Главные новости
Главная / Иқтисодиёт / Эркин иқтисодий зоналар тугатиладими?
<

Эркин иқтисодий зоналар тугатиладими?

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 28 октябрда эълон қилинган «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан Ўзбекистондаги махсус иқтисодий ҳудудлар фаолиятида ўзгариш бўлиши кутилмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, 2021 йил 1 февралга қадар хорижий тажрибани ўрганган ҳолда махсус иқтисодий зоналар фаолиятига ташқи бошқарувни жорий этиш ҳамда уларни босқичма-босқич хусусийлаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилиши белгиланди.

Махсус иқтисодий зона нима?

2020 йил февралда қабул қилинган «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги қонунга кўра, махсус иқтисодий зона — тегишли ҳудудни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун чет эл инвестициялари ва маҳаллий инвестицияларни, юқори технологиялар ҳамда бошқарув тажрибасини жалб этиш мақсадида махсус ажратилган, белгиланган чегараларга ва махсус ҳуқуқий режимга эга бўлган ҳудуд.

Махсус иқтисодий зоналар (МИЗ) бир неча турда, хусусан, эркин иқтисодий зона, махсус саноат зона, туристик-реакрацион зона, махсус илмий-технологик зоналар кўринишида ташкил этилиши мумкин. МИЗ жозибадорлигини ошириш ва унга инвесторларни кўпроқ жалб этиш мақсадида барча талабларга мос келган лойиҳа эгалари турли имтиёзлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлган. Масалан, Ўзбекистон президентининг тегишли фармони билан зона аъзоларига солиқ ва божхона тўловлари бўйича турли имтиёзлар берилган эди.

Инвесторлар қуйидаги имтиёзлардан фойдаланишган:

  • ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловидан;
  • бўшаб қоладиган маблағларни мақсадли йўналтириш шарти билан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ускуналар, хом ашё, материаллар ҳамда бутловчи қисмларни божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);
  • Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ва лойиҳаларни амалга ошириш доирасида четдан келтириладиган қурилиш материалларини божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно) тўлашдан озод қилинади.

Нима ўзгарди?

2020 йил 1 январдан кучга кирган янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 473-моддасига мувофиқ, эркин иқтисодий зоналар иштирокчиларига фақат мол-мулк солиғидан, ер солиғидан ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан озод қилиш тарзида солиқ имтиёзлари берилган.

Шунингдек, Солиқ кодексининг 75-моддасида «ҚҚС бўйича имтиёзлар, шу жумладан, товарлар Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилишида (импортида) солиқ солишдан бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан берилиши мумкин эмаслиги» ҳамда 266-моддасида барча солиқ тўловчилар «бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини аниқлашда фақат тўланган солиқ суммаларини ҳисобга олиши» белгиланди.

Натижада эркин иқтисодий зона иштирокчиларига президент фармони билан берилган бир қанча солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлардан амалда фойдаланиш давлат солиқ органлари томонидан бекор қилинди. Бунга ҳукуматнинг эркин иқтисодий зоналарни истиқболсиз лойиҳа сифатида кўриши сабаб бўлди.

Солиқ бошқа ҳужжатлар талабини бузадими?

«Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, «агар Ўзбекистон Республикасининг кейинги қонун ҳужжатлари инвестиция қилиш шарт-шароитларини ёмонлаштирса, инвестиция қилиш санасида амалда бўлган қонун ҳужжатлари чет эл инвесторларига нисбатан инвестиция қилиш пайтидан эътиборан ўн йил мобайнида қўлланиши ҳамда инвестор ўзининг инвестиция қилиш шарт-шароитларини яхшилайдиган янги қонун ҳужжатлари қоидаларини ўз хоҳишига кўра қўллаш ҳуқуқига эга».

Шунингдек, Ўзбекистон президентининг 2012 йил 10 апрелдаги фармони 2-бандида ҳам «хорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши 5 миллион АҚШ доллардан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 йил мобайнида солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшимча қиймат солиғи, мол-мулк солиғи, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўлашнинг мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтиш санасида амал қилган меъёрлари ва қоидаларини қўллашга ҳақли» экани белгиланган.

Бундан ташқари, президентининг 2017 йил 25 октябрдаги қарори 7-бандига асосан, «солиқ қонунчилиги ўзгарганда ЭИЗ иштирокчилари солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар (акциз солиғидан ташқари) бўйича улар рўйхатдан ўтказилган санадан амал қилган норма ва қоидаларни қўллашга ҳақли».

«Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 42-моддасида «Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ўзгарганда махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари имтиёзлар амал қилиш муддати давомида, лекин ўн йилдан ошмаган муддат ичида солиқлар, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўлаш бўйича улар Махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестрига киритилган санада амалда бўлган нормалар ва қоидаларни қўллашга ҳақли» деб таъкидланган.

Мазкур Қонуннинг 48-моддасида «ЭИЗ ҳудудида мазкур Қонун кучга киргунга қадар ЭИЗ дирекциялари томонидан рўйхатга олинган ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган ЭИЗ иштирокчилари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёз ва преференциялар улар тақдим этилган муддат ўтгунига қадар сақлаб қолиниши» белгиланган.

Эркин иқтисодий зона иштирокчиларининг қонуний манфаати ҳимоя қилинмай, Солиқ кодекси талаби амалда ижро этилмоқда. Инвестор тақдим этилган имтиёзлардан маҳрум этилган.

Эркин иқтисодий зоналар тугатиладими?

Шу йилнинг 27 октябрь куни давлат раҳбари томонидан имзоланган фармонга биноан, махсус иқтисодий зоналар фаолиятига ташқи бошқарувга топширилиши мумкин. Улар босқичма-босқич хусусийлаштирилади. Бунинг тартиби ҳали ишлаб чиқилмаган, ҳукумат бир неча ойлардан сўнг бу ҳақда батафсил маълумот бериши мумкин. Ҳозирча аниқ кутилма шуки, эркин иқтисодий зоналар ҳам хусусийлаштириш йўли билан тугатилиши мумкин. Уларни истиқболсиз лойиҳа сифатида кўрган ҳукумат шу йўл билан қонунчиликдаги зиддиятларни ҳам бартараф этиши мумкин.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

v5u4cs-woxodyeswocaua-wwqxtpiyem

«UzAuto Motors» ишида суд қарори қабул қилинди

30 октябрь куни «UzAuto Motors» иши бўйича суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинди. Жамоатчилик ушбу қарордан …