Главные новости
Главная / Маданият / ҲАЁ ИНСОН ЗИЙНАТИДИР
<

ҲАЁ ИНСОН ЗИЙНАТИДИР

hayoЎзбек асрлар мобайнида мураккаб синовларни бошидан кечириб, камол топиб, ҳар томонлама такомиллашиб келаётган халқлар сирасига киради. Азалдан халқимиз ўзининг гўзал маънавий қиёфаси, бағрикенглиги, инсонпарварлиги, кўплаб бетакрор фазилатларга эга эканлиги билан бошқаларга ўрнак кўрсатиб келган.

Ҳаё – иймондандир

      Ватанимизда азал-азалдан кундалик турмуш тарзи, ўзаро муомала, ота-она ва фарзандлар, ака-укалар ва опа сингиллар, эркак ва аёл ўртасидаги муносабатлар муайян мезонлар асосида такомиллашиб, сайқал топиб келган. Жумладан ҳар бир ота ўз фарзандининг энг аввало, ақлли, одобли, андишали ва ҳаёли бўлиб тарбия топишига жиддий эътибор қаратган. Зотан, буюк мутафаккирларимиз таъкидлаб ўтганидек, ҳаё инсонни ёмонликдан қайтариб яхшиликка йўллайдиган улуғвор куч, ҳалол ва ҳаром ўртасидаги қалин парда ҳисобланади.
Миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисмига айланган муқаддас динимизда ибо ва ҳаё масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Ҳадиси шарифда ҳам “Ал-ҳайау мин ал-ийман” яъни “ҳаё – иймондандир!”, дея марҳамат қилинади. Демак, ҳаёсиз уят ва андишаси йўқ одамда иймон ҳам мустаҳкам бўлмайди.
Вафосизда ҳаё йўқ…
Шарм-ҳаё масаласи ҳар доим улуғ мутафаккирларимиз, алломаларимизнинг эътиборида бўлиб келган. Хусусан, буюк аждодимиз Ҳазрат Алишер Навоий ҳам ўз асарларида бу масалага бир неча бора тўхталиб ўтганлар.
“Ҳайрату-л-аброр достонида адаб, тавозуъ ва ҳаё каби хислатлар тавсифига алоҳида боб ажратилган. Унда шоир жумладан, халқ учун мансаб эмас, айнан ҳаё билан адаб шарафлироқ эканини ёзади.

Элга шараф бўлмади жоҳу насаб,
Лек шараф келди ҳаёву адаб.

     Шоир ҳаё билан адабни ҳар доим ёнма-ён тилга олади. Уларни ёғин манбаига – хайру баракот келтирувчи булутларга қиёслайди. Бу ёмғирнинг ҳар қатраси тупроқни кимё қилади, яъни ундан олтин ундиради. Навоий айтадики, ҳаё ва адаб бор жойга хорлигу зорлик яқин йўламайди.

Гулдан уялган ҳукмдор

     Мазкур достондан ҳаё билан боғлиқ ажойиб бир ҳикоят ҳам ўрин олган. Унда келтирилишича, Нўширавони одил ёшлик пайтида бир қизга кўнгил беради. Кимсасиз бир чаманзорда, хилватда қизни суҳбатга тортади. Ёш тождор гўзал ёрига майл кўрсатиб, уни бағрига олмоқ учун қўл чўзади. Қиз ҳам бунга қаршилик кўрсатмайди. Аммо кутилмаганда, шоҳ ниятидан қайтади. Чунки, унинг кўзи чаманда барқ уриб очилган наргис гулига тушган эди. Қиз йигитдаги бу ўзгаришни кўриб, ҳайрон бўлади ва ундан: “қўл чўзганингиз нимаю, яна тортиб олганингиз нимаси?”, дея сўрайди. Шоҳ эса унга жавобан шундай дейди:

Ким бу висол ичраки, воқеъдурур,
Наргиси шаҳло кўзи монеъдурур!

Демак, висол пайтида агар биргина наргис гули қараб турган бўлса ҳам, ошиқу маъшуқа ундан уялиши керак экан.

Кеча ва бугун…

    Улуғ адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида ҳам ўзбек оиласи, ундаги ўзаро муомала, ўзбекона фазилатлар моҳирона очиб берилган. Кичик бир саҳна эсга олайлик: Кумуш ўз жуфти ҳалоли – Отабекнинг кўзи ўнгида кийим алмаштиришдан ҳаё қилади…
Рост, орадан йллар, асрлар ўтди. Бир пайтлар аёлларимиз ўз эри олдида ҳам иффат ва ҳаёни унутмааган бўлсалар, бугун айрим қиз-жувонларнинг кўча-куйда, ҳамманинг кўз ўнгида очиқ-сочиқ юргани кишининг дилини ғаш қилади. Аждодларимиз хилватталаб ишларда ҳатто гулнинг назаридан ҳам ийманишган бўлсалар, бугун ҳамманинг кўз олдида бир-бирининг пинжига тиқилиб олган ёшлар ҳеч кимни ажаблантирмай қўйган.
Бугунги кунда деярли ҳар бир хонадонга кириб бораётган фазовий каналлар, интернет сингари “мўъжизалар” фақат маънавий таназзулга ҳам маълум маънода ҳисса қўшаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Оила даврасида оналару фарзандлар жамулжам ўтирган пайтда телеканалларимиз орқали намойиш этилаётган хорижий сериалар, реклама роликлари, турли клиплар ҳақида ҳам ана шундай фкир билдириш мумкин.
Улуғ бобомиз айтганларидек, ҳаё хорликни даф этади. Ҳаёсизлик ўз навбатида шармандаликка, тубанликка, хор-зорликка етаклайди. Ибо-ҳаёни унутиб, мўмай пул орттириш эвазига хорижий ўлкаларга йўл олаётганларнинг, ҳаёсизликни даромад манбаига айлантириб олганларнинг, оқибатини ўзимиз кўриб-билиб турибмиз. Ва ниҳоят, ОИТС сингари мудҳиш, бедаво хасталиклар ҳам асосан ҳаёсизлик, ишратпарастликдан келиб чиқиши ортиқча изоҳ талаб этмайди.

Рустам ЖАББОРОВ

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

Маданият ва санъат соҳасида ДХШ асосида берилиши мумкин бўлган давлат мулки объектлари рўйхати тасдиқланди

Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни амалга оширишга кўмаклашиш ва молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори …