Главные новости
Главная / Жаҳон / Импичмент барбод бўлди. Бу Дональд Трамп ва Америка сиёсати учун нимани англатади?
<

Импичмент барбод бўлди. Бу Дональд Трамп ва Америка сиёсати учун нимани англатади?

Америка Қўшма Штатлари тарихида президентни ҳукуматдан четлатишга бўлган учинчи уриниш ҳам муваффақиятсиз якунланди: Сенатни қўлга олган республикачилар Дональд Трампнинг мухолифлари томонидан унга қарши сурилган айбловларни асоссиз деб топди.

GETTY IMAGES

Президент ўз ваколатини суиистеъмол қилганлиги тўғрисидаги айбловга 48 киши овоз берган, 52 нафар сенатор президентни айбсиз деб топган. Импичмент амалга ошиши учун эса Сенатдагиларнинг учдан икки қисми — 67 сенатор овоз бериши талаб этиларди. Бу айбловни Сенатдаги барча демократлар ва бир республикачи қўллаб-қувватлади.

Иккинчи пункт бўйича айбловни эса (Конгресс ишига халал бериш) фақат 47 нафар сенатор қўллаб-қувватлаган, 53 сенатор Трампни ҳокимиятдан четлатишга қарши бўлган.

Овозлар солиштирилганда, сенатор-республикачи  Митт Ромни фақат биринчи айблов учун овоз бергани, иккинчи айблов бўйича импичментга қарши бўлганини кўриш мумкин.

Натижа олдиндан маълум эди

Ўтган йилнинг сентябрида бошланган импичмент жараёни қандай якунланиши ҳақида демократларнинг етакчилари Сенатдаги эшитувлар бошланишидан аввал ҳам билишарди.

2019 йилнинг декабрь ойи охирида NBC эфирида чиқиш қилган демократ сенатор-демократ Кристофер Кунс Конгресснинг юқори палатасидаги эшитувлар якунланганидан кейин Трамп ўзини қандай тутишидан «жуда ташвишда экани»ни маълум қилганди. У Сенатдаги республикачилар президентни оқлашига шубҳа билдирмаганди.

«Республикачилар кўпчилик бўлган Сенат импичмент эълон қилиб, уни жазолашдан бош тортишса, у чекланмаган ҳокимиятга эга бўлади», – тусмол қилганди Кунс. Сенатор АҚШ президентининг кейинги ҳаракатларини тахмин қилиб ҳам бўлмаслигини қўшимча қилган.

Афтидан, бундай қўрқувни Конгресс спикери Нэнси Пелоси ҳам ҳис қилган, у сўнгги уч йилда партиядошларини бир неча бор Трамп импичменти бўйича ташаббусдан воз кечишга чақирганди.

Ўтган йилнинг мартидаёқ у демократлар ва республикачилар ўртасидаги келишмовчиликларни назарда тутган ҳолда президентни ҳокимиятдан четлатишга уриниш «мамлакат учун ёмон оқибатлар» келтириши мумкинлигидан огоҳлантирганди. Пелоси ўшандаёқ бу жараён демократлар кутган натижа билан тугаши борасида иллюзияларга берилмагани аниқ эди.

Трамп нима ютди?

АҚШ президенти Сенатдаги натижадан кейин ғалабаси ҳақида жар солишига демократлар орасида ҳеч ким шубҳа қилмасди.

Сенат қарори Трамп барчасини тўғри бажарганини кўрсатмоқда, демоқда таҳлилчилар

«Биз президентни яхши биламиз. Агар Сенатда унга қарши 67 овоз йиғилмаса у бу жараён «жодугар ови» бўлганини айтиб, ўзини оппоқ қилиб кўрсатади», деганди декабрь ойида юқори мартабали сенатор-демократ Дик Дарбин Вашингтоннинг The Hill нашрига.

Конгресс спикери Нэнси Пелоси бир неча бор Сенатдаги эшитув натижалари ҳеч нарсани англатмаслигини таъкидлаганди. У Дональд Трамп барибир тарихга АҚШнинг импичмент эълон қилинган учинчи президенти сифатида кириши ва бундан ҳеч қанақасига халос бўлолмаслигига эътибор қаратганди.

Сиёсатшунослар эса Дональд Трамп Сенатдаги натижадан ўзининг янги президентлик кампаниясида фойдаланишига шубҳа қилишмаяпти.

«У буни ўз ғалабаси сифатида эълон қилади, унга мойил бўлган сайловчилар Вашингтон истеблишменти билан мардонавор олишган ҳақиқий қаҳрамонга овоз бериш кераклигига ишонтирилади. Импичментга уриниш натижалари унга ҳали танлов борасида иккиланиб турган янги сайловчиларнинг овозларини ҳам келтириши мумкин», деб ҳисобламоқда Стони Брук университети профессори, политолог Жонатан Сандерс.

Сиёсатшуносларнинг фикрича, АҚШ президенти импичментига уриниш барбод бўлишини унинг маъмурияти мамлакатни бошқаришда ва ташқи сиёсатда тўғри ва самарали стратегия қўллаганига исботдир.

«Сенатнинг қарори шуни кўрсатадики, сенатдагилар Трамп барчасини тўғри қилмоқда, деб баҳолашмоқда. Шундай экан, хорижий давлатлар раҳбарлари Трамп Украина президенти Зеленскийдан сўрагани каби ишларни сўрашига тайёр туриши керак. Агар Трамп 2020 йилнинг ноябрида ҳам ғалаба қозонса, Конгрессда унинг ҳаракатларини назорат қилиш учун деярли ҳеч қандай имкон қолмайди: у АҚШ тарихидаги энг мураккаб сиёсий жараённи бошидан ўтказиб, ундан омон чиқди. Энди у истаган ишни қилишим мумкин деб ҳисоблайди», дейди Вашингтондаги Брукингс институти эксперти, Ҳарвард университетидаги ҳукумат мактаби асосчиси Марвин Калб.

Колумбия университетининг юридик факультети ўқитувчиси, профессор Ричард Фролик Трампнинг ҳуқуқшуносларининг Сенатдаги эшитув вақтидаги ҳаракатлари жуда хавфли прецедент яратиши мумкинлигини истисно қилмаган.

«Оқ уй кўп ойлар мобайнида конгрессменлар томонидан талаб қилинган ҳужжатларни тақдим қилишдан бош тортиб келишди, маъмурият ходимлари гувоҳлик бериши тақиқланди. Аммо бунинг учун Трамп жазосиз қолди, Сенат уни оқлади. Бундан кейин маъмуриятдагилар давлат раҳбари Конгресснинг ҳар қандай талабини рад этишга ҳақли деб ўйлашлари мумкин, конгрессменлар эса ижро ҳокимияти устидан назоратни йўқотишади», дейди у.

Демократлар нима ютқазишди?

Сенатда эшитув бошланиши биланоқ CNN телекомпанияси жамоатчилик фикри ўртасида ўтказилган сўров натижаларини эълон қилди, унда сўралганларнинг 51 фоизи Трамп ҳокимиятдан четлатилиши тарафдори экани маълум бўлган. Бошқа сўровлар ҳам шундай натижаларни кўрсатган.

Лекин республикачиларнинг фикрини президентнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтоннинг баёноти ҳам ўзгартира олмади. У ўзининг мемуар китобида Дональд Трамп унга Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатишни ва Киев 2020 йилги президентлик сайловларида Трампнинг асосий рақиби бўлиши кутилаётган Жо Байденга қарши текширув бошламагунича ёрдамни тикламасликни буюргани ҳақида ёзганди.

Сўровномада қатнашганларнинг ярмидан кўпроғи Трамп ҳокимиятдан четлатилишини ёқлаган

Шунингдек, президентнинг шахсий адвокати бўлмиш Рудольф Жулианининг собиқ ёрдамчиси Лев Парнас демократларга Трамп Украинадаги элчи Мари Йовановични зудлик билан ишдан бўшатишни буюргани, у ўз атрофидагилар билан 2016 йилги сайловларга Москва эмас, Киев аралашгани ҳақидаги назарияни муҳокама қилгани акс этган аудио ва видеоёзувларни тақдим этганди.

Аммо янги гувоҳликлар америкаликларнинг кайфиятига жиддий таъсир қилмаган.

Социологларнинг ҳисобларига кўра, АҚШ президенти истеъфоси тарафдорлари сони Сенатдаги эшитувлар арафасида ошган, аммо бу ўсиш демократлар тарафдорлари ҳисобига бўлган. Барча сўровлар натижаларини умумлаштирган FiveThirtyEight лойиҳаси таҳлилчиларининг фикрича, америкаликлар Сенатдаги муҳокамаларга жиддий эътибор қаратишмади.

Таҳлилий портал маълумотларига кўра, бу куни Трампнинг четлатилишини истайдиганлар сони  америкаликларнинг ярмидан кўпроғини ташкил қилган – 50,2 фоиз. Сўралганларнинг 45,2 фоизи қарши бўлган.

Сўровда қатнашган ва ўзини демократлар тарафдори деб белгилаганларнинг 84,1 фоизи импичмент амалга ошиши ва Трамп ҳокимиятдан четлатилишини исташини билдирган, ўзини мустақил деб ҳисобловчиларнинг 42,6 фоизи импичментни ёқлаган, республикачиларнинг атиги 9,4 фоизи Трамп кетиши керак деган фикрни билдирган.

Шу билан биргаликда, сиёсатшунослар бу рақамлар яқин вақтлар ичида ўзгариши мумкин деб ҳисоблашмоқда.

«Вакиллар палатасидаги эшитувлар сайловчиларда ижобий таассуротлар ҳосил қилган бўлса, импичментнинг барбод бўлиши учун айб нима қилиб бўлса ҳам коррупционер президентни оқлашга тайёр республикачилар қўлида. Улар 2020 йилги сайловларда ғалаба қозонишса қозонишди, йўқса ўзларини мамлакатда шов-шувли сиёсий шоу уюштирган ва ваъдаларини бажармаган сиёсий куч сифатида намойиш этишади», дейди эксперт Марвин Калб.

Вашингтондагилар эса импичмент учун ҳаракатни ҳаёт-мамот масаласи эмас, демократларнинг Дональд Трампга қарши курашидаги бир эпизод, деб қарашади.

Ҳозирда Конгресснинг бир неча қўмитаси АҚШ президентига нисбатан текширувларини давом эттирмоқда. Нью-Йорк ва Лос-Анжелес прокуратуралари Трампга қарши жиноий ва фуқаролик даъволарини кўриб чиқишмоқда.

«Сенатдаги эшитув вақтида Оқ уй юристлари дамбадам давлат раҳбарини жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эмаслигини таъкидлаб туришди. Улар АҚШда президент лавозимини тарк этса, ҳеч қандай қонун уни жавобгарликдан қутқариб қололмаслигидан қўрқишади», дейди Ричард Фролик.

Демократлар импичмент жараёнини нега бошлашганди?

2018 йил кузида Конгрессдаги сайловда ишончли ғалабага эришгач демократлар Вакиллар Палатасида кўпчилик ўринга эга бўлишди, аммо сенат республикачилар назоратида қолаверди. Конституцияга кўра, Конгрессда фақат президентга импичмент эълон қилиш, унга қарши айбловларни илгари суриш ҳуқуқи мавжуд. Давлат раҳбарини ҳокимиятдан четлатиш сенаторларнинг учдан икки қисми буни ёқлагандагина амалга ошади. Аммо АҚШ Конгрессининг юқори палатасидаги демократлар сони 47 нафар (100 ўриндан), шундай экан, Трамп Оқ уйни тарк этиши эҳтимолини унинг энг ашаддий рақиблари ҳам жиддий муҳокама қилмаган.

Сиёсатшунослар Трамп Сенатдаги натижалардан янги президентлик пойгасида фойдаланишга уринади деб ҳисоблашмоқда

«Айтиш мумкинки, демократлар жамоатчилик муҳокамасига «президентнинг жиноятлари»ни ташлаб, сиёсий очколарни ишлаб олмоқчи бўлишди. Улар ҳамиша ғалаба қозонишга умид қилишмаётгани, бу ташаббус уларнинг зиммасидаги вазифа эканини уқтириб келишди», дея изоҳлайди Марвин Калб.

Трампнинг ўзини эса бу жараён қадар ташвишлантирмади. У республикачилар кўпчиликни ташкил қиладиган Сенатда оқланишига ишончи комил эди. Республикачилар учун эса президентлик сайловлари ўтказиладиган йилда партиянинг имижи ва нуфузини сақлаб қолиш муҳим эди, президентнинг мағлубияти улар учун бўлажак сайловлардаги очиқ мағлубиятга айланарди.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

eqposhixyaaaj9v

Қозоғистондаги можаро қурбонлари сони ортди

Қозоғистоннинг Кордай районида рўй берган можаро оқибатида ҳалок бўлганлар сони 10 нафарга етди. «Хабар 24» …