Главные новости
Главная / Иқтисодиёт / «Ишсизлик, коррупция, бозорлар учун рақобат ва экология…» – Ўзбекистон яқин ўн йилликда тўқнашадиган энг долзарб муаммолар ҳақида
<

«Ишсизлик, коррупция, бозорлар учун рақобат ва экология…» – Ўзбекистон яқин ўн йилликда тўқнашадиган энг долзарб муаммолар ҳақида

Ўзбекистон яқин ўн йилликда тўқнашиши мумкин бўлган энг долзарб муаммолар қайсилар ва уларга қандай ечим топилади? Бу борада сиёсий партиялар раҳбарларининг фикри билан қизиқдик.

Яқинлашиб қолган сайловлар олдидан партия раҳбарлари ва жамоатчилик иштирокидаги мулоқотлар шу кунларда авж палласига кирди.

Бу каби учрашувларда айтилаётган айрим фикрлар жамоатчилик томонидан бирда норозилик, бирда шунчаки кулги билан кутиб олинаётгани рост. Бу ҳақда жуда кўп ёзиляпти. Аммо, шу ҳолатда ҳам партиялар ва уларнинг раҳбарлари жамоатчилик учун илк бор «очилаётгани», мулоқотга киришаётганини фақат ижобий ҳолат сифатида баҳолаш мумкин.

Бир муддат аввал сиёсий партия раҳбарларидан Ўзбекистон яқин йилларда ҳал қилиши керак бўлган учта муҳим масала ва уларнинг ечими борасида фикрлари сўралганди, бу сафар лидерларга Ўзбекистон яқин йилларда тўқнашиши мумкин бўлган энг долзарб масалалар борасидаги савол билан юзландик.

Наримон Умаров, «Адолат» социал-демократик партияси етакчиси:

«Фикримча, Ўзбекистон яқин ўн йилликда ишсизлик, коррупция, инфратузилма заифлиги, инвестициялар етишмовчилиги, норасмий (хуфёна) иқтисодиёт улуши юқорилиги, таълим сифати пастлиги, шунингдек, олий маълумотли кадрлар етишмаслиги каби муаммолар билан тўқнашиши мумкин».

Наримон Умаров саволга жавоб бериш асносида шунингдек, Ўзбекистон яқин ўн йилликда амалга ошириши керак бўлган муҳим масалаларга ҳам эътибор қаратди. Унинг айишича, дунё бозорига рақобатдош маҳсулот олиб кириш, ва бунинг учун замонавий технологияларни жорий этиш дастлабки муҳим масалалардан ҳисобланади.

Кейинги масалалар:

– Тадбиркорликни ривожлантириш учун шунга мос равишда инфратузилмаларни ҳам талаб даражасида ривожлантириш (йўллар, электр тармоғи, коммуникация, АКТ ва бошқалар);

 Демографик ўсишни ҳисобга олган ҳолда 10 йил ичида аҳоли кичик ва ўрта тадбиркорлик билан шуғулланиши учун катта имтиёзлар бериш;

 Кейинги ўн йилликда қишлоқ ҳудудларидаги аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш масаласи.

Бу борада қишлоқ жойларда (намунавий уй-жой қуриш имкони йўқ жойларда инфратузилмага боғлиқ) фуқароларга уй-жой қуриш учун ер майдонлари ажратиб бериш муҳим ҳисобланади. Сабаби, қишлоқ ва овулларда аҳоли сони ошиб бормоқда ва ҳозирги кунда уй-жой қуриш учун ер майдонлари фақат аукционда сотилмоқда, кам таъминланган оилалар бирданига ер сотиб олиши қийин.

Агар бу масала ўз вақтида ҳал қилинмаса, қишлоқ жойлардаги аҳолининг норозичилигига сабаб бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда намунавий уйлар қуриш ишлари 2009 йилда бошланган эди. Орадан 10 йил ўтди, аммо намунавий уйлар инфратузилмаси (ичимлик сув, канализация, газ таъминоти) етарли бўлмаган жойларда ҳолат оғирлашиши мумкин.

Алишер Қодиров, «Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси:

«Яқин ўн йил ичида Марказий Осиё минтақасида ва умуман, бутун дунёда бозорларни эгаллаш учун рақобат янада кескинлашади. Демак, сиёсий ва иқтисодий жараёнлар ҳам ўз-ўзидан жиддий фаоллашиши кутилади.

Бир нарса аниқ: Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг жамият ва иқтисодиётимизни қанчалар ўзгартира олиши яқин 100 йилликдаги ҳолатимизни ҳам белгилаб беради. Бу жараёнда жамиятнинг онгли хотиржам ва тадбиркорларни самарали фаол бўлиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Мен бу борада Ўзбекистонда иккита муҳим қарор қабул қилиниши зарур деб ҳисоблайман:

1) Шахслар ва Хўжалик юритувчи субъектлари учун 2020 йилнинг 1 январидан Солиқ амнистиясини эълон қилиш.

Бу қарор тадбиркорлар ислоҳотларга ишонишига ва шаффофлашувга олиб келади. Ўз ўрнида иқтисодиётимизга қўшимча ресурслар тақдим этади;

2) Таълимга «узлуксиз тарбия тизими»ни жорий қилиш.

Бу яқин 10-15 йилда давлат-жамият ўртасида конструктив-ижобий ҳамкорлик руҳини яратишига ишонаман».

Актам Хайитов, Либерал-демократик партия етакчиси

«Либераллар» етакчисининг таҳлилларига кўра, Ўзбекистон яқин ўн йилликда дуч келадиган энг долзарб муаммолардан бири бу – аҳолининг иш ўринларига бўлган ўсиб борувчи талабни қондириш масаласи ҳисобланади.

«Шунингдек, ривожлантириш талаб этиладиган соҳаларда малакали кадрлар етишмовчилиги, тадбирокрликни жадал ривожлантириш учун зарур инфратузилма  (ахборот-коммуникация, транспорт логистика соҳалари) яхши ривожланмагани муаммоси яқин ўн йилликда олдимизда катта тўсиқ бўлиши мумкин», дейди у.

Актам Хайитов Ўзбекистонда биринчи навбатда эътибор қаратилиши зарур бўлган вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди.

Унга кўра, қуйидаги масалаларни ҳал этиш халқимизнинг ҳаёт даражасини яхшилашда муҳим омил ҳисобланади:

1) жон бошига ялпи ички маҳсулотни 2030 йилгача камида 2 баробарга ошириш, бунинг учун реал сектор тармоқларида инвестициялар киритишни кўпайтириш, модернизациялаш, иннновацияларни жорий қилиш, меҳнат унумдорлигини камида 2 баробар ошириш;

2) Меҳнат бозоридаги вазиятни барқарорлаштириш, яхши ҳақ тўланадиган иш ўринларига бўлган ўсиб борувчи талабни қондириб бориш ва малакали кадрларни етиштиришни таъминлаш, ҳар йили саноат, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида камида 450-500 минг иш ўринлари яратилишини таъминлаш;

3) Ахборот-коммуникация, транспорт логистика соҳаларини жадал ривожлантириш;

4) Бизнес юритишнинг қулай шароитини таъминлаш, тадбиркорлик учун шароитни кенгайтириш, «Ҳар бир оила – тадбирко«» тамойилини ҳаётга кенг татбиқ этиш, 2025 йилга қадар оилаларнинг камида 60 фоизини ушбу дастур билан қамраб олиш.

5) хусусий мулк дахлсизлигини, тадбиркорлик ва тадбиркорларни ишончли ҳимоялашни таъминлашда судларнинг ролини кучайтириш.

Улуғбек Иноятов, Ўзбекистон Халқ демократик партияси лидери:

«Илёсбек, келинг, Ўзбекистон учун янги имконият ва шароитлар ҳақида суҳбатлашсак. Ана шундай имкониятлардан биринчиси, ислоҳотларнинг стратегик мақсадига эришиш – 2030 йилда даромад даражаси бир кишига яшаш минимумидан камида 1,5 баравар ошиқ бўлган ҳисобдаги дунёнинг ўртача ривожланган мамлакатлари қаторига кириш билан очилади.

Европа мамлакатларида бундай даромадга эга кишилар ўрта синфга кирадилар ва аҳоли умумий сонининг камида 70-80 фоизини ташкил этади.

Яқин 5-10 йил ичида кам таъминланган кишиларнинг улушини икки баробарга қисқартириш ана шундай даражага эришиш шарти ҳисобланади.

Бу бизга ўртача ривожланган мамлакатлар эришган таққослама даражани ва кўпчилик аҳолининг турмуш сифатини таъминлаш учун имкониятлар эшигини очади».

Борий Алихонов, Ўзбекистон экологик партияси етакчиси

«Яшиллар» партияси лидери Ўзбекистон яқин йилларда тўқнашиши мумкин бўлган энг долзарб масалаларнинг барчасини экологик муаммоларда кўриши маълум бўлди.

«Ҳозирнинг ўзида бўй кўрсатиб турган ва яқин ўн йилликда янада даҳшатли тус оладиган муаммоларимиздан биринчиси бу – Сув ресурсларининг танқислиги масаласи.

Биласизми, 1 кг картошкани етиштириш учун 100 литр сув ишлатилади, 1 кг гуруч учун 4000 литр, 1 кг мол гўшти етиштириш учун эса ўртача ҳисобда 13000 литр сув сарфланади.

Бу борада иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувни тежайдиган, шу жумладан томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланишга қаратилган лойиҳалар амалиётга татбиқ этилиши ҳисобига сув сарфини камайтиришга эришиш ҳамда суғориладиган ерларнинг 25 фоизигача майдонида сувни тежовчи (томчилатиб суғориш) самарали технологияларни жорий этишни таъминлаш ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий этаётган деҳқон-фермерларга ажратилаётган субсидия қийматини икки баробарга оширишга эришиш лозим.

Иккинчидан, иқлим ўзгариши кескинлашуви ва ҳарорат кўтарилиши.

Бу борада иқлим ўзгаришига мослашув механизмини ишлаб чиқиш ва экологик шароитдан келиб чиқиб ҳудудларни районлаштириш олдимизда турган долзарб масала ҳисобланади.

Учинчидан, Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида транспорт воситалари кўпайиши ҳисобига йўлларда тирбандликлар ошиб бориши ҳамда йўл инфратузилмамиз такомиллаштиришга муҳтожлиги масаласи.

Бунда шаҳарсозликни лойиҳалаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш, инфратузилма ва логистика тизимини такомиллаштириш масаласи эътибор марказига чиқади.

Тўртинчидан, табиий ресурсларнинг камайиб бориши муаммоси.

Бу борада табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонунларни кодификация қилиш ва Ўзбекистон Республикасининг Экологик кодексини қабул қилиш масаласи ҳам ўта долзарб масала ҳисобланади.

Бешинчидан, аҳолини электр энергия билан етарли даражада таъминлаш муаммоси.

Ушбу муаммони ҳал қилишнинг ягона ечими бу – энергетика тармоғини диверсификациялашни таъминлаш ҳисобланади».

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

nva88muiwgreaubb3uny-kncbrragwpz

Қашқадарёда далани пайҳон қилган қўйлар сўйиб ташланди

Ижтимоий тармоқда Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида далани пайҳон қилган қўйлар сўйиб ташлангани тўғрисида хабарлар тарқалди. …