Главные новости
Главная / Без рубрики / Хомашё ниқоби остида 7 млрд сўмлик товарларни олиб киришга уринганлар фош қилинди
<

Хомашё ниқоби остида 7 млрд сўмлик товарларни олиб киришга уринганлар фош қилинди

khomashyoАмалдаги тартибларга кўра, республика ҳудудига қалбакилаштирилган маҳсулотлар ва товарларни ноқонуний олиб киришга чек қўйиш мақсадида божхона чегараси орқали товарларни олиб кираётган юк ташувчилар чегарани кесиб ўтган жойидаги божхона органларига ўтказилаётган товарлар тўғрисидаги маълумотни, шу жумладан уларнинг номи, миқдори, вазни ва юклар қиймати ҳақидаги маълумотни тақдим этишлари шарт.

Айни шу талабдан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Чуқурсой техник идора” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан Республика транспорт прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда “Кафолат Пойафзал Инвест” масъулияти чекланган жамият номига 2017 йилнинг ноябрь ойида Хитойдан келтирилган контейнер белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизмати.

Юкка тегишли ҳужжатларга кўра, ушбу контейнерда қиймати 4,3 минг АҚШ долларидан ортиқ салкам 17 тонна полиуретан қопламали тўқимачилик матолари бўлиши лозим эди.

Божхона кўриги давомида йўл-юк кузатув ҳужжатларидаги маълумотлар ўз тасдиғини топмади. Яъни, контейнерда ушбу товарларнинг ўрнига ҳужжатларда умуман кўрсатилмаган 81 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, дори ва косметика воситалари ҳамда бошқа товар-моддий бойликлар борлиги аниқланди.

Орадан салкам 1 ой ўтмай, ушбу корхона номига яна Хитойдан келтирилган 3 та контейнерда ҳам шу тахлитдаги божхона қоидабузарликлари фош қилинди. Қаранг-ки, бу гал устомонлар қадамни яна ҳам каттароқ олишган. Аввалги сценарийни такрорлаган ҳолда бу гал ҳам полиуретан қопламали тўқимачилик матолари ниқоби остида 38 турдаги халқ хўжалиги товарлари, кийим-кечаклар, маиший техника буюмлари ва бошқа товарларни олиб кирмоқчи бўлишган экан.

Баҳолаш бўйича экспертларнинг хулосасига кўра, 4 та контейнердаги жами 119 турдаги товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати салкам 7 млрд. 300 млн. сўмни ташкил қилди.

Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди томонидан кўриб чиқилиб, суд ҳукмига биноан ушбу товар-моддий бойликлар давлат эгалигига ўтказилди.

Айбдор шахсга нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182 моддаси 2-қисми “а” банди билан тегишли жазо тайинланди.

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

4628a68f-6b96-4534-b135-49d97f3d27c8_w1023_r1_s

Блогларим туфайли ҳаётим хавф остида қолди

Россияда ишлаётган ва айни пайтда блогер сифатида танилган ўзбекистонлик Искандар Македонскийнинг Озодликка айтишича, у блоглари …