Главные новости
Главная / Маданият / ФИТНАЛАРДАН ОГОҲ БЎЛАЙЛИК!
<

ФИТНАЛАРДАН ОГОҲ БЎЛАЙЛИК!

fitna“Фитна” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, луғавий жиҳатдан бир неча маъноларда келади. Азҳарий айтади: “Фитна сўзининг умумий маъноси (мусибатлар, машаққатлар билан) синамоқ, имтиҳон қилмоқдир”.
Бу сўз арабча فتنتُ الفضةَ والذهبَ” (Фатантул-физзата ваз-заҳаба), яъни “олтин билан кумушнинг тозасини ажратиб олиш учун (оловда) эритдим” деган жумладан олинган.  Аллоҳ таоло айтади: يوم هم على النار يُفتَنونَ” (явма ҳум алан-наари юфтанувна), яъни“улар (дўзах) оловида “текшириладиган” (ёндириладиган) кунда…”(Зориёт сураси, 13-оят). Бу ўринда “йуфтануна” сўзи “йуҳроқувна”, яъни “куйдириладилар”, “азобланадилар” маъносида келган.
Ибн Асир айтади: “Фитна имтиҳон ва синовдир. Сўнгра мазкур имтиҳон ва синов туфайли кишига етадиган ёмонлик ва азият маъносида ҳам ишлатилган. Сўнгра бу сўз гуноҳ, куфр, бузғунчилик, уруш, ёндириш ва чалғитиш маъносида қўлланадиган бўлди”.
Шунингдек, “фитна” арабча “фатана-яфтину” феълидан олинган бўлиб, мафтун қилмоқ, ақлини ўғирламоқ, бошини айлантирмоқ, тўғри йўлдан оздирмоқ маъноларига ҳам эга. Демак фитна луғавий жиҳатдан олиб қаралганда ҳам фақат салбий маънога далолат қилар экан.
Ибн Аъробий “фитна” маъноларини умумлаштириб шундай дейди: “Фитна бу синовдир; фитна бу қийинчилик, бало ва офатдир; фитна молу дунёдир; фитна бола-чақадир (Зеро, гоҳида бола-чақа ҳам кишини ухравий ишлардан чалғитиб қўйиши мумкин) “إنما أموالكم وأولادكم فتنة” яъни, “албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз (сизларни охиратдан чалғитадиган) бир фитнадир холос” (Анфол сураси, 28-оят); фитна бу куфрдир; фитна одамларнинг ғоя ва мафкураларининг турлича бўлиши ва ихтилофдир; фитна олов билан куйдирмоқдир” (Ибн Манзур, “Лисонулараб”).
Шунингдек, гуноҳ ва маъсиятларга тушиб қолиш ҳам фитнадир. Юқорида айтилганидек, кишиларнинг ихтилофга тушиб, қалблари ҳар хил бўлиб қолиши, парокандалик ва тафриқа ҳам фитнадир. Аллоҳ таоло айтади: “Улар илгари то ҳақиқат рўёбга чиқиб, буни ёмон кўрган ҳолларида Аллоҳнинг амри ғолиб бўлгунга қадар ҳам фитна қилмоқчи бўлган ва ишингизни ортга кеткизмоқчи бўлган эдилар-ку” (Тавба сураси, 48-оят). “Кашшоф тафсири”да келганидек, бу оятда “фитна” сўзи билан мусулмонлар орасига ихтилоф ва тафриқа солиш назарда тутилади.
Истилоҳда эса, фитна сўзи кўпинча турли-туман тарғибот-ташвиқот, маданий юриш ва ҳоказолар орқали кишиларни диндан қайтариш ёхуд муайян юртда ҳархил ниқоблар остида ижтимоий парокандаликни юзага келтириш тушунилади.
Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир. Маънавий соҳада инсоннинг имон-эътиқоди, шариатга амал қилиши, унинг инсоний фазилатлари рўёбга чиқишига тўғаноқ бўладиган барча нарсалар ҳам фитна ҳисобланади. Фитна шуниси билан хатарлики, у келганда асл-моҳияти кўпчиликка ошкор бўлмайди, одамлар алданиб қоладилар. Зотан, луғавий жиҳатдан фитнанинг алдов, қутқу маъноларига ҳам бор. Фитна келганда одамлар алданиб, нотўғри ташвиқотларга учиб қоладилар.
Нуайм бин Ҳаммод “Китобул-фитан”да Ҳузайфа ибн Ямон ва Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳумолардан қуйидаги сўзларни ривоят қилади: “Фитна шундай нарсаки, келганда ўз моҳиятини одамларга ноаниқ қилиб келади. Фақат кетгандагина ўзининг асл башарасини кўрсатади”. Одамлар сўрашди: “У ҳолда унинг келиши қандоғу кетиши қандоқ бўлади?” Ҳузайфа жавоб бердилар: “Келиши қиличнинг яланғочланишидир, кетиши қиличнинг қинга солинишидир”.
Ушбу сўзлар фитнанинг асл моҳиятини янада равшанроқ очиб беради. Демак, фитна келган пайтда кўп одамлар унинг моҳиятига етолмас экан. Унинг келиши “қиличнинг яланғочланиши” яъни, парокандалик, қирғинбарот урушлар пайдо бўлишида акс этади. Кетиши эса, “қиличнинг қинга солиниши”, яъни урушлар барҳам топиб, яна тинчлик ҳукмрон бўлишида кўринар экан. Бундан келиб чиқадики, фитна келганда унинг ортида турган нарсани яхши билолмаса ҳам оқил киши у туфайли уруш ва тўполонлар содир бўлаётганлигидан фитна нима эканлигини билиб олиши ва ўзини ундан йироқ тутиши лозимдир.
Бугунги кунда дунёда содир бўлаётган воқеаларни кузатар экансиз, икки буюк саҳобий томонидан фитнанинг асл моҳиятини очиб бериш учун айтилган мазкур сўзларнинг нақадар ҳақлигига тан бермай иложингиз йўқ. Чиндан ҳам фитналар келганда кўпчилик учун унинг асл моҳияти ноаниқ бўлади. “Ислоҳ”, “жиҳод”, “Исломий давлат қуриш” каби ялтироқ шиорлар ва баландпарвоз мақсадлар қиёфасидаги урушлар, хунрезликлар қанчадан-қанча одамларни ўз домига тортиб кетмади. Ўзининг мустақил фикрига эга бўлмаган кишилар бундай ҳолларда дарров “фалончи олим бундай деди, пистончи олим ундай деяпти”, деган сўзлар билан фитнани оқламоқчи ҳам бўладилар. Мисол учун, ўша “араб баҳори” деган мантиқсиз ном билан бошланган фитналар ҳақида мулоҳаза юритадиган бўлсак, кўрамизки, айрим Ғарб давлатларига мутеъ бўлган Кўрфаз давлатларида яшайдиган баъзи “аҳли илмлар” Сурия, Ливия каби мусулмон давлатлардаги Ғарб томонидан қўллаб-қувватланган давлат тўнтариш ва қўзғолонларни жиҳод дея баҳолаб, фитналар оловига мой сепдилар. Қанча-қанча тирик жонни ёқиб кул қилаётган бу гулханни гуркиратиб ёқиб бердилар. Ҳолбуки, ўша машъум “араб баҳори” келишидан олдин мазкур давлатларда ҳеч ким динга қаршилик қилмаётган, ҳеч ким бировни қирғин қилмаётган эди. Натижа нима бўлди?! Кўплаб мусулмон давлатларининг шон-шавкати кетди. Тинчлик ўрнини хавф, ободлик ўрнини харобалик, тўкинлик ўрнини қашшоқлик эгаллади. Ўша ишларни амалга оширган жоҳиллар жиҳод эмас, фитна ишини амалга ошириб беришди, холос.
Бугунги кунда мустамлакачиликнинг янги-янги моделлари ихтиро қилинаётгани, мустақил давлатларни босиб олишнинг борган сари янги-янги кўриниш ва услубларига мурожаат қилинаётганлиги ҳам ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Мисол учун, керакли жойда аввал ўша жой халқнинг менталитети ва динига мос бўлган бир баҳона сунъий равишда ясаб берилади, қўзғолон чиқарилади, сўнг қўзғолончиларга қурол бериб, айримлар томонидан бу ишлар жиҳод деб баҳолатилади. Кечагина террорчи дейилаётган одамларга лисони ҳоли билан “нима қилсанг, қил!” дея яшил чироқ ёқиб берилади. Бу орада бир камондан ўқ узувчи барча оммавий ахборот воситалари айбни фақат давлатга ағдариб, ундан золим ва қонхўр образини маҳорат билан ясаб берадилар. Керак бўлса, голливуд павильонларига ўхшаган катта-катта саҳналарда сохта ҳужжатли филмлар ҳам суратга олинади. Бу филмларни кўриб, ўз-ўзидан олиму омиси фақат бир томонни ёмонлаб, унга лаънатлар ёғдиради. Ўз тўнини ўзгартирган мустамлакачи учун ташқаридан ҳужум қилишга деярли ҳожат ҳам қолмайди. Чунки, унинг содиқ малайлари унинг учун ҳамма ишни қилиб турганларидан кейин, шундай бўлади-да.
Ҳозирги кунда бутун дунёни ташвишга солаётган ИШИД балоси ҳам аслида мана шу фитналарнинг аччиқ меваси, муқаррар натижаси ўлароқ майдонга келди. Уларнинг даъволари ҳар қанча баланд бўлмасин, барибир фитна, катта ўйиндаги кичик бир пиёда, холос.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган, халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида огоҳлантирган эдилар: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминга зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!” (Муслим ривояти).
Бугунги кунга келиб бутун дунёда фитналар кўпайди, уларнинг моҳияти ўзгарди, қиёфаси бошқача тус олди. Жаҳондаги ёвуз кучлар мусулмонлар бирлигига путур етказиш, парокандалик келтириб чиқариш мақсадида мусулмонлар ўртасида фисқ-фасод, фитна ва бузуқ эътиқодларни ёйишга уринмоқда. Улар бузғунчи ташкилотлар ёки маълум доиралар манфаати йўлида дин ниқобидан фойдаланиб, ҳамма ерда фасод уруғини сочишмоқда. Мамлакатимиз мусулмонлари ҳам бу хатарли фитналар таҳликасидан омонда қолишаётгани йўқ. Мустақилликдан сўнг турли бузғунчи фирқа ва оқимларнинг мусулмонларимиз бирлиги ва эътиқоди мусаффолигига қарши қаратилган хуружи бўлди, турли террорчилик ва бузғунчилик ҳаракатлари ҳам содир этилди.
Фурсатдан фойдаланиб, мусулмонларни дин душманларининг яна бир катта фитнасидан огоҳлантиришга тўғри келади. Ҳозирги ғоялар кураши даврида қўпорувчилик ва миссионерлик ҳаракатлари ниҳоятда кучайди. Улар ўз таълимотларини муросасизлик ва зўравонлик билан тарғиб қилишмоқда. Бу йўлда ҳар бир имкониятдан фойдаланишмоқда, ҳеч нарсадан тап тортмай фаолиятларини кучайтиришмоқда. Мақсад, мусулмонлар орасига фитна уруғини сочиш, уларни пароканда қилиш, мамлакатлар ва халқларни бўлиб ташлаб, бир-бирига қарши гиж-гижлаш.
Кўплаб ҳадиси шарифларда фитнага тушиб қолишдан огоҳлантирилади, унга аралашмаслик, фитнадан узоқ бўлишга чақирилади. Жумладан Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Келажакда фитналар бўлади. У фитналар келганда, ўтирган тургандан яхшидир, турган юргандан яхшидир, юрган (унга қараб) югургандан яхшидир. Ким унга қизиқиб интилса, уни ўзига тортиб олиб ҳалок қилади. Ким ундан қочиб қутуладиган жой (имкон) топса, ўша ердан паноҳ топсин (фитнага аралашмасин)”.
Бу ҳадиси шариф орқали Набий алайҳиссалом фитна ниҳоятда хатарлилигини баён қилар эканлар, у ўзига талпинган, қизиқиб қараган ҳарқандай инсонни ўз домига тортиб, ҳалок этишидан огоҳлантирадилар. Шу боис ҳам ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитна юзага келганда ўтирган тургандан, турган юргандан, юрган югургандан яхши дедилар. Яъни, бу билан инсон фитнадан қанча узоқ бўлса, шунча яхши экани айтилмоқчи. Шунингдек, мазкур ўхшатишлардан фитна ишининг ривож топишида кимнинг ҳиссаси каттароқ бўлса, ўша инсон ҳаммадан кўпроқ зарар кўриши, гуноҳга ботиши, кимнинг ҳиссаси камроқ бўлса, камроқ гуноҳ орттиришини тушуниш ҳам мумкин. Бу ҳолда “ўтирган тургандан яхши, турган юргандан яхши” деган сўзлардаги “яхшилик” нисбий ва мажозий маънода қабул қилинади. Демак, фитнага қараб югурган ёхуд фитна уруғини сочишда фаол бўлиб, югуриб-елган инсон фитнадан энг кўп зарар кўрар экан. Хулласи калом, фитнага яқиндан ё узоқдан аралашган ҳарқандай инсон, албатта қандайдир зарар кўриб, гуноҳкор бўлар экан. Кимдир фитнада шахсан ўзи қатнашса, кимдир тили билан унинг ривожига ҳисса қўшиши мумкин. Яна кимдир аралашмаса ҳам фитнадан хурсанд бўлиши мумкин ва ҳоказо. Ҳамма фитна ривожидаги ўзининг насибасига қараб гуноҳ ва зарардан улуш олаверади. Ва ниҳоят ҳадиси шарифда таъкидланганидек, “ким ундан қочиб қутуладиган жой (имкон) топса, ўша ердан паноҳ топсин”. Демак, динимиз таълимотлари фитнадан имкон қадар узоқ бўлишга, унга умуман аралашмасликка чақиради.
Аллоҳ таоло жонажон ўлкамизни турли хил фитна-фасод ва бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин, халқимизнинг тинч-хотиржам ва фаровон ҳаётига кўз тегмасин!

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

ona

Она ҳақида шер (ӯзбекча шеърлар)

Шоир Алишер Навойи Она ҳақида шеъри Оналарнинг оёғи остидадир Равзаи жаннату жинон боғи. Равза боғи …