Главная / Маданият / Дуо ибодатнинг мағзидир!
<

Дуо ибодатнинг мағзидир!

duoДуо ибодат турларидан бири бўлиб, инсон билан Аллоҳнинг ўртасини боғлайди. Инсон ҳаёт қийинчиликлари олдида ожиз қолганида дуодан бошқа суянчиқ топа олмайди. Аллоҳ таоло мусулмонларни дуо қилишга буюрган.

وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ

“Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар”, деди” (Ғофир, 60).

عن أنس بن مالك عن النبي صلى الله عليه وسلم قال الدعاء مخ العبادة: رواه الترمذى

“Анас ибн Молик Пайғамбар (соллоллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Дуо ибодатнинг мағзидир”. Бундан англашиладики, дуосиз ибодат мағизсиз ибодат бўлади, яъни қадри паст бўлади. Чунки Аллоҳ таолога ёлвориб илтижо қилаётган банда Ундан бошқа ҳеч кимдан умидвор бўлмайди. Фақат Аллоҳдангина умид қилиш эса тавҳид ва ихлоснинг моҳияти саналади. Аслида бундан улуғроқ ибодат йўқ!

عن أبي هريرة عن النبي صلى الله عليه و سلم قال : ليس شيء أكرم على الله من الدعاء

“Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (соллоллоҳу алайҳи ва саллам): Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ, дедилар”. Дуо ислом шариатида муҳим аҳамият касб этади.

عن أبي هريرة قال : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : ” من لم يسأل الله يغضب عليه ” . رواه الترمذي

“Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Ким Аллоҳдан сўрамаса, У зот ундан ғазабланади”, дедилар. Демак, биз Аллоҳ таолодан сўрамасак ғазабланади. Шундай экан, ҳар нарсада Аллоҳга суяниб, ундан дуо қилиб сўрашимиз лозим. Ҳикматларда, “Бандадан сўрасанг ғазаб қилади, Аллоҳдан сўрамасанг ғазаб қилади” дейилади. Барча нарсанинг ўз шарти бўлгани каби ва у нарса ўша шартларсиз амалга ошмаслиги сингари дуонинг ҳам ўз шартлари бор.

1. Аввало дуо қилинаётганида ихлос бўлиши шарт. Ихлос дегани – дуо ва амални риё ва сумъадан, ширкдан холи қилган ҳолда амалларнинг барчасини фақат Аллоҳ таоло учун холис қилишга айтилади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бандаларни дуода ихлос қилишга буюриб, шундай дейди:

(فَادْعُواْ اللهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ وَلَوْ كَرِهَ الْكَافِرُونَ)(غافر:14)

“Бас, (эй, мўминлар!) Гарчи кофирлар ёмон кўрсалар-да, Аллоҳга – Унга динни холис қилган ҳолингизда дуо (ибодат) қилингиз”! Чин имон эгалари инсонлардан асло умидвор бўлмайди. Улар Аллоҳ таоло буюрганидек, барча ҳожатларини Карим ва Раҳмон Парвардигорларидан сўрайди. “Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан сўранглар!” (Нисо, 32). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан сўрангиз. Зеро, Аллоҳ Ундан сўрашларини хуш кўради” (Термизий ривоятлари).
“Ҳақ таоло ҳеч қачон бандалари сўрови ва илинжидан малолланмайди. “Сизларнинг ҳузурларингиздаги нарсалар йўқ бўлур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар эса боқийдир” (Наҳл, 96). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади. Ҳар бирингиз барча ҳожатини, ҳатто оёқ кийимининг узилиб кетган боғичини ҳам Парвардигоридан сўрасин!” (Термизий ривояти).

2. Дуонинг ижобат бўлишида Аллоҳ таолога аниқ ишонч бўлиши керак. Аллоҳга бўлган ишонч дуонинг қабул бўлиш шартларининг энг муҳимдир.

عن أبي هريرة رضي اللّه تعالى عنه، قال : قال رسول اللّه صلى اللّه عليه وسلم : ” ادْعُوا اللَّهَ وَأنْتُمْ مُوقِنُونَ بالإِجابَةِ، وَاعْلَمُوا أنَّ اللَّه تَعالى لا يَسْتَجِيبُ دُعاءً مِنْ قَلْبٍ غافِلٍ لاه

“Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Аллоҳ таолога (дуони) ижобат бўлишига аниқ ишонган ҳолда дуо қилинглар. Билингларки, Аллоҳ таоло дуони ғофил, беэътибор қалбдан қабул қилмайди”, дедилар”.

3. Ҳалолдан еб-ичиш.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “إِنَّ اللهَ طَيِّبٌ لا يَقْبَلُ إِلا طَيِّبًا، وَإِنَّ اللهَ أَمَرَ الْمُؤْمِنِينَ بِمَا أَمَرَ بِهِ الْمُرْسَلِينَ فَقَالَ تَعَالى: [يَا أَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا] وَقَالَ تَعَالى: [يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ] ثُمَّ ذَكَرَ الرَّجُلَ يُطِيلُ السَّفَرَ أَشْعَثَ أَغْبَرَ يَمُدُّ يَدَيْهِ إِلَى السَّمَاءِ يَا رَبِّ يَا رَبِّ، وَمَطْعَمُهُ حَرَامٌ، وَمَشْرَبُهُ حَرَامٌ، وَمَلْبَسُهُ حَرَامٌ، وَغُذِيَ بِالْحَرَامِ، فَأَنَّى يُسْتَجَابُ لَهُ”. (رواه مسلم

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Аллоҳ покдир ва фақат пок нарсанигина қабул қилади. Албатта Аллоҳ пайғамбарларга буюрган нарсани мўминларга ҳам амр этди: “Эй Пайғамбар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар”. “Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз – покиза нарсалардан енглар”. Сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) узоқ сафарга чиққан, сочлари тароқ тегмаганидан патила-патила бўлиб кетган, чанг-тўзон сочининг рангини ўзгартириб юборган бир киши ҳақида гапирдилар: “Ҳалиги одам қўлларини кўкка чўзиб: “Парвардигоро! Парвардигоро!” деб дуо қилмоқда. Бироқ унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ўзи ҳаром билан озиқланган. Қандай қилиб унинг дуоси ижобат бўлсин?!” (Муслим ривояти).
Мазкур жумла, ҳаром-ҳаришдан ҳазар қилмайдиган банданинг дуоси мутлақо қабул қилинмаслигини эмас, балки қабул бўлиш эҳтимолининг жуда йироқлигини англатади. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида ушбу оятни ўқидим: “Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар” (Бақара, 168). Шунда Саъд ибн Абу Ваққос туриб деди:

– Ё Расулуллоҳ! Аллоҳга дуо қилинг, мени дуоси қабул бўладиган киши қилсин.

– Эй Саъд, – дедилар Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), – луқмангни ҳалол-покиза этгин, дуоси мустажоб киши бўласан. Муҳаммаднинг жони Унинг измида бўлган Зотга қасамки, қорнига ҳаром луқма туширган банданинг амалини Аллоҳ қирқ кун қабул қилмайди. Ҳаромдан семирган банданинг жойи дўзахдадир” (Табароний ривояти).
Дуоси мақбул бўлишини истаган банда аввало еб-ичиши ва кийинишини ҳалолдан қилсин. Аллоҳ таоло мўминларнинг ҳалол-покиза эҳсонларини қабул қилади. Уларнинг молларига барака беради.

4. Узоқ сафарларга чиқиш. Сафар дуонинг қабул бўлишини тақозо этади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Уч кишининг дуоси мустажобдир: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва отанинг боласига қилган дуоси” (Абу Довуд, Ибн Можа ва Термизий ривоятлари).Сафар узайган сари дуонинг ижобат бўлиши ҳам кучаяди. Чунки узоқ сафарда юрган кишида ғариблик ва машаққатлар туфайли синиқлик пайдо бўлади. Синиқлик эса дуонинг ижобат этилишига кучли сабаблардан саналади.

5. Яна дуони шартларидан бири дуо қилинаётган нарса шаръан сўралиши ва қилиниши жоиз бўлган ишлардан бўлиши керак.
Ибн Атоуллоҳ айтади: “Дуонинг ўз рукнлари, қанотлари, сабаблари ва вақтлари бор. Агар рукнлари мувофиқ келса у кучли бўлади. Агар қанотлари мувофиқ келса у осмонга учади. Агар вақтлари мувофиқ келса муваффақият қозонади. Агар сабаблари мувофиқ келса ўнгидан келади. Дуонинг рукнлари қалбнинг ҳозирлиги ва хушуъдир. Қанотлари ростгўйликдир. Вақтлари саҳар пайтидир. Сабаблари эса Пайғамбар (соллоллоҳу алайҳи ва саллам)га саловот айтишдир”.

6. Аллоҳ таолодан сабот билан қаттиқ туриб сўрамоқ лозим.
Дуода Аллоҳ таолонинг рубубияти такрор ва такрор зикр этилса, банданинг илтижоси мустажоб бўлиши тезлашади. Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Агар банда “Парвардигоро!” деб тўрт марта айтса, Аллоҳ таоло: “Лаббай бандам! Сўра, сўраганинг берилади”, деб жавоб беради” (Баззор ривояти).
Қўлни кўкка кўтариб сўраш дуо қилиш одобларидандир. Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Аллоҳ таоло ҳаёли, Карийм Зотдир. Банда Унга илтижо қилиб қўлини кўтарса, Аллоҳ таоло унинг қўлларини қуруқ ва умидсиз қайтаришдан ҳаё қилади”. (Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
Дуо билан оламлар Раббиси Аллоҳ таолога ибодат ҳосил бўлади. Чунки дуонинг заминида қалбни Аллоҳга боғлиқлиги ва бирор бир ишда Удан бошқасига илтифот қилмай, фақат Ўзигагина ихлос қилиш каби хислатлар ётади. Аллоҳ таоло барчаларимизни яхши дуо қиладиган ва дуолари ижобат бўладиган бандаларидан қилсин.

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

1249c0a3-2cfa-45bf-b350-4ea78fb95af5_w1023_r1_s

Онаси фоҳишаликка қўшган 7-синф ўқувчисининг ҳомиласи¸ мулозимлар топшириғи билан уйида йўқ қилинди

Фарғона вилоят, Бешариқ туманидаги қишлоқларидан бири мактабининг 7-синф ўқувчиси К.М нинг беш ойлик ҳомиласини акушер-доя …