akademiyaЎзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги ва сиртқи таълим шаклларига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3216-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясига жисмонан соғлом, маънавий етук ва интеллектуал салоҳиятли ёшларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:

1. Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”  2017 йил 16 августдаги ПҚ-3216-сон қарори билан:

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилиш махсус касбий танлов ва якка тартибдаги суҳбат орқали кириш тест синовларисиз амалга оширилиши;

Академияда кадрлар тайёрлашнинг бир поғонали тизими бўйича кундузги таълим шаклининг муддати уч йил этиб белгиланганлиги;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Академиянинг кундузги таълим шаклига қабул фақат Ички ишлар вазирлиги академик лицейлари, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари таркибидан амалга оширилиши;

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, Академияда ички ишлар органларида камида уч йиллик иш стажига эга бўлган ички ишлар органлари ходимлари учун сиртқи таълим шакли жорий этилганлиги, унда ўқитиш муддати олий маълумотга эга бўлмаган шахслар учун тўрт йил, олий маълумотга эга бўлган шахслар учун тўлов-контракт асосида уч йил этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинади.

2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги таълим шаклига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг сиртқи таълим шаклига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқланди.

3.  Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 141-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомнинг 1-бандига қуйидаги таҳрирдаги иккинчи хатбоши қўшилди:

“Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясига номзодларни танлаш ва қабул қилиш тартиби алоҳида низом билан белгиланади”.

4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиянинг кундузги ва сиртқи таълим шаклларига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш шаффоф ва холисона ўтказилишини таъминлайди ҳамда ҳар қандай коррупция ҳолатларининг олдини олиш бўйича таъсирчан чораларни кўради.

5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштиради.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юкланди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги таълим шаклига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, академиянинг кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан тасдиқланадиган Бутлаш режасига мувофиқ амалга оширилади.

Академияга ёши ўн саккиздан кичик ва йигирма бешдан катта бўлмаган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилари танлов асосида ўқишга қабул қилинади.

Академияга ўқишга қабул қилиш танлов, тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари принциплари асосида қуйидаги босқичларда ташкил этилади: дастлабки танлов; махсус касбий танлов; якка тартибдаги якуний суҳбат. Бир босқичдан муваффақиятли ўта олмаган номзодлар кейинги босқичга қўйилмайди. Номзодлар синовларни ўзбек ёки рус тилларидан бирини танлаган ҳолда топширадилар.

Академияга номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан вазирлик ва Академиянинг расмий веб-сайти ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали танлов эълон қилинади. Унда ариза қабул қилинадиган манзил, танловни ўтказиш муддатлари ва жойи, ўқишга қабул қилиш шартлари хамда танловни ўтказиш билан боғлиқ бошқа маълумотлар акс эттирилади. Академияга ўқишга қабул қилишни сифатли ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан Номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш бўйича қабул комиссияси ташкил этилади. Қабул комиссияси ўз фаолиятини қабул йилининг 1 февралидан 31 августига қадар Академияда олиб боради.

Дастлабки танловнинг асосий мақсади Академияга ўқишга кириш истагини билдирган номзодларни тавсифловчи маълумотларнинг улар келгусида ички ишлар органларида хизмат қилиши учун мослигини ва номзодларнинг соғлиғи ҳолатини аниқлашдан иборат.

Академияга ўқишга кириш учун номзодларнинг аризалари (Академияга ўқишга кириш учун номзод ички ишлар органи ходими бўлган тақдирда, уларнинг билдиргилари) қабул йилидан олдинги йилнинг 15 ноябридан қабул йилининг 15 февралига қадар қабул қилинади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

ариза берувчининг паспорти нусхаси;

ариза берувчининг тугилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома алмаштирилган ёхуд фамилияси, исми, отасининг исми ва бошқа маълумотлар ўзгартирилган бўлса, бу ҳақда ФҲДЁ органининг маълумотномаси;

ариза берувчининг яқин қариндошлари паспорти, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳнома, ногиронлик (агар мавжуд бўлса), қариндошларининг ўлими ҳақидаги гувоҳномалари нусхалари;

Академияга ўқишга киришда имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси;

3×4 сантиметр ўлчамдаги 6 та фотосурат (бош кийимсиз) ҳамда 9×12 сантиметр ўлчамдаги 2 та фотосурат (бош кийимсиз);

номзод томонидан қўлда ва компьютерда ёзилган таржимаи ҳол;

анкета (сўровнома);

ўқиш, иш (агар ўқиётган ёки ишлаётган бўлса) ва яшаш жойидан тавсифнома ҳамда маълумотнома (яшаш жойидан берилган маълумотномада номзоднинг оила аъзолари кўрсатилади);

ариза берувчининг маълумоти тўғрисидаги ҳужжатлар нусхаси ҳамда уларнинг баҳолар кўрсатилган иловаси нусхаси;

ҳарбий хизматга чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳномаси;

доимий рўйхатда турган жойидан белгиланган намунадаги соғлиғининг ҳолати ҳақида маълумотнома (бўй-басти кўрсатилган ҳолда);

меҳнат дафтарчаси нусхаси (агар мавжуд бўлса);

олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга киришга номзоднинг ота-онаси розилик хати.

Аризани қабул қилган ички ишлар органи ходими ушбу бандда кўрсатилган ҳужжатларнинг аслини текшириб олади. Ишчи гуруҳ томонидан хизмат ўташ хусусиятидан келиб чиқиб, шунингдек, айрим ҳужжатларга аниқлик киритиш мақсадида тегишли муассасадан қўшимча ҳужжат ёхуд маълумотлар талаб қилиб олиниши мумкин.

Ички ишлар органи ходимларининг билдиргисига қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

яқин қариндошларнинг паспорти, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, вафот этганлар бўлса, уларнинг ўлими ҳақидаги гувоҳнома нусхалари;

Академияга ўқишга киришда имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси;

3×4 сантиметр ўлчамдаги 6 та фотосурат (бош кийимсиз) ҳамда 9×12 сантиметр ўлчамдаги 2 та фотосурат (бош кийимсиз).

Дастлабки танлов босқичида иштирок этадиган номзодларнинг сони чекланмайди.

Дастлабки танлов: Ички ишлар вазирлиги академик лицейлари битирувчилари ҳамда фуқаролар учун – уларнинг доимий яшаш жойидаги тегишли ички ишлар органларида; ҳарбий академик лицейлар битирувчилари учун – (ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш тадбирлари) уларнинг доимий яшаш жойидаги тегишли ички ишлар органларида ва (тиббий кўрикдан ўтказиш тадбирлари) ҳарбий академик лицей жойлашган ҳудуддаги ички ишлар органларида; ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилари учун – уларнинг хизмат жойи ва ҳарбий қисмларда (муассасаларда) ўтказилади.

Дастлабки танлов қуйидаги тадбирларни ўз ичига олади: ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш; тиббий кўрикдан ўтказиш.

Ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш натижаларини таҳлил қилиш номзод тўғрисидаги маълумотларни режали жамлаш ва тизимлаштириш усули билан ўтказилади. Номзодларнинг ҳужжатларини тўплаш ва ўрганиш ишлари дастлабки танлов тадбирлари якунлангунга қадар амалга оширилади. Ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш натижалари бўйича номзоднинг келгусида ички ишлар органларида хизмат қилиши мумкинлиги тўғрисида Низомнинг 7-бандида назарда тутилган ишчи гуруҳлар томонидан хулоса чиқарилади. Номзодлар Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида тиббий текширувни ташкил этиш ва ҳарбий-тиббий экспертизани ўтказиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш тўғрисида” 2017 йил 26 сентябрдаги 764-сон қарорига мувофиқ вазирлик ва ички ишлар органларида махсус ташкил этиладиган ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади.

Тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари асосида номзоднинг соғлигига кўра Академияда ўқишга яроқлилиги даражаси тўғрисида ҳарбий – тиббий комиссия томонидан хулоса чиқарилади.

Номзодларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш жараёнида ички ишлар органларида хизмат қилишга тўсқинлик қилувчи маълумотлар аниқланганда ёки соғлигининг ҳолати бўйича хизматга яроқсиз деб топилган тақдирда ҳужжатларни расмийлаштириш тўхтатилиб, уларни ички ишлар органларига қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўгрисида ички ишлар органлари раҳбарлари томонидан қарор қабул қилинади ва бу ҳақида номзодга ёзма хабар қилинади.

Дастлабки танлов босқичидан муваффақиятли ўтган ҳамда шахсий ҳужжатларининг йиғмажилди тўлиқ расмийлаштирилган номзодларни махсус касбий танловда иштирок этиш учун юбориш тўғрисидаги қарор ички ишлар органлари раҳбарлари томонидан хулоса кўринишида тасдиқланади. Мазкур хулоса номзоднинг шахсий ҳужжатлари йиғмажилдлари билан биргаликда ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган ишчи гуруҳлар томонидан қабул йилининг 20 май кунига қадар Қабул комиссиясига юборилади. Қабул комиссияси тақдим этилган шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларини рўйхатга олади ҳамда уларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини текширади.

Махсус касбий танловнинг асосий мақсади номзодларнинг ички ишлар органларида хизматни ўташи учун уларнинг соғлиги ва психофизиологик хусусиятларининг мос келишини ҳамда номзодларнинг жисмонан соғломлиги ва интеллектуал салоҳиятини аниқлашдан иборат.

Қуйидагилар махсус касбий танловнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

тақдим этилган ҳужжатлар ва номзодни тавсифловчи материалларни ўрганиш;

номзодларнинг психофизиологик хусусиятларини, соғлиғини ўрганиш;

номзоднинг умумжисмоний тайёргарлиги, билим даражаси ва чет тиллари бўйича ўқув дастурларини ўзлаштирганлик даражасини ҳар томонлама ва холисона баҳолаш;

номзодларни якка тартибдаги якуний суҳбатга қўйиш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилиш (махсус касбий танлов натижалари бўйича).

Махсус касбий танлов қуйидаги тадбирларни ўз ичига олади: ҳужжатларни ўрганиш; тиббий кўрикдан ўтказиш; психофизиологик ўрганиш; ёзма иш (баён ёки иншо); умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш; чет тилларини ўзлаштирганлик даражасини баҳолаш.

Номзодлар тиббий кўрикдан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғи билан тасдиқланадиган, тиббиёт мутахассисларидан махсус шакллантириладиган ҳарбий-тиббий комиссия томонидан Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида тиббий текширувни ташкил этиш ва ҳарбий-тиббий экспертизани ўтказиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш тўғрисида” 2017 йил 26 сентябрдаги 764-сон қарорига мувофиқ ўтказилади. Тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари асосида номзоднинг соғлигига кўра Академияда ўқишга яроқлилик даражаси тўғрисида ҳарбий-тиббий комиссия томонидан хулоса чиқарилади. Соғлигининг ҳолатига кўра Академияда ўқишга яроқсиз деб топилган номзодлар танловнинг кейинги тадбирларига қўйилмайди.

Психофизиологик ўрганиш, ёзма иш, умумжисмоний тайёргарлик ва чет тилларини ўзлаштирганлик даражаларини баҳолаш бўйича тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 50 фоизидан кам балл тўплаган номзодлар қабул комиссиясининг қарорига кўра якка тартибдаги якуний суҳбатга қўйилмайди. Номзодларга махсус касбий танловнинг психофизиологик ўрганиш, ёзма иш, умумжисмоний тайёргарлик ва чет тилларини ўзлаштирганлик даражаларини баҳолаш тадбирлари бўйича синовларни қайта топширишга рухсат берилмайди.

Якка тартибдаги якуний суҳбатнинг асосий мақсади ҳуқуқшунослик, Ўзбекистон ва жаҳон тарихи, адабиёт, маънавият асослари ва миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар фанлари бўйича номзодларнинг билимларини ҳар томонлама ва холисона баҳолашдан иборат. Якка тартибдаги якуний суҳбат Қабул комиссияси томонидан коллегиаллик принципи асосида ҳар бир фан бўйича камида бир нафардан малакали мутахассис жалб этилган ҳолда ўтказилади. Қабул комиссияси томонидан махсус касбий танлов натижалари ва якка тартибдаги якуний суҳбат бўйича номзодни Академияга ўқишга қабул қилиш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилинади. Номзодларга якка тартибдаги якуний суҳбатни қайта топширишга рухсат берилмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Таълим муассасаларида чет тилларини ўқитишнинг сифатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 11 августдаги 610-сон қарори асосида чет тилларини билиш даражаси ҳақида давлат намунасидаги В1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлган номзодларга чет тили фанидан белгиланган максимал балл берилади ва улар чет тили фанидан ўтказиладиган синовдан озод этилади. Хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг фарзандлари Академияга дастлабки ва махсус касбий танлов натижалари ҳамда тегишли вазирлик ёки идора раҳбарининг тақдимномаси асосида, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг қарори билан якка тартибдаги якуний суҳбатсиз ўқишга қабул қилинадилар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистоннинг ўқувчи ёшларини рағбатлантириш чоралари тўғрисида” 1993 йил 5 февралдаги ПФ-555-сон Фармонига мувофиқ ва Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарори билан тасдиқланган Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ дастлабки ва махсус касбий танлов натижалари асосида халқаро ва республика олимпиадалари ғолиблари Қабул комиссиясининг қарорига кўра Академияга якка тартибдаги якуний суҳбатсиз ўқишга қабул қилинадилар. Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақаларининг Академияга танловдан ташқари ўқишга қабул қилишга тавсия этилган ғолиблари рўйхати Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Номзодлар махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат натижалари асосида Академияга ўқишга қабул қилинади. Академияга ўқишга кирган номзодлар курсантлар сафига қабул қилинади. Қабул комиссияси ҳар йили 10 июлга қадар номзодларни ўқишга қабул қилиш масаласини кўриб чиқади ва тегишли баённомани расмийлаштиради.

Номзодлар танловлар пайтида Академия ҳудудига уяли телефонлар ва бошқа алоқа воситаларини олиб кириши ва фойдаланиши қатъий ман этилади. Номзод томонидан синовларга микрокалькуляторлар, луғат, жадваллар, китоблар, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб кирилиши, синовлар пайтида бир-бирига ёрдам бериши, бировнинг ўрнига кириши, синов ўтказиш тартибини бузиш деб ҳисобланади, бу ҳақда тегишли далолатнома тузилади ва қабул комиссияси раиси ўқишга қабул қилиш бўйича танловларнинг исталган босқичида четлатиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг сиртқи таълим шаклига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, академияга ички ишлар органларида камида уч йиллик иш стажига эга бўлган, ёши ўттиз бешдан катта бўлмаган ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилари танлов асосида ўқишга қабул қилинади. Академияда ўқиш муддати олий маълумотга эга бўлмаган шахслар учун тўрт йил, олий маълумотга эга бўлган шахслар учун уч йилни ташкил этади. Академияда ўқиш олий маълумотга эга бўлган шахслар учун тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Академияга ўқишга қабул қилиш танлов, тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона коидалари принциплари асосида қуйидаги босқичларда ташкил этилади: дастлабки танлов; махсус касбий танлов; якка тартибдаги якуний суҳбат.

Бир босқичдан муваффақиятли ўта олмаган номзодлар кейинги босқичга қўйилмайди. Номзодлар синовларни давлат тили ёки рус тилидан бирини танлаган ҳолда топширадилар.

Дастлабки танловнинг асосий мақсади Академияда ўқишга кириш истагини билдирган номзодлар ҳақидаги маълумотларни, унинг хизмат фаолиятидаги кўрсаткичларини ўрганиш, уларни ҳар томонлама ва холисона баҳолашдан иборат.

Махсус касбий танловнинг асосий мақсади номзодларнинг маънавий- ахлоқий хислатлари, интеллектуал салоҳияти, умумий дунёқарашини, ўз нуқтаи назарини асослаб бериш қобилиятини ва чет тилларини ўзлаштирганлик даражасини аниқлашдан иборат.

Якка тартибдаги якуний суҳбатда номзоднинг ҳуқуқшунослик, адабиёт, маънавият асослари ва миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар фанларини ўзлаштирганлик даражасини ҳар томонлама ва холисона баҳолашдан иборат.

Вазирлар Маҳкамасининг “Таълим муассасаларида чет тилларини ўқитишнинг сифатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида 2017 йил 11 августдаги 610-сон қарори асосида чет тилларини билиш даражаси ҳақида давлат намунасидаги В1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлган номзодларга чет тили фанидан белгиланган максимал балл берилади ва улар чет тили фанидан ўтказиладиган синовдан озод этилади.

Хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг фарзандлари дастлабки ва махсус касбий танлов натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг қарори билан якка тартибдаги якуний суҳбатсиз ўқишга қабул қилинадилар.

Ички ишлар органларидаги хизмат фаолияти давомида эришган ютуқлари учун давлат мукофотлари билан тақдирланган номзодларга комплекс тест синовлари ва якка тартибдаги якуний суҳбат учун ажратилган энг юқори баллнинг 10 фоизи миқдорида қўшимча имтиёзли балл берилади.

Номзодлар махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат натижалари асосида Академияга ўқишга қабул қилинади. Академияга ўқишга кирган номзодлар курсантлар сафига қабул қилинади.