шарт қилиб қўйишганда, бунга рози бўлганликларини яхши биламиз. У зот “Қуддус ал-Кубро” черковида эканликларида аср намозининг вақти кириб қолганда, у ерда намоз ўқишдан бош тортдиларки, кейинчалик мусулмонлар буни далил қилиб черковни масжид қилиб олмасинлар, деб!
Миср аҳолисидан бўлган бир масиҳий аёл ҳазрати Умарга ҳовлисини Амр ибн Ос мажбуран масжидга қўшиб олганлиги ҳақида шикоят қилди. У зот Амрдан бу ҳақда сўраганларида, шундай жавоб олдилар: мусулмонлар кўпайиб, масжид уларга торлик қилиб қолди. Масжид ёнида эса бу хотиннинг ҳовлиси бўлган. Амр унинг ҳовлисига бир миқдор пул таклиф қиладилар. Пул миқдорини қанчалик кўпайтирмасинлар, хотин барибир рози бўлмайди. Бу ҳол Амрни ҳовлини бузиб, масжидга қўшиб олишга мажбур этади. Ҳовлининг пули эса хотин қачон хоҳласа, оладиган қилиб, Байт ул-молга қўйилди. Амр қилган ишларида узрли бўлган бу ҳолат ҳозирги қонунларимизда ҳам жоиз, деб билингани ҳолда Умар унинг бу ишларидан рози бўлмайдилар ва Амрга масжиднинг янги биносини бузишга ва хотинга ҳовлиси олдин қандай бўлса, шундай топширишга буюрадилар!
Тарих шоҳидки, Ислом инсониятга диний бағрикенглик, адолат, раҳм-шафқат ва халқлар ўртасида ўзаро ҳурматни олиб келган ягона диний низом бўлди. Чунки Ислом бу зўравонлик, зиддиятлар, урушлар ва террорни таг-томири билан йўқотиш йўли ва адолат, тинчлик, диний бағрикенглик ва фаровонлик кафолатидир.
Мусулмонларнинг бошқа дин вакиллари билан бўладиган муомалаларидаги бағрикенгликка оид қарашларнинг асоси ислом уларнинг онг ва қалбларига сингдирган фикрларга ҳамда очиқ-ойдин ҳақиқатларларига бориб тақалади. Уларнинг энг асосийлари қўйидагилар:

1. Дини, жинси ва ранги қанақа бўлишидан қатъий назар инсон зотининг асли бирлиги ва одам зотининг мукаррамлиги.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади :

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”.

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло одам боласини борлиқдаги барча нарсадан азизу мукаррам қилиб яратганини айтмоқда. Аллоҳ таоло, яна, одам боласини Ўзи берган ақл билан мукаррам қилиб қўйди. Ақли билан инсон бошқа ҳамма махлуқотлардан устун туради.
Авваллари инсонлар тупли халқлар, қабилалар, ирқлар ва табақаларга бўлинар эди. Улардан баъзилар устин, бошқалари остин ҳисобланарди. Мазкур табақалар орасидаги тафовут жуда ҳам улкан бўлиб, баъзида инсон билан ҳайвон, ҳур билан қул ва обид билан маъбуд орасидаги тафовутга тенг келар эди. Бинобарин, инсоният бирлиги ва башарият тенглиги ҳақида мутлақо фикр ҳам юритилмас эди.
Бас, Муҳаммад соллаллаҳу алайҳи васаллам узоқ давом этган сукунатдан ва зулматдан сўнг мазкур инқилобий, ақлларни даҳшатга солувчи ва вазиятларни ўзгартирувчи ҳукмни эълон қилдилар: “Эй одамлар! Албатта, сизнинг Роббингиз бирдир. Албатта сизнинг отангиз бирдир. Ҳаммангиз Одамдансиз. Одам тупроқдандир. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Арабнинг ажамдан фазли йўқ, магар тақво ила”, дедилар.

2. Инсонларнинг турли динларга мансуб бўлиши Аллоҳ таолонинг иродаси эканини эътироф этишлик.

Чунки Аллоҳ таоло инсон зотига бирор нарсани қилиш ёки қилмаслик борасида ихтиёр берган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Каҳф сурасининг 29-оятида шундай марҳамат қилади: Айтинг: “(Бу Қуръон) Раббингиз (томони)дан (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши имон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин”…..
Мусулмон киши барча нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиш ва иродаси билан бўлишини, У зотнинг иродасини рад қилувчи йўқлигини ва Аллоҳ таоло фақатгина яхшиликни қилишини яхши билади. Шунинг учун ҳам мусулмонлар инсонларни исломни қабул қилиб барчаси мусулмон бўлишлиги учун мажбурлаб тазйиқ ўтказмайдилар. Бу борада Аллоҳ таоло Расулига хитоб қилиб шундай марҳамат қилади: Агар Раббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлур эдилар. Бас, Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?!.

3. Барча одамлар орасида ўзаро танишув ва тотувлик бўлиши зарурлиги.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 13-оятида шундай марҳамат қилади: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.
Демак, одамларнинг асли бир: ҳаммалари Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалганлар. Айни чоғда, Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб ҳам қўйганини таъкидламоқда. Инсонларнинг турли халқ ва қабилаларга бўлинишининг сабаби эса, ўзаро танишиш, маърифат ҳосил қилиш эканлиги уқтирилмоқда.
Кишилар ўзларича мезон тузиб, бирларининг иккинчиларидан афзалликларини ўлчаб юришади. Кимдир мол-мулкига қараб, кимдир ҳасаби-насабига қараб, яна бирлари танасининг рангига қараб, яна кимдир қабиласи ёки миллатига қараб ва ҳоказо ўлчовлар воситасида ўзини устун қилиб кўрсатади. Ҳамма бир ота ва бир онадан тарқалганлигини, у ота-оналар эса, тупроқдан яратилганини унутиб қўяди.
Пайғамбаримиз саллолаҳу алайҳи васаллам Абу Зарр Ғифорий ( р.а.) га: “Назарсол, сенинг агар тақвода ортиқлигинг бўлмаса, қизилдан ҳам, қорадан ҳам яхши эмассан”, – дедилар.

4. Биргаликда яшаш. Исломда мусулмонларга қарши уруш қилмаган бошқа дин вакиллари билан тинч-тотув яшаш, уларга яхшилик қилиш ҳамда адолатли бўлиш йўлга қўйилган.

Аллоҳ таоло Мумтаҳана сурасининг 8-оятида шундай марҳамат қилади: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”.
Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва диёнат вакиллари билан агар улар мусулмонларга диний адоват ила уруш қилмаса ва уларни сиқувга олиб ўз диёрларидан чиқариб юборишга уринмаса, яхши алоқада бўлишга буюрмоқда ва уларга нисбатан адолатли бўлишни таъкидламоқда.

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

masjid

Масжидлардаги ваъзлар мавзуси яна давлат назоратига қайтарилди

Ўзбекистонликлар 21-23 август кунлари расман Қурбон ҳайитини нишонлаëтган кезда Озодликка “Тошкентнинг “Чўпонота” масжидида Қурбон ҳайити …