Главные новости
Главная / Сиёсат / Ечиб қўйилаётган, чўнтакка солинаётган боди-камералар… Улар қаерда назорат қилинади?
<

Ечиб қўйилаётган, чўнтакка солинаётган боди-камералар… Улар қаерда назорат қилинади?

Kun.uz Ички ишлар вазирлиги ЙҲХБ (йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси) вакиллари билан интервью уюштирди. Полковник Эрали Бозоров, подполковник Мурод Шерлиев, подполковник Илҳом Идиров ва подполковник Шуҳрат Муродов суҳбат давомида саволларга жавоб беришди.

Машинада баланд мусиқа эшитиш учун жарима. Бу бор гапми?

Суҳбатнинг дастлабки қисмида вазирлик вакиллари ҳали лойиҳаси кўриб чиқилаётган баланд овозда мусиқа эшитиб кетаётган ҳайдовчига жарима белгилаш тартиби ҳақида гапиришди. Полковник Эрали Бозоровга кўра, бундай лойиҳа ишлаб чиқишга фуқароларнинг талаблари ҳам сабаб бўлган. Унинг айтишича, мақсад ҳайдовчини жаримага тортиш эмас, уларни қонунга итоаткорликка ўргатиш. Полковник мактаб, боғчалар олдидаги машиналарда баланд овозда мусиқа қўйилиши дарс ўтиш жараёнига халақит бергани ҳам лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида ўрганилганини маълум қилди.

Эрали Бозоров

Хўш, мусиқани баландлатиб кетаётган ҳайдовчини қандай аниқлаш мумкин? Ахир у постларга яқинлашганда овозни пастлатиб олади-ку? Маълум бўлишича, бу бўйича аниқ режа мавжуд эмас ва у қонун қабул қилингач, ишлаб чиқилади. Суҳбатдошимиз катта эҳтимол билан бундай қоидабузарликлар замонавий технологиялар ёрдамида аниқланишини айтди.

Ноодатий фаралар

Кўчаларда ҳар хил фаралар қўйилган машиналарни ҳам тез-тез учратиш мумкин. Бундай қоидабузарлар фақат тунда аниқланишига қарамай, уларнинг сони кам эмас. Полковник Эрали Бозоровнинг айтишича, йил бошидан буён 11 мингдан ортиқ ёритиш чироғини белгиланган нормадан бошқача қилиб олган ҳайдовчилар аниқланиб, жаримага тортилган.

Қурилиш кўп, экологияга зарар ҳам кўп…

Охирги йилларда Ўзбекистон қурилиш майдонига айланиб қолди. Бутун мамлакат бўйлаб қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Табиийки, бундай вақтда юк машиналарининг ҳаракати кўпаяди. Ҳатто улар ҳаракатланиши мумкин бўлмаган шаҳар кўчаларида ҳам. Уларнинг табиатга келтираётган зарари билан ҳам кимдир қизиқадими? Суҳбатдошларимизнинг айтишича, йилда бир марта ўтказиладиган техник кўрикда юк машиналари алоҳида талаблар асосида текширилади ва табиатга керагидан ортиқ зарар етказаётган машиналар ҳужжат ололмайди. Кейин, йилда икки марта экологик рейдлар ўтказилади. Қурилишда ишлаётган машиналар қурилиш корхоналари томонидан ювиб, кўчага зарар етказмайдиган ҳолатда махсус рухсатнома билан чиқарилиши кераклиги ҳам айтилди. Афтидан, доим ҳам бундай талаблар фойда беравермайди, ахир кўчаларда ҳар куни аямай қоп-қора тутун чиқараётган ва кўчаларни чангитиб кетаётган юк машиналарини кўрамиз…

Шуҳрат Муродов

Ечиб қўйилаётган, чўнтакка солинаётган боди-камералар… Улар қаерда назорат қилинади?

Ижтимоий тармоқларда ЙҲХ ходимларининг тақиб юриши мажбурий бўлган боди-камераларни ечиб қўйгани ёки чўнтагига солиб қўйгани тасвирланган ҳолатлар тарқалиб туради. Подполковник Илҳом Идировнинг айтишича, боди-камераларни ёқмай фаолият юритиш ҳолатлари кузатилгач, ИИВ ЙҲХБ ҳузурида камераларни назорат қиладиган махсус техник марказ ташкил қилинган. У ерда мамлакатдаги барча инспекторларнинг камералари назорат қилинади. Яъни, ким камерани тақмаган бўлса, марказ бундан хабар топади-да, вазиятнинг нима билан боғлиқ эканини аниқлайди. Маълум бўлишича, марказ ишга тушгач, боди-камераларни тақиб ишлаш бўйича талабларни бажармаслик ҳолати сезиларли камайган.

Илҳом Идиров

«ГАИ»ни видеога олиш мумкинми?

Интернетда турли хил сабаблар билан ЙҲХ ходими билан тортишган ҳайдовчиларнинг ҳолатни суратга олган видеолари жуда кўп. Хўш, аслида «ГАИ» ходимини видеога олиш мумкинми? Суҳбатдошларимизнинг айтишича, ҳолатни аниқлаштириш, қандайдир жиноятни ошкор қилишда хизмат қиладиган вазиятда ЙҲХ ходими билан мулоқотни ёки унинг ўзига нисбатан ҳаракатларини суратга олиш мумкин. Лекин ўз навбатида қонунчилигимиз бундай видеоларни интернетда тарқатишга «йўқ» дейиши айтилди. Шунингдек, учинчи томон ҳайдовчи ҳамда ЙҲХ ходими ўртасидаги мулоқотни тасвирга олиши ҳам мумкин эмас.

Мурод Шерлиев

Радардаги +5 қоидаси. У ҳайдовчининг фойдасига ишлайди(ми?)

Кўпчилик ҳайдовчилар радарларда +5 қоидаси бўлиши керак деб айтади. Яъни, чекланган тезлик 70 бўлган жойда 72 ёки 74 ҳайдаб ўтса, бу қоидабузарлик ҳисобланмаслиги керак, дейди. Суҳбатдошларимизнинг айтишича, чиндан ҳам шундай. Мамлакат бўйича қўйилган радарларнинг барчаси ҳайдовчининг фойдасига 5 км ташлаб, кейин жарима ёзади. Лекин жарима квалификация қилинаётганда +5 қоидаси ишламайди. Айтайлик, чекланган тезлик 70 бўлган жойда 90 ҳайдаса, маълум миқдорда жарима, 91 ҳайдаса, кўпроқ жарима тўланади. Маълум бўлишича, +5 қоидаси фақат биринчи ҳолатда, яъни белгиланган чекловдан ошгандаги дастлабги 5 км.да аҳамиятли бўлади. Жарима таснифланганда эса +5 қоидаси ишламайди. Яъни, чекланган тезлик 70 бўлган жойда 90 учун алоҳида жарима, 91 дан бошлаб бошқа, кўпроқ миқдорда жарима белгиланади.

Суҳбатнинг тўлиқ тафсилотини юқорида ҳаволаси тақдим этилган Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

ri0ht_bcg6vydmc60zxakdjeikoccy8_

«Энди вазирлик ишига аралашув бўлмайди» – Президент соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказмоқда

Шавкат Мирзиёев 2019 йилда ўлим ҳолатларининг 60 фоизи тиббиётнинг бирламчи бўғини томонидан олдини олиш мумкин …