Главные новости
Главная / Маданият / Имон тарбияси
<

Имон тарбияси

imon-tarbiyasiФарзандга имон тарбиясини бериш келажакда уни виждонли, эътиқодли, ватанига, динига, миллатига, қадриятларига содиқ инсон этиб камолга етказишдир. Боланинг ёши, ақлу идроки, қобилиятларига қараб мос равишда имон асослари, муқаддас динимиз арконлари ҳақида тушунча бериш бориш, тарбиялаш лозим. Шунда фарзанд ҳаёти давомида турли бузғунчи ақидаларга чалғимайди, дин душманлари таъсирига тушмайди, эътиқодсиз лоқайдга айланмайди.
Бола онгида Аллоҳ таоло, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, фаришталар ва охират куни ҳақида дастлабки тасаввурларни шакллантириш керак. Оилада мусулмончиликка тааллуқли қадриятлар ҳақида бошланғич маълумотларни ўргатишни бошлаш лозим. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насиҳатларига қулоқ тутиш энг мақбул йўлдир. Имом Ҳоким Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: “Болаларингиз тилини аввал “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси билан чиқаринглар”.
Шу ўринда бир оғриқли масалага эътибор қаратмоқчимиз: бугун айрим болаларимиз ғарбдаги қўшиқчи, санъаткор, спортчи ва бошқа шахсларнинг тарихини, турмуш тарзини, ҳаётини, ҳатто нимани яхши кўриб, нимани ёқтирмаслигигача билади. Аммо ўз миллатининг қаҳрамонлари, улуғ аждодлари ҳақида билмайди. Баъзи йигитлар ҳатто балоғат ёшига етиб оила қурадиган даврида ҳам имон калимасини айта олмаслиги кишини ташвишга солади.
Имон тарбиясининг яна бир қирраси фарзандга ҳалол билан ҳаромнинг фарқини ўргатиб боришдир. Ибн Мунзир Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг шундай сўзларини келтиради: “Аллоҳга итоат қилинглар, унга осий бўлишдан қўрқинглар. Болаларингизга буюрилган ишларни қилиб, қайтарилган ишлардан сақланишни ўргатинглар. Ана шу уларга ҳам, сизларга ҳам дўзахдан ҳимоя бўлади”.
Айниқса, ҳозирги ахборот технологиялари тараққий этган пайтда фарзандларга фойда-зарар, савоб-гуноҳ ҳақида яхшилаб таълим бериш керак. Ахборот-компьютер технологияларининг илмга, тараққиётга қанчалик манфаати борлиги ҳаммага аён. Аммо танганинг икки томони бўлганидек, болаларнинг миллий қадриятларимизга, динимизга ёт бўлган, одамда ёвузлик, ваҳшийлик сифатларини шакллантирувчи турли хил бемаъни дастур ва беҳуда ўйинлар билан вақтларини ўтказаётганлари ачинарли. Ота-оналар, тарбия ишига мутасадди шахслар бепарволиги оқибатида фарзандлар худбин, ҳиссиётлари йўқ унсурга айланиши мумкин. Болаларга ёшлигидан имон тарбияси бериб борилса, улар динига, миллатига хос бўлмаган ишлар ва уларнинг оқибатлари ҳақида билиб улғайсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Хайрулла Турматов

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

tojik-soniya

Тожикча шеърлар / Шерҳо

Дӯст ҳақида тожикча шеър Бархез, то ниҳем сари худ ба пои дӯст, Ҷонро фидо кунем, …