Главная / Маданият / Фарзанднинг ақлий тарбияси
<

Фарзанднинг ақлий тарбияси

farzandФарзандга ақлий тарбия беришдан мақсад, ҳар бир фойдали нарса билан унинг фикрини шакллантириш, мушоҳада ва илмий тушунчаларини ўстириш, дунёқарашини тараққий эттиришдан иборат. Токи, фарзанд фикр юритувчи, онгли ва билимдон бўлиб камолга етсин.
Ақлий тарбия масъулияти мураббийлар зиммасига фарзандга таълим бериш, унинг онгини ўстириш ва юксалтиришдан иборат вазифаларни юклайди. Ислом уламолари мураббийларга фарзандга ақлий тарбия бериш масъулиятини адо этишда қуйидаги омилларга эътибор қаратишни тавсия қиладилар: фарзандга таълим бериш вожиблиги; тафаккур доираси, яъни онгини ўстириш; соғлом ақлни муҳофаза қилиш лозимлиги.
Ислом илм дини экани барчага маълум. Қуръони каримнинг кўплаб оятлари ҳам илм ҳақида тушганлиги илм олишнинг нақадар зарур ва шарафли эканига далолат қилади. Мураббийнинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳам фарзандни илмли, маърифатли қилиб вояга етказишдан иборат.
Ўғил болаларга ўзларига хос, қизларга ўзларига хос илмларни ўргатиш шаръий нуқтаи назардан лозимдир. Баъзи одамларда қиз бола бировнинг хасми, шунинг учун қизларнинг илм олишлари шарт эмас, деган хато фикрлар бор. Аслида Исломда аёл-қизларнинг илм олишларига эътибор жуда каттадир. Бунинг далили, Исломнинг дастлабки давларидаёқ аёллардан шоиралар, хаттотлар, табибалар, ҳадис илмига беназир ҳисса қўшган муҳаддисалар чиққанидир.
Бугун юртимизда ёш авлодга бўлган эътибор, уларни ҳар томонлама камолга етказиш учун яратилган имкониятлар ҳаммани ҳайратга солади. Замонавий ўқув даргоҳлари, чет элдаги энг нуфузли олий таълим муассасаларининг бўлимлари юртимизда очилиши таҳсинга лойиқдир. Айниқса, қизларимизга мустақил ҳаётларида асқотадиган, жамиятга катта манфаат берадиган мутахассисаларни етиштирувчи қанчадан-қанча ўқув муассасалари мавжудлиги қувончлидир. Бу имкониятлардан фойдаланиб, жаҳон узра катта ютуқларга эришиб, баланд чўққиларни эгаллаётган ёшларни кўриб ҳавасингиз келади. Шу билан бирга, бундай шарт-шароитларнинг қадрига етмай, вақтини беҳуда ўтказиб, бирор илм ёки касб эгалламай юрган ёшларни, уларнинг ота-оналарини кўриб, хафа бўлиб кетасиз, ачинасиз.
Ақлий тарбиянинг омилларидан бири боланинг онгини тўғри шакллантиришдан иборат. Ақлнинг бебаҳо неъмат экани, инсон бошқа махлуқотлардан фақат ақли ва забони билан фарқ қилишини уқтириш лозим. Бола онгида она ватан муқаддаслиги, унинг ҳар бир қарич ери азизлиги, тинчлик-хотиржамлик буюк неъмат экани, аждодларимиз ҳақида, улар эришган ютуқлар ҳақида тўғри тасаввур пайдо қилиш, инсон қадр-қиймати, меҳнатнинг қадри ва самараси, оила, қариндош-уруғчилик, жамият, қўни-қўшничилик, меҳр-оқибат ҳақидаги тушунчаларни сингдириб бориш лозим. Қайси даврда, қандай ижтимоий ҳолатда яшаётганимиз ҳақида ҳам уқтириш даркор. Яхши-ёмонни, фойда-зарарни ажратиш йўлларини ўргатиш лозим.
Ислом дини болаларга ақлий тарбия беришда ота-оналар ва мураббийлар зиммасига уларнинг соғлом ақлларини муҳофаза қилиш ҳақида ғамхўрлик масъулиятини юклади. Уларнинг ақллари етук, зеҳнлари мусаффо, хотиралари мустаҳкам ва фикрлари соғлом бўлиши учун барча чораларни кўриш лозимлигини уқтирди. Болаларнинг ақлий жиҳатдан соғлом бўлишларида ота-она ва мураббийлар қандай ишларни амалга оширишлари лозим?
Бу масъулиятнинг аввали болаларнинг зеҳни ва ақлига салбий таъсир кўрсатадиган иллатлардан муҳофаза қилишдир. Турли бемаъни ўйинлар, телевизор, компьютер ва уяли алоқа воситаларидан миллатимизга, динимизга хос бўлмаган кўрсатув ва ахборотлар, беҳаёликни тарғиб этувчи маълумотларни олишларидан уларни эҳтиёт қилиш лозим.
Бундан ташқари, ота-оналар ва мураббийлар болаларнинг ақлий салоҳиятлари кўтармайдиган юмушларни буюрмасликлари керак. Болалар кўз олдида жанжаллар, ҳақоратлар, ваҳшийликлар содир этилиши ҳам уларнинг зеҳнларига ва ақлларига салбий таъсир кўрсатилишини унутмайлик. Болаларни ёшликдан бировга озор бермаслик, жонли ва жонсиз нарсаларга зарар етказмаслик руҳида тарбия қилиш лозим.
Имом Шофеийдек буюк зот бир куни устозлари Вакиъ ҳазратларига: “Устоз, зеҳним кун сайин пасайиб, хотирам сустлашиб кетаётганини сезяпман. Бунинг олдини олиш учун нима қилай?” – деганларида, узот: “Гуноҳ қилишдан тийил!” деб насиҳат қилган эканлар. Демак, гуноҳ ва маъсият ҳам инсон хотирасига, зеҳнига салбий таъсир кўрсатади.
Болаларнинг ёшларига кўра, уларни инсон ақлини кесадиган, зеҳнини пасайтирадиган турли зарарли спиртли ичимликлар истеъмол қилишдан қайтариш, гиёҳвандлик каби иллатларнинг салбий оқибатларидан доимо огоҳлантириб туриш лозим. Аммо ўзлари мазкур иллатларнинг соҳиблари бўлатуриб, ўзгаларни бунинг ёмонлигидан қайтармоқчи бўлганлар бирор хайрли натижага эришишлари мумкинми? Инсон ўзи амал қилмаган нарсадан қандай қилиб ўзгани қайтара олади? Айтган тақдирда ҳам сўзининг таъсири бўлармикан?
Демак, ота-она ўзи қилмаган нарсани ёки ўзи сақлана олмаган нарсаларни болаларга буюрса, бу яхши натижа бермайди. Балки фарзандлар ёшликдан алдовга, нифоққа ўрганади. Бундан эҳтиёт бўлиш ҳар бир ота-она ва мураббийнинг вазифасидир.

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

0b712a8e-2ec0-4f7e-886f-979b57d3b5d4_cx24_cy50_cw41_w1023_r1_s

Данғара ҳокими жавоб хатидан 100 га яқин хато топилди

Сурхондарёда ўнлаб ИИБ мансабдорлари ишдан бўшатилди. Данғара ҳокими журналист фаолиятига тўсқинлик бўлмаганини иддао қилмоқда. Ўзбекистон …