2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида 2 миллиондан ортиқ киши фермер хўжаликларида иш билан банд бўлган. Уларнинг 500 мингдан зиёди расман ишга жойлаштирилган, қарийб 1,5 миллион киши эса норасмий банд бўлганлар.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг бу маълумоти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2018 йил 28 сентябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ўн олтинчи ялпи мажлисида очиқлангани Сенат Ахборот хизмати хабар қилди.
Сенаторлар қишлоқ хўжалигида меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш ҳамда мазкур соҳадаги норасмий бандлик масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоровга парламент сўрови юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиққани, сўров юбориш ташаббуси Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳамда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан илгари сурилгани хабар қилинди.