Главная / Жамият / Эҳсон пулини бир миллион сўмга етказмаган масжид ёпилиши мумкин

Эҳсон пулини бир миллион сўмга етказмаган масжид ёпилиши мумкин

Қашқадарёдаги Ярғунчи масжиди ходимларига ойига 1 миллион сўм эҳсон пули тушириш мажбурияти юклатилди. Акс ҳолда масжид ёпилиши мумкинлигидан огоҳлантирилди.

Масжидга ёпиштирилган эълон

Қашқадарё вилоят, Ғузор туманидаги Ярғунчи жоме масжиди эшигига “агар масжид ойига бир миллион сўм пул маблағи туширмаса, ёпилиши мумкинлиги” ҳақидаги эълон ёпиштирилди.

Масжидга борган намозхонлар томонидан суратга олиниб, Озодликка йўлланган ушбу эълон тилхат кўринишида бўлиб, унга масжид имоми Бурҳон Пардаев билан мутавваллиси Ўрол Боймирзаев имзо чеккан.

Тилхатда имом Пардаев ва мутаввалли Боймирзаев масжидга ойига бир миллион сўм пул тушмагани борасида огоҳлантирилгани ёзилган.

“Ойига масжидимиз ҳисоб рақамига 1.000.000 (бир миллион) сўм пул маблағи тушмаса масжиднинг фаолиятини ихтиёрий равишда тўхтатишга розимиз” дейилади тилхат давомида.

Ярғунчи масжиди имоми Бурҳон Пардаев Озодлик билан суҳбатда масжид эшигига айни мазмундаги эълон ёпиштирилганини тасдиқлаб, бу Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Қашқадарё вилоят вакиллиги талаби билан ёзилганини айтди:

– Ҳа, вакилликдан топшириқ бўлганди. “Буни масжиднинг эшигига осиб қўясан” деди. Чунки халқ билсин, жоме масжидку бизники. Ўзини-ўзи бошқариш, фаолият юритиш учун кўпроқ тушум қилиши керак. Одамлар эҳсон қутисига кўпроқ ташласин деган маънодами, энди. Шундай гурунг бўлганди,деди Бурҳон Пардаев 8 август куни.

Пардаевга кўра, масжиднинг тушум пули жуда кам бўлгани боис Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Қашқадарё вилоят вакиллиги шундай чорани қўллаган.

– Тушум кам бўлгани учун иш ҳақи ололмаймизку ахир. Иш ҳақи ёзиш учун энг кам иш ҳақининг 2,5 баробаридан кам ёзиш мумкин эмас, шунга мувофиқ бўлиши керак. Етмагани учун иш ҳақи йўқ бўлиб турибди ҳозир, деди Бурҳон Пардаев.

Пардаевнинг айтишича, масжиднинг пул билан боғлиқ муаммоси ҳақидаги эълон масжид эшигига ёпиштирилгач, пул тушуми бироз ошган.

– Иш берди. Бир миллион бўлмаса ҳам, одамлар ёрдам қилишди. Ундан ташқари масжиди йўқ қишлоқ жойларидаги маҳалла мўминлари эълонни ўқигач, 50 минг сўмдан счётимизга ўтказиб берадиган бўлишди, дейди Пардаев.

Ярғунчи масжиди Ғузор туманидаги энг кам пул тушадиган масжид эканини айтган Пардаевга кўра, бу намозхонлар сонининг камлиги ва одамларнинг камбағаллиги билан боғлиқ.

– Пул тушиши бу бизнинг ихтиёримиздаги нарса эмаску. Халқ энди бой бўлса, кўпроқ тушади, камбағал бўлса, камроқ тушади, дейди Пардаев.

Пардаевнинг ҳисоб-китобича, жума намозларига 45-50 намозхон келади ва эҳсон пулларининг 25 фоизи Мусулмонлар идораси ва бошқа ташкилотларга ўтказилади. Қолган пул эса масжид ҳаражатларини қоплашга етмаяпти.

Википедия маълумотларига қараганда, Ғузор туманида 187 минг киши истиқомат қилади (2016 йилги маълумот). Ярғунчи масжиди имомининг айтишича, туманда 4 та жоме масжиди бор.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Қашқадарё вилояти вакиллиги Ярғунчи масжидига ёпиштирилган эълон билан боғлиқ саволларимизни жавобсиз қолдирди.

Ўзбекистоннинг бошқа масжидларида ҳам Ярғунчи масжидидаги каби ҳолат бор ёки йўқлиги Озодликка номаълум.

Андижондаги масжидлардан бирининг имомига кўра, вилоятда Ярғунчи масжидидаги каби тушум пул билан боғлиқ ҳолат кузатилмаган.

“Лекин масжидлар низомида агар масжид ўзини-ўзи қоплай олмаса, ёпилади”,деган жойи бор дейди андижонлик имом.

Эҳсон қутилари ва “Вақф” жамғармаси

Масжидлар Адлия вазирлиги рўйхатидан нодавлат нотижорат ташкилот сифатида рўйхатда ўтказилади.

Уч ойдирки, масжидлардаги эҳсон қутиларига тушган пуллар Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги “Вақф” хайрия жамоат жамғармасига ўтказилмоқда.

Андижонлик имомнинг айтишича, янги тартиб йўлга қўйилгач, тушум пуллари назорати янада кучайтирилган:

“Эҳсон қутиларини солиқдан келиб муҳрлаб кетишади. Ҳар жума куни қутилар очилади. Очиш пайти солиқдан, ИИБ, МИБ, МХХдан вакил бўлади. Қути очилгач пулларни инкасаторлар олиб кетишади”, дейди андижонлик имом.

“Вақф” хайрия ташкилоти жорий йил 10 май куни Адлия Вазирлиги рўйхатидан ўтказилган.

Расмий маълумотга кўра, ҳозир Ўзбекистонда 2 минг 37 та масжид бор. Уларда жами 5 мингдан ортиқ имом ва имом ноиблари ишламоқда.

Мусулмонлар идорасининг мулозимига кўра, имомларнинг 80 – 90 фоизи ойлик билан таъминланган. Бу ойлик миқдори ҳар бир масжиднинг ўз даромади ва эҳсонлари ҳисобидан масжидда ишловчи жамоанинг ўзи томонидан белгиланади.

Яна маълумот

kgnbirjhvqvn3um-bvt09b_d6i0v9lri

Инглизчани биладиган маълимлар чиқяпти, лекин дарс беришни билмайди” – IELTS’дан 12 йилдан бери дарс бераётган педагог билан суҳбат

“Инглиз тилини ўрганиш мен учун эмас экан”. “Ҳар доим янгидан бошлайман ва яна ташлаб қўяман”. …