Главные новости
Главная / Маданият / Инсон умри бебаҳо неъмат
<

Инсон умри бебаҳо неъмат

soatСуҳбатимиз инсон умри, шу умрдан унумли фойдаланиш ва касб-кор қилиш ҳақида экан, аввало шуни айтиш лозимки, умр инсониятга берилган энг бебаҳо неъматдир. Инсоннинг яратилиши, ҳаёт кечириши ва охир оқибат дорулфанодан дорулбақога риҳлат қилиши Аллоҳ томонидан жорий қилиб қўйилган ўзгармас қонундир. Хўш, инсонга умр ўзи нима учун берилади, инсон бу ҳаётда қандай ишларни амалга ошириши керак, деган саволлар туғилиши табиийдир. Ушбу саволларга жавобан Ҳақ таборака ва таоло Қуръони Каримнинг Мулк сурасида шундай деган:

“У (Аллоҳ) сизларнинг қай бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир ”.

Ушбу ояти каримадан инсон умри бекорга берилмагани, уни ҳуда-беҳуда ишлар, кайфу сафо ва бекорчилик, дангасалик ва тамбаллик билан зое қилиш учун эмас, балки, хайрли амаллар, фойдали ишлар, элу юртга манфаат келтирадиган ҳамда охират учун захира бўладиган буюк ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсат экани ойдинлашади.
Инсон умри чекланган. У маълум йиллар, маълум ойлар, кунлар, соатлар, дақиқалар, борингки, маълум лаҳзалардан иборат. Шундай экан, ўтаётган ҳар бир онимизнинг қадрига етмасак, вақт ҳамиша бизнинг зараримизга ишлайди. Машҳур тобеъинлардан Ҳасан Басрий ҳазратлари: “Эй одам боласи, сен маълум кунлардан иборатдирсан. Сен учун бир кунинг кетиши бир қисминг, бир бўлагинг кетиши демакдир”, деган эканлар.
Вақт мусулмонлар ҳаётида энг аҳамиятли масалалардан биридир. Вақт ҳаёт демакдир. Ўтаётган ҳар дақиқа-ю сония, соат, кун, инсон умрининг ўлчовидир. Вақт шундай маблағки, уни эртанги кунга ғамлаб қуйиш мумкин эмас. Қуръони Каримда вақтнинг бебаҳо ва қадрига етиш лозим бўлган улуғ неъмат эканига ошкора ёки зимдан далолат қилувчи кўплаб ишоралар бор. Аллоҳ таоло вақтнинг бўлаклари ва ажралмас қисми бўлмиш кеча ва кундузга қасам ичади. Тонгга, чошгоҳ вақтига қасамёд қилади. Масалан, Лайл (тун) сурасида “Борлиқни ўз зулмати билан ўраб келаётган кечага қасам”, Зуҳо сурасида “Чошгоҳ вақтига қасам”, дея марҳамат қилади. Гоҳида эса тўғридан-тўғри вақт-замонга қасамёд қилиб, “Замонга қасамки, инсон зоти зиёндадир”, дейди. Муфассирлар сўзига кўра, Аллоҳ таоло Ўз бандалари ва махлуқотларидан бири билан қасам ичса, бу қасам ичилаётган у ёки бу мавжудотнинг буюклигига ва қадри баландлигига ишора қилиш билан бир қаторда қасамдан сўнг айтиладиган нарсанинг ҳам юксак аҳамиятга молик эканлигини билдиради.
Пайғамбар алайҳис-салом суннатларида ҳам вақт қиймати алоҳида таъкидланади. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб дедилар: “Банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчиси – умрини нима билан ўтказгани, иккинчиси – ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани, учинчиси – мол-дунёни қай йўсинда (ҳалол йўл биланми ёки ҳаром йўл биланми) топгани ва нималарга сарфлагани, тўртинчиси – ўрганган илмига қандай амал қилгани (ҳақида сўралади)” (Баззор ва Табароний ривояти).
Инсон умрининг ҳар бир давридан умумий равишда, ёшлик давридан эса, ўзига хос шаклда сўралади. Ёшлик-йигитлик умрнинг бир бўлаги, лекин унинг бошқа даврлардан ажралиб турувчи ўзига хос аҳамиятли тарафи бор. У ҳаёти ғайрату шижоатга, ўткинчи мақсадга тўла ёшдир. Ёшлик икки заифлик – гўдаклик ва кексалик орасидаги жисмоний қувватга тўлишган бир даврдир. Рум сурасининг 54-оятида бундай дейилади: “Аллоҳ шундай зотдирки, У сизларни ночор нарсадан (яъни, бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизлар учун) ночорликдан кейин куч-қувват (пайдо) қилди, сўнгра куч-қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди…”
Кишининг гўдаклиги заиф бўлган давридир. Кексалиги ҳам заифлик даври. Демак, ўртада оз муддатга ёшлик-йигитлик деб аталмиш куч-қувватли давр берилар эканки, унинг қадрига етиш, бу оз муддатни яхши ишларга сарфлаш, ҳалол касб-кор қилиш, илм олиш, фарзандларини келажакда элу юртига хизмат қиладиган, жамиятга манфаат келтирадиган олим, фозил, ҳунарманд, тадбиркор, солиҳ кишилар бўлиб вояга етишларини таъминлашга ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқдир.
Набий алайҳис-салом марҳамат қилиб дедилар: “Икки буюк неъмат борки, кўп одамлар улар борасида алданиб қоладилар. Улар сиҳҳат-саломатлик ва бўш вақтдир”.  Ушбу муборак ҳадисда саломатлик билан вақт неъматининг аҳамияти жуда гўзал шаклда, ўта балоғатли тарзда баён қилинган. Араб тилидаги “ғабн” сўзи “алданиб қолиш, чув тушиб қолиш” маъноларини англатиб, у аслида тижорат ва олди-сотдига тааллуқли сўз ҳисобланади. Тожирлар ўз сармояларини эътиборсизлик билан нобоп нарсаларга ишлатиб қўйсалар, чув тушадилар, алданадилар. Худди шунга ўхшаб вақт билан саломатлик ҳам дунё тижоратхонасига келган инсон сармояси экан. Шу боис, ҳам ҳадисда бу икки нарсада кўплар алданиб қолиши, чув тушиши хабар берилмоқда. Мазкур ҳадисдан келиб, чиқиб, Аллома Муновий ҳазратлари ҳар бир инсонни тижоратчига, саломатлик билан бўш вақтни эса сармояга ўхшатган эканлар. Инсон қўлидаги саломатлик ва бўш вақт аталмиш сармоясини чиройли тадбир билан тасарруф қилса, фойда кўради. Акс ҳолда чув тушади.
Лекин, афсуски, инсон боласи куч-қувватга тўлиб, соғ-саломатлиги яхши пайтида умрининг қадрига етмайди. Дунёнинг ҳамма ишларига бемалол улгурадигандек юраверади. Алишер Навоий бобомиз ибораси билан айтганда “Умр гулшанининг баҳори” ва “ҳаёт шабистонининг наҳори”ни кечираётган ёшлик йиллари завқ-шавқлари фаввораси жўшқинлигидан киши умр баҳори ва унинг мунаввар тонги жуда тез ўтиб кетганини пайқамай ҳам қолади.

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман бош имом – хатиби 

 

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

tojik-soniya

Тожикча шеърлар / Шерҳо

Дӯст ҳақида тожикча шеър Бархез, то ниҳем сари худ ба пои дӯст, Ҷонро фидо кунем, …