wolswagenЖорий йилда етакчи автоконцернлар яқин йигирма йил ичида электромобиллар ишлаб чиқаришга тўлиқ ўтилиши ҳақида эълон қилишди. Бу эса энергоресурслар бозорига ўзининг жиддий таъсирини ўтказиши мумкин, деб ёзади Forbes.ru

Жаҳоннинг келажакдаги нефть бозори учун асосий воқеа сентябрь ойининг бошларида Хитой саноат ва ахборот технологиялари вазири Син Гобингнинг ҳукумат ички ёнув двигателларига эга автомобиллар сотувига якуний тақиқ қўйилиши муддатини манфаатдор томонлар билан муҳокама қилаётган тўғрисидаги баёноти бўлди. Эътибор қилинг — тақиқнинг ўзи эмас, унинг муддати муҳокама бўляпти.

Хитой вазирининг баёнотидан сўнг икки кун ўтиб, дунёдаги энг йирик авто ишлаб чиқарувчилардан бири — Volkswagen 2030 йилдан бошлаб фақат электромобиллар ишлаб чиқаришини эълон қилди. Бунинг учун у электромобиллар дастурига 20 млрд евро сармоя киритади, яна 50 млрд еврони улар учун батареялар харид қилишга сарфлайди. Шимолий Американинг энг йирик автомобилсози General Motors ҳам компаниянинг янгиланган стратегиясини тақдим этди.

Электромобилларга дов тикиш

Шимолий Америка “катта учлиги”нинг иккинчи вакилининг янги раҳбари Ford ички ёнув двигатели лойиҳаларидан 4,5 млрд доллар айириб, электромобиллар ишлаб чиқаришга бош қўшишини эълон қилган бўлса, Япониянинг Toyota’си 2015 йилда тасдиқдан ўтиб бўлган стратегияни ўзгартириб, ички ёнув двигателидан 2050 йилда эмас, 2040 йилда тўлиқ воз кечилишини маълум қилди.

Ички ёнув двигателидан воз кечиш ҳақида японларнинг Mazda’си (2030-йиллар биринчи ярмида), немисларнинг Opel’и (Европа бозорларида 2024 йилдан), шведларнинг Volvo’си (2019 йилдан) эълон қилиб бўлган, француз-япон альянси Renault–Nissan раҳбари Карлос Гон эса, 2040 йилга келиб, дизелли ва бензинли транспортлар қолмаслигини таъкидлаган.

2025 йилдан 2040 йилгача бўлган оралиқда ички ёнув двигателидан воз кечиш ҳақида Буюк Британия, Франция, Италия, Нидерландия, Норвегия ҳукуматлари баёнот бериб бўлишган. Ҳиндистон ҳукумати ҳам 2030 йилдан бошлаб барча автотранспорт воситаларини электромобилларга алмаштириш режасини муҳокама этмоқда.

Агар буларнинг барчаси йиғилса, тўрт йирик бозорнинг учтаси — Хитой, Европа ва Япония ички ёнув двигателларига эга автомобиллар учун йўқ бўлди ҳисоб.

Жаҳон автопаркининг электромобиллашишига нисбатан консерватив қарашлари ўз-ўзидан тушунарли бўлган OPEC ҳам ўз прогнозларида 2035 йилдан бошлаб ички ёнув двигателларидан воз кечиш нефть истеъмоли қисқаришини бошлаб беришини ва 2040 йилга бориб қисқариш 3–5 фоизни ташкил этишини кўрсатиб ўтган. Лекин OPEC’га хос тарзда ўз прогнозида бир чимдим қалампир кетидан бир қоп шакар ҳам тақдим этган: унинг таҳлилчилари фикрича, 2018–2035 йилларда нефтга бўлган талаб учдан бир қисмга ўсади.

Автобозор

Агар 2016 йил учун йирик авто ишлаб чиқарувчилар рўйхати олинса, Volkswagen, Renault–Nissan, General Motors, Toyota ва Ford электромобилларга кўпроқ ишонишини, ҳамда қисқа муддатда электрокарлар ва ички ёнув двигателли автолар моделлари қаторини тенглаштиришини таъкидлаб ўтишган. Volkswagen, Renault–Nissan, General Motors 2016 йилда биргаликда 26,5 миллионта янги автомобиль ишлаб чиқаришган, Toyota ва Ford эса яна 16,2 млн. Бу ҳали BMW, Mazda, Opel, Volvo ва миллионлаб машина ишлаб чиқарётган хитойлик автомобилсозлар ҳисобга олинмаганда! 2016 йилда бутун дунё бўйлаб 95 миллион автотранспорт воситалари ишлаб чиқарилган.

Тушунишингиз учун: ўша OPEC’нинг маълумотларига кўра, автотранспорт воситалари жаҳонда ишлаб чиқарилаётган нефтнинг 44 фоизини истеъмол қилади. Юқоридагилардан келиб чиқиб, ишонч билан таъкидлаш мумкинки, жаҳон автопаркининг электр двигателга ўтиши кутилганидан тезроқ амалга оша бошлади, бинобарин, кутилганидан-да тезроқ тугайди. Айнан ўша 44 фоиз истеъмолдаги нефть таҳдид остида. Ютаётганлар эса литий, кобальт, мис ва газ ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, қуёш ва шамол электр энергетикаси билан шуғулланаётганлардир.

Шундай қилиб, жаҳон нефть бозори учун вазият қуйидагича тус олиши мумкин: тактик даражада нефть нархининг энг юқори даражасини сланецли нефть қазиб олиш белгилаб беради, стратегик даражада эса жаҳон автопарки томонидан 2017 йилда бошлаб берилган электр двигателга ўтиш тенденцияси 15–20 йилда жаҳон миқёсида нефтга бўлган талабни учдан бир қисмга ҳаттоки ундан ҳам кўпроққа қисқартириши мумкин.