Главные новости
Главная / Жамият / Гулжаҳон Йўлдошева иши. Саида Мирзиёева Тошкент вилояти прокуратурасидан қарорни қайта кўриб чиқишни сўради
<

Гулжаҳон Йўлдошева иши. Саида Мирзиёева Тошкент вилояти прокуратурасидан қарорни қайта кўриб чиқишни сўради

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева Ўзбекистонда сўнгги вақтларда муҳокамалар марказида бўлган яна икки воқеа бўйича муносабат билдирди.

У Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори – вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошеванинг қамоққа олиниши ҳамда Наманган шаҳрида МИБ ижрочилари кўз ўнгида ўзига ўт қўйиб юборган аёл билан боғлиқ ҳолатга тўхталган.
«Мен учун, ҳам аёл, ҳам она ва гендер тенглиги комиссиясининг аъзоси сифатида бу жуда муҳимдир!», дея қайд этган Саида Мирзиёева.

wblp2oikvsj6fafmc2dj54lofmuwh4g4У Гулжаҳон Йўлдошева биринчи галда аёл киши эканлиги, қарамоғида 6 нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олган ҳолда Тошкент вилояти прокуратурасидан қарор қайта кўриб чиқилишини сўраган.

«Мен унга қўйилган айбловларнинг қонуний ёки ноқонунийлигини ҳеч қандай баҳоламоқчи эмасман, бу суднинг мутлақ ваколати. Аммо сизнинг эътиборингизни шунга қаратмоқчиманки, энг кичиги атиги икки ёшда бўлган олти фарзанднинг онаси судгача қамоқда сақланмоқда. Бизнинг қонунчилигимиз, бошқа ривожланган мамлакатлар қонунчилиги сингари, эркакларга қараганда аёллар учун бироз кўпроқ имтиёзларни ўз ичига олади. Бунга мисол сифатида аёл кишининг ҳомиладорлиги ёки вояга етмаган фарзандлари борлиги унга енгиллаштирувчи ҳолатлар тақдим этиши мумкин. Бу ҳам инсонпарварликнинг бир тури.

Гулжаҳоннинг ишида нега қонун бу қадар қаттиқ ва қатъий? Олти бола билан қаергадир қочиб қутилиши мумкинми? Наҳотки судгача қамоқда сақлаш бизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ягона йўли бўлса? Жиноят-процессуал қонунчилигида бошқа таъсирчан эҳтиёт чораларини қўллашга нима халақит беради?

Ҳибсга олиш — бу кучли стресс ва шахснинг маънан синдирилишидир. Айниқса, уйда ёш болаларингиз бўлганида… Шунинг учун Тошкент вилояти прокуратурасидан қарорни қайта кўриб чиқишни сўраб қоламан», деган у.

Шунингдек, Намангандаги ҳолатга қонунчиликда фирибгарлик учун жазо етарли эмаслиги ҳам сабаб бўлгани қайд этилиб, депутатлардан бу масалани кўриб чиқиш сўралган.

«Унинг онаси ва икки фарзанди қолди. Бу аёллар уларга бошқа бировнинг уйини сотиб юборган фирибгарнинг қурбонига айландилар ва фирибгар эса жинояти учун қамоққа тушди. Мулк ҳақиқий эгаси томонидан талаб қилинган ва суд аёлларни болалари билан биргаликда чиқариб юбориш бўйича қарор қабул қилган.

Бундай даҳшатли ҳолатга қўл урган бу аёлнинг чорасизлигини тўлиқ тушуниб турибман. Ва қонунчилигимизни бу борада номукаммал деб ҳисоблайман. Фирибгарлар қўлига тушиб турар жойларидан айрилиб ва том маънода кўчада қолган ҳолатлар фақат бу аёлдагина учрамайди. Фирибгарлар қамоққа олинишлари мумкин, лекин моддий зарарни бармоқ билан санайдиганлари қоплайди, холос. Бу ҳолда, менинг нуқтайи назаримдан, фирибгарлар давлатга қарздор бўлиб, қонун олдида жавоб беришлари керак. Давлат эса ўз ўрнида шундай фирибгарлар гирдобига тушиб қолган инсонларга шу каби муаммолардан чиқишига ёрдам беришлари лозим.

Албатта, «одамлар ўзлари айбдор, жуда соддалар», деб айтиш мумкин. Бироқ, бунда давлатнинг ҳам айби бор. Қишлоқ аёллари барча қонуний ҳуқуқларини қаердан билишсин? Уларга ҳамма нарсани текшириб, ҳеч кимга ишонмасликни ким ўргатган? Битимни расмий нотариус томонидан қонунийлаштирилиши қандай юз берди?

Бундай саволлар фожиалар содир бўлишидан олдин берилиши керак! Бу каби ҳар қандай ҳолат узоқ ва жиддий терговни талаб қилади. Ва бундай ҳолларда ҳар доим норасида болаларни ҳисобга олмоқлик лозим! Уларнинг ҳеч қандай айби йуқ, лекин улар ҳам катталар билан бирга жазоланмоқдалар.

Мен, депутатлар бу масалаларни муҳокама қилиб, ночор аҳволга тушиб қолган ва алданганлар учун ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлашларини жуда-жуда истардим. Ҳеч ким борар жойи йуқ аҳволга тушиб қолмаслиги керак!», дейилади муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, август ойи бошида Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирусга чалинган беморларни даволаган тиббиёт ходимларининг меҳнати муносиб рағбатлантирилмаётгани, оғир вазиятларда Тошкент вилояти тиббиёт бошқармаси томонидан керакли ёрдам берилмаганини айтган эди.

8 сентябрь куни эса Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқалди. Бош прокуратура бу ҳолатга муносабат билдириб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 207-моддаси 3-қисми «а» банди (одам ўлимига сабаб бўладиган мансабга совуққонлик билан қараш) билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилгани ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганини маълум қилди. Суднинг эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тўғрисидаги ажрими устидан киритилган апелляция шикояти Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан кўриб чиқилиб, айбланувчига нисбатан қўлланган қамоқда сақлаш билан боғлиқ эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилди.

Йўлдошеванинг адвокати Хушнуд Аҳроров у айбсизлигини айтиб, тергов нохолис олиб борилаётганини таъкидламоқда.

Аввалроқ Танзила Норбоева Тошкент вилояти бош инфекционистига қўлланилган эҳтиёт чорасига муносабат билдириб, «Оғир жиноят қилганлар ҳам четга чиқиб кетмаслик шарти билан уйда сақланади — боласининг олдида, оиласида бўлади. Шу нуқтаи назардан, унинг жинояти қанчалик оғир ёки оғир эмаслигига ҳозир баҳо бера олмайман, лекин аёл киши, кичкина боласи борлигини эътиборга олиб, ҳозирча қамоққа олмаслик ҳам мумкин эди, қачонки суд қарор чиқармагунича», деганди.

Шунингдек, Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратов Гулжаҳон Йўлдошевага қўлланган эҳтиёт чораси ўзгартирилиши кераклигини айтган.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

alafzoxn06k68zo1ofev9ha3avwaicif

Асакада тиббиёт ходимларига берилган мукофот пуллари нега қайтариб олиняпти?

Андижон вилояти Асака тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлими ходимларига тўланган мукофот пули …