Главные новости
Главная / Жамият / Эҳтиёжмандлар 1197 рақамига қўнғироқ қилиши мумкин – Тошкентда Хайрия маркази иш бошлади
<

Эҳтиёжмандлар 1197 рақамига қўнғироқ қилиши мумкин – Тошкентда Хайрия маркази иш бошлади

Тошкентнинг «Ўзэкспомарказ» кўргазмалар марказида Хайрия ишларини ягона мувофиқлаштирувчи марказ фаолияти йўлга қўйилди. Kun.uz мухбири хайрия ишлари қандай ташкил этилаётгани ҳамда фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида ушбу Марказда бўлди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Дилбар Нажмиддинованинг айтишича, биринчи иш кунида шаҳардаги 514 та маҳаллалар томонидан берилган рўйхат асосида 2000 га яқин оила рўйхати шакллантирилган. Марказнинг биринчи кунида шаҳарнинг 11 туманидаги 770 оилага кундалик энг зарур бўлган озиқ-овқат (товуқ гўшти, ун, гуруч, картошка, пиёз, шакар, ёғ, макарон) маҳсулотлари етказиб берилган. Бунда 100 нафар кўнгиллилар бевосита қатнашган.

Эҳтиёжмандлар қандай аниқланади?

 

Маҳалла раислари ва ўринбосари томонидан озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон маҳсулотларига эҳтиёж сезиб, уларни харид қилишга қийналаётган ёлғиз кексалар, кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган оилалар, оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бор фуқаролар рўйхати шакллантирилган.

Тошкент шаҳрида вақтинча яшаётган фуқароларга ҳам ёрдам кўрсатиладими?

Албатта, авваламбор, шундай фуқароларга ҳам. 1197 рақамига қўнғироқ қилиб, Тошкент шаҳрида истиқомат қилиб турган манзилини билдирса, узоғи 2 кунда уларга маҳсулотлар етказилади. Ёш болали ёрдамга муҳтож оилаларга тагликлар, болалар бўтқалари ҳам етказиб бериш имконияти мавжуд. Бундан ташқари, ниқоблар, антисептик воситалар, резина қўлқоплар билан ҳам таъминлаш мумкин бўлади.

Колл-марказнинг кўнгилли оператори сифатида фаолият кўрсатаётган «Кўнгилли шифокорлар» ташкилоти координатори Камола Сафарованинг айтишича, ёрдамга эҳтиёжманд фуқаролар марказ ҳузурида ташкил этилган 1197 рақамли call-марказига қўнғироқ қилиб, ўз мурожаатларини қолдиришлари мумкин. Улар махсус дастурда қайд этилади, кун якунида жамланган ҳолда туманлар ва мурожаатлар мазмуни бўйича сараланади. Сафарованинг сўзларига кўра, ҳар бир оператор бир кунда камида 30 нафар фуқаро мурожаатини қабул қилмоқда, айрим ҳолларда уларнинг сони 70 нафарни ташкил этмоқда.

Марказ ҳукумат, ҳокимлик ва ҳомийлар маблағлари ҳамда кўмаги асосида келиб тушган мурожаатларни қаноатлантириб боради.

Марказнинг фаолиятида жамоатчилик назоратини таъминлаётган Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати Обиджон Латиповнинг хайрия ишлари қандай ташкил этилганига доир фикрларига ҳам қизиқдик. Латиповнинг таъкидлашича, у эрталабдан келиб, марказ фаолияти билан танишган ва яхши ташкил этилганини эътироф эта олади. Шаҳар кенгаши депутати, хайрия ишларининг марказлашувига доир ижтимоий тармоқлардаги турли фикрларга ҳам муносабатини билдирар экан, ҳар қандай янгилик дастлабки онларда турли фикрлар билан қаршиланиши табиий эканига урғу берди. Унга кўра, иш бор жойда камчилик бўлади, бироқ бу камчиликлар вақт ўтиши билан бартараф этиш мумкин бўлган ишларда намоён бўлмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизматининг маълум қилинишича, Марказнинг биринчи иш кунида Mega Logistics servis, Kefayat, Grand Capital, Uzmill LTD, Grand Sugar, Demes Trade, Tanho, Masterpack, Akfa, Art Décor group, Global Export company, New Unique Servis, Candy Gold, Craffers ҳамда Victoriya Style масъулияти чекланган жамиятлари ҳамда Ўзпаррандачилик комбинатлари саховат қўлларини чўзишган.

Kun.uz таҳририяти имконияти бор ватандошларни аҳолининг ёрдамга муҳтож, эҳтиёжманд қатламига инсонпарварлик ёрдамларини кўрсатишни янада жадаллаштириш учун фаол бўлишга чақириб қолади. Бу ишда фаол бўлаётганлар, турли шаклда ҳисса қўшаётганларга эса, Аллоҳ савобларини кўпайтириб берсин!

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

shahrituz-2

Маҳаллаларда ижтимоий нафақани олиш тартиби соддалаштирилди

Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга тегишли …