googleGoogle корпорацияси Пекинда сунъий онг соҳасидаги тадқиқотлар марказини очишини эълон қилди. Бу ҳақда гаплар интернетда анчадан бери юрганди ва мана энди расман тасдиқланди. Компания раҳбарияти шу тариқа бу соҳани нафақат фаол ривожлантириш, балки Google’га сунъий онг соҳасида янги марраларга эришишда ёрдам берадиган истеъдодли хитойликларни тўплашга муваффақ бўлишга ишонч билдирган.

Google қидирув тизими Хитойда тўсилганига қарамай, компаниянинг юзлаб ходимлари бу мамлакатда ҳамон ишлашмоқда. Google’га эгалик қилувчи Alphabet корпорацияси раҳбари Эрик Шмидтнинг айтишича, Google ҳеч қачон Хитойни тарк эмайди, чунки бу давлат ҳақиқатда қимматли ходимларнинг битмас-туганмас манбаи ҳисобланади, буни ҳеч қандай вазиятда инкор этиш керак эмас.

Янги марказ Google’нинг Нью-Йорк, Торонто, Лондон ва Цюрихдаги бошқа бўлимлари билан ҳамкорлик қилади. Марказда бир неча ўнлаб дастурчилар ва олимлар ишлашмоқда, бироқ компанияга ҳали ҳам кўплаб ходимлар зарур. Компания бу соҳада Хитойнинг Baidu, Tencent ва Alibaba каби компаниялари билан рақобатлашишига тўғри келади.

“Мен аминманки, сунъий онг бизнинг олдимизда чексиз имкониятлар очади. Кейинги технологик “портлаш” Кремний водийсида ёки Пекинда ёки яна бошқа бир жойда юз бериши муҳим эмас. Муҳими, сунъий онг одамлар ҳаётини яхшироқ қилади. Бу соҳада етакчи компания сифатида биз учун бош мақсадимизга биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан эришиш жуда муҳимдир. Бунинг учун биз бу соҳадаги энг кучли мутахассисларни бирлаштиришимиз зарур”, деб айтган Google’нинг сунъий онг бўйича бош мутахассиси, доктор Фей-Фей Ли.