Главная / Маданият / ИНСОФ – ИЙМОН ЧИРОҒИ
<

ИНСОФ – ИЙМОН ЧИРОҒИ

chirogМуқаддас динимизнинг барҳаёт таълимотлари инсонлар ўртасидаги муносабатларда ҳамиша адолат, инсоф, ҳалоллик бўлишини талаб этади ва одамларни шунга чорлайди. Аллоҳ таоло Ўзининг улуғ каломида шундай марҳамат қилади: “Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутувчи, адолат билан гувоҳлик берувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир” (Моида сураси, 8-оят).
Адл яъни адолат бу Исломнинг асоси, бутун борлиқнинг низоми ва Аллоҳнинг гўзал исмларидан биридир. Ушбу ояти карима баҳс этаётган ва сўзлаётган “адолат” кўринишларидан бири инсофдир. Инсоф, адолат ва виждон каби сўзлар гарчи зоҳирдан бир-бирига яқин маъноларни ифода этса-да, аммо уларнинг келиб, чиқиши ва аслий маънолари жиҳатидан мазкур сўзлар ўртасида нозик фарқлар бор. Инсоф сўзи луғатда “ўзига ярмини олиб, бировга ярмини бериш” маъносини англатади. (Абу Ҳилол Аскарий: “ал-фуруқ ал-луғавийя”). Демак, инсоф фақат ўзини ўйламасдан, фақат ўз фикрини тўппа-тўғрию бошқаларники турган-битгани хато демасдан, ўзгаларнинг ҳам ҳақларига риоя қилиш, ўзгаларнинг ҳам фикрини ҳурмат қилиш, ҳатто душмани бўлса ҳам ундаги фазилатни кўра билиш, ютуғини тан олиш каби маъноларга далолат қилади. Доно халқимизда ҳам айтаётган ушбу фикрларимизни қўллаб-қувватлайдиган сўзлар бор. Мисол учун, халқимиз: “инсоф сари барака!” деган сўзни кўп ишлатади. Буни қандай тушуниш мумкин? Шундай ҳолатлар бўладики, бировнинг ҳақига риоя қилишда ҳечқандай ёзма қонун-қоида, ҳеч қандай қонуний мажбурият бўлмайди. Аммо, киши инсоф туйғуси билан ўша инсоннинг ҳаққини тўлиқ адо этади. Фақат ўзини ўйламасдан бировни ҳам ўз ўрнига қўйиб кўради ва юқорида айтганимиздек, ўзи билан ўзгани тенг қилади ва қилган тасарруфоти ҳам ўзи билан ўзга ўртасида “ярим-ярим” бўлади.
Тилшунос аллома Абу Ҳилол Аскарий айтганларидек, аслида инсоф сўзи бир нарсанинг ярмини бировга бериб, ярмини ўзига олиш маъносини англатган. Кейин эса урф тақозосига кўра бу сўз кўчма маъноларда ҳам ишлатила бошлаган ва фақат моддий ҳақ-ҳуқуқларда эмас, маънавий ҳақ-ҳуқуқларда ҳам қўлланиш одат тусига кирган. Демак, халқимиздаги мазкур “инсоф сари барака!” деган нақлнинг мазмуни “фақат ўзингни ўйлайверма, инсоф қил, ўзгаларни ҳам ўйла! Ана шунда зоҳирдан худди ҳақинг кетиб қолаётгандек, туюлса ҳам Аллоҳ инсоф қилганинг учун ишингга, молингга барака беради!”, деган маъноларни англатади.
Юқорида тилга олинган ояти каримага яна қайтамиз. “Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутувчи, адолат билан гувоҳлик берувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир” (Моида сураси, 8-оят). Бу ояти кариманинг мазмуни айнан инсоф ҳақида сўз юритади. Инсоф сўзининг асл келиб чиқиш маъносини бежизга айтмадик. Зеро, бу нарса инсофли бўлишни истовчи ҳар қандай одам учун инсоф сари юришига ёрдамлашувчи восита бўлади. Буни билган одам инсоф ҳаётимизнинг жуда кўп жабҳаларини қамраб олиши, жуда кўп ўринларда амал қилишини билиб олади. Гоҳо, сиз билан бошқа бир киши ўртасида бирор муаммо юзага келиб қолади. Бу вазиятда эҳтимол, сиз ноҳақ, нариги киши эса ҳақ ўринда бўлиши мумкин. Сиз золим, у эса мазлум бўлиши мумкин. Ана шундай ҳолатларда адолат ва инсоф мезони хатоингизни тан олиб, Аллоҳга тавба қилишга ва зиммангиздаги бировнинг ҳаққини адо қилишга чақиради. Мана шу ҳам инсофдир.
Гоҳо, шундай вазият бўлиб қоладики, ўртангизда келишмовчилик, ёхуд адоват бўлган, ёки сиз ёқтирмайдиган бир одам ҳақида сиздан сўралади, гувоҳлик беришингиз керак бўлиб қолади. Мисол учун ўша кишини куёв қилмоқчи бўлганлар, ёхуд фарзандларини куёв ёки келин қилмоқчи бўлганлар сиздан у инсоннинг оиласи ҳақида суриштириб келишади. Шу ўринда ҳам инсоф тушунчаси у одам ҳақида бор гапни адолат билан гапиришга, йўқ нарсани қўшиб туҳмат қилмасликка ва фазилатларини ҳам юзага чиқариб, очиқ баён қилишга чақиради. Ахир, Аллоҳ таоло айтяпти: “Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин!”.
Баъзан инсонлар ўртасидаги муомалотларда адолат ва инсоф мезонларининг бузилиш ҳолатлари кузатилиб туради. Масалан, айрим кишилардан тижорат ёхуд уйланиш, турмуш қуриш борасида маслаҳат сўралса, бу фурсатни ғанимат билиб, уни ўзига ёқмайдиган кишидан ўч олиш, қандайдир зарар етказиш учун васила қиладилар. Бу ҳам Аллоҳ васфлаган адолат ва тақво тушунчаларига тўғри келмайдиган манфур ишлардандир.
Муқаддас динимиз кишиларни инсофга одатлантириш учун амалий бир услубни йўлга қўйган бўлиб, унинг асоси Қуръони каримда келганидек, мўминларнинг ўзаро ака-ука эканликлари, шунингдек, ҳадиси шарифларда айтилганидек, уларнинг ўзаро муносабатларида бамисоли бир тана каби эканликлари ҳақидаги ўгитлардан иборат. Жамият аъзолари бамисоли бир тана экан, улардан бирига нисбатан содир қилинган инсофсизлик ва зулм жамиятнинг бошқа аъзоларига ҳам таъсир қилиши муқаррар. Шу боис ҳам динимиз таълимотларида инсоф инсоний алоқаларни муҳофаза қилишнинг асосий воситаси қилиб белгиланган.
Манбаларда келишича, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг жиянлари ва куёвлари бўлмиш ҳазрат Али каррмаллоҳу важҳаҳу ўз ўғиллари Имом Ҳасан разияллоҳу анҳуга инсоф борасида шундай ўгитлар билан насиҳат қилган эканлар: “Эй ўғлим! Ўзинг билан ўзгалар ўртасидаги муомалангда ўз нафсингни мезон қил. Ўз нафсинг учун яхши кўрган нарсангни биров учун ҳам яхши кўр. Ўз нафсинг учун ёмон кўрганинг ишни бировга нисбатан ҳам раво кўрма. Ўзингга зулм қилинишини ёқтирмаганинг каби бировга ҳам зулм қилма. Ўзингга (Аллоҳ томонидан) эҳсон-яхшилик қилинишини севганингдек, ўзгаларга ҳам эҳсон-яхшилик қил. Бировнинг хулқида хунук санаганинг ишни ўз хулқингда ҳам хунук санагин. Ўзганинг феълида гўзал санаганинг ишларни ўз нафсинг учун ҳам гўзал ва керакли деб бил. Билмаган нарсангни гапирма. Билган нарсангни гапир. Ўзингга қарата айтилишини ёқтирмаганинг сўзни бировга ҳам гапирма”.
Ҳазрат Али разияллоҳу анҳунинг бу сўзларида олам-олам маъно мужассам. Инсон ўзгалар билан муомаласида ўз нафсини мезон қилиши. Биров бизга ёлғон гапиришини, алдашини хоҳламаймизми? Демак, бошқаларга ёлғон гапирмайлик. Биров бирор нарсамизни ўғирлашини қабул қила олмаймизми? Демак, бировдан биз ҳам ҳеч нарса ўғирламайлик. Биров бизга кибр қилиб, ерга уришини истамаймизми? Демак, биз ҳам ўзгаларга таҳқиромуз ва такаббурона муомала қилмайлик. Шундай қилиб, ҳар доим ўзгаларга нисбатан қиладиган муомалаларимизда ўзимизга ўзимиз: “Мен шу муомалани ўзим учун бўлишига рози бўлармидим?!”, деган савол қўяйлик. Мана шу ИНСОФдир.
Инсоф айтиб ўтганимиздек, ҳаётнинг ҳамма жабҳаларига тегишли бўлган нарса. Одамлар орасида барча муомала ва муносабатларда бўлиши керак бўлган нарсадир. Бу муносабатлар орасида савдо-сотиқ ва олди-бердилар ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро савдо-сотиқ қилишда харидор ҳаққига риоя қилиш, тарози ва ўлчовларда бошқаларга хиёнат қилмасликни буюрган. Қуръони каримнинг бир неча оятларида савдо-сотиқдаги ҳалоллик, тарози ва ўлчовлардан уриб қолмаслик мусулмон ахлоқининг ажралмас қисми эканига эътибор қаратилади ва харидор ҳақига хиёнат қилиш оғир гуноҳлардан экани таъкид қилинади. Бу борадаги оятларнинг энг машҳурлари Қуръони каримнинг Мутаффифин сурасида келган (мазмуни): “(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир”! (Мутаффифин, 1-3).
Ояти каримадаги “вайл” сўзи “вой, ҳалокат” маъноларини ва “дўзах водийларидан бирининг номи” ни англатади. Тарозидан, ўлчовдан уриб қолувчилар ҳолига вой бўлсин, дейиляпти. Яъни, улар бу қилмишлари билан ўзларини ҳалок қилишади.
Ояти каримада тарозу ёки ўлчовдан уриб қолувчилар “مطففين” (мутаффифийн) деган сўз билан ифодаланди. Бу сўз “арзимас, кичик, паст нарса”ни англатувчи “طفيف” (тафиф) сўзидан олинган. Чунки, уриб қолувчилар ҳар доим, ҳар мижоздан ўта арзимас миқдорни уриб қоладилар. Масалан, 10 метр газлама харид қилмоқчи бўлсангиз, у сизга 9 метру 90-95 сантиметр беради. Сиз буни ё биласиз, ё билмайсиз, билсангиз ҳам 5-10 сантиметр учун жанжаллашгингиз келмайди. Cотувчи эса ўша арзимас, ҳақир миқдорлар йиғиндисидан қолган умумий миқдорга кўз тикади. Тарозуда ҳам шундай арзимас-арзимас миқдорда кам бериб, тарозудан уришади. Шу билан ўша уриб қолувчи савдогар аслида ўзини пастга ураётганини, ўз ғурури ва виждонини арзимас, ҳақир нарсага алмаштираётганини фарқламайди. Айнан шу нарса ояти каримада “мутаффифлар”га яъни арзимас нарсаларни уриб қолувчи савдогарларга вайл бўлсин дея ифодаланишида ҳам олам-олам маъно яширинган. Шу сўзнинг ўзида керакли ибрат ва насиҳат мужассам бўлган.
Ўзини ҳурмат қилган, ўзини олийжаноб ҳисоблаган инсон бундай паст ишни қилишдан ҳазар қилади. Аллоҳдан ҳаё қилади. Шу тариқа оила, бола-чақасини боқмайди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсоф, ҳалоллик, адолат ва виждонлилик тушунчалари динимиз Исломнинг барҳаёт таълимотларида бот-бот таъкидланган муқаддас тушунчалар бўлиб, уларга доимо риоя қилишимиз, одамлар билан амалга оширадиган барча муомала ва муносабатларимизда оғишмасдан амал қилишимиз лозим бўлган маънавий мезон ҳисобланади. Агар инсоф ва адолатни, ҳалоллик ва виждонни ўзимизга мезон қилсак, иншоаллоҳ дунёю охират яхшиликларига эга бўламиз, жамиятимиз янада жипс ва мустаҳкам жамият бўлиб, гуллаб яшнайди. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзидан қўрқадиган, инсофли, адолатли ва ҳалол инсонлардан бўлишимизни насиб айласин!

Реклама

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

Намоз ракатлари

НАМОЗДАГИ РАКАТЛАР:  ТАЪРИФИ,  ХУСУСИЯТЛАРИ.   ҲАР БИР НАМОЗДА НЕЧА РАКАТ БОР?

Қудратли Худога садоқат бағишлаб,  мусулмонлар Қуръон оятларидан намоз ўқишади. Уни имонлилар кунига беш марта бажаришлари …