Главные новости
Главная / Жамият / МИБ ходимлари мол-мулкини мусодара қилган фермер ўзини осди
<

МИБ ходимлари мол-мулкини мусодара қилган фермер ўзини осди

Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани Мажбурий ижро бюроси ходимлари мол-мулкини мусодара қилган фермер 9 ноябрь куни осилган ҳолда топилди.

“Наврўз” шаҳарчасида яшаган фермернинг жасади ўзини осган вақтдан икки кундан сўнг, 9 ноябрь куни ўзи қурдирган, лекин ишлатилмай турган дўконда топилган.

Фермер ҳамқишлоқларининг айтишларича, пахтаси яхши бўлмаган фермер банкдан олган кредитини қоплай олмагани учун, Мажбурий ижро бюроси унинг уйидаги мебель, телевизор ва гиламларини мусодара қилган.

Туман ички ишлар бўлими мулозими фермер ўз жонига қасд қилганини тасдиқлади.

Дўстлик туманида яшайдиган, исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг Озодликка айтишича, пахта режасини бажаролмаган 33 яшар Санжар исмли фермер Мажбурий ижро бюроси унинг уйини шип-шийдон қилиб бўшатиб кетганидан сўнг, ўз жонига қасд қилган:

“Бу йил пахта яхши бўлмади. Аксарият фермерлар режани бажаролмади. Банк кредитларини қайтара олмайди деб, кўпчилик фермерни судга бериб юборган. МИБ шунинг учун ҳозир уйма-уй юриб фермерларнинг мол-мулкини тортиб олишга киришди. Ўша куни ҳам Санжарнинг уйидаги телевизорини, холодилнигини, гиламини ва бошқа ашёларини шип-шийдон қилиб олиб чиқиб кетган экан. Фермернинг банкдан 83 миллион сўм қарзи бор экан. МИБ, “бу олиб кетаётганларимиз қарзингни ярмига ҳам бўлмайди, ҳали келиб яна қолган мол-полингни ҳам олиб кетамиз”, деган экан. У эса ўзи қурдирган, лекин ишлатилмаётган дўконига кириб, ўзини осиб қўйибди”, дейди фермер.

“Наврўз” шаҳарчаси маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, фермернинг жасади у ўзини осгандан икки кун ўтиб топилган:

“Уйдагилари бирор жойга иш билан кетгандир деб ўйлашган экан. Икки кундан кейин онаси ўша ишламай турган дўконларининг олдидан ўтаётса, эшик сал қия очилгандай бўлиб турган экан. Ким бу эшикни очибди, деб ҳайрон бўлиб ичкари кирса ўғли шифтга осилиб турган экан”, дейди маҳалла фаоли.

Дўстлик тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими фермернинг ўз жонига қасд қилганини тасдиқлади, лекин бу ҳақда бошқа маълумот беролмаслигини айтди

Озодлик фермернинг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлган ҳолатларни ўрганишда давом этади.

Бу йил Ўзбекистонда пахта ҳосили яхши бўлмагани учун баъзи фермерлар банкдан олган кредитини қоплаш имкониятидан маҳрум бўлган.

Ўзбекистон Марказий банкининг жамоатчиликка гапириш ваколати йўқлиги учун ўз шахси сир қолишини сўраган ходимининг Озодликка айтишича, гарчи банкдан олинган кредитни ёпиш учун яна олти ой муҳлат борлигига қарамасдан, республика бўйлаб барча банкларга фермерлардан кредитни ундириш ҳақида президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи селектор йиғилишида топшириқ берган.

Озодлик Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани Мажбурий ижро бюроси пахта териш кампанияси давом этаётган бир пайтда, банкдан кредит олган айрим фермерларнинг мол-мулкини хатлаш ва мусодара қилишга киришгани ҳаиқда хабар берган эди.

Ҳаққимизда Anonymous

Яна маълумот

agckoyzummfytud3lrmv09wdqqzxhe_d

Ўзбекистонда Голливуд актёрлари иштирокида тарихий сериал суратга олинади

Ўзбекистонда Голливуд актёрлари иштирокида тарихий сериал суратга олиниши режалаштирилмоқда. Шу муносабат билан 2020 йилда Самарқанд, …