Главные новости
Главная / Маданият / Диний бағрикенглик ёки ўзгаларнинг қадриятларига ҳурмат билан қараш
<

Диний бағрикенглик ёки ўзгаларнинг қадриятларига ҳурмат билан қараш

bagrikenglikАллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар айтамиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавот ва саломлар йўллаймиз!
Муқаддас динимиз таълимотлари мусулмон кишининг онгини Якка Аллоҳга ибодат қилиш, Унинг ҳақ дини Исломга амал қилиш асосида тарбия қилар экан, айни чоғда ҳар қандай инсонни дину диёнати қандайлигидан қатъи назар, инсонлиги учун ҳурмат қилишга чақиради. Зеро, ҳазрат Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳунинг таъбири билан айтганда, барча инсон икки синфдан иборат: ё дин биродаринг ёки яралиш жиҳатдан мислинг ва қариндошингдир. Инсонни ҳурмат қилиш унинг барча моддий ва маънавий ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш демакдир. Унинг тану жони, мол-мулки, обрўси, каромати ва диний танловини ҳурмат қилиб, унга тажовуз қилмаслик ҳам шу жумладан ҳисобланади. Шу боис ҳам Ислом одамларни динлари ва эътиқодлари туфайли таъқиб қилиб, зулм қилишдан қайтарар экан, мусулмонларни ўзгалар билан гўзал муомала қилишда ва ахлоқ-одобда олий намуна бўлишга тарғиб этади. Токи, уларнинг нолойиқ хатти-ҳаракатлари Исломдан деб кўрилиб, натижада унинг пок номига доғ тушиб қолмасин ва ўзгалар ундан безиб қолмасинлар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонларни ўзларига тажовуз қилиб, уруш очмаган ўзга дин вакилларига яхшилик қилишга қизиқтириб шундай марҳамат қилади: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севади” (Мумтаҳана сураси, 8-оят).
Қуръони карим ҳатто ғайридинларнинг ботил бут-санамларини сўкишдан қайтарганидан, мусулмонларни ўзгалар қадриятларига нечоғли ҳурмат билан муомала қилишга ундаганини кўрамиз. Нима учун Аллоҳ таоло уларнинг тош ва ёғочлардан бўлган жонсиз, на ўзига, на бировга зарар ёки фойда келтиролмайдиган бут-санамларни сўкиб, ҳақоратлашдан қайтарди? Чунки, ғайридинлар ўша бут-санамларини ўзлари учун муқаддас деб ҳисоблайдилар. Маълумки, ҳар бир инсон ўзи учун муқаддас деб билган нарсани ҳимоя қилади. Қачонки, мусулмонлар кофирларнинг муқаддас тушунчаларига тажовуз қилиб, уларни ҳақоратласалар, бунинг табиий натижаси ўлароқ ўз навбатида улар ҳам мусулмонларнинг муқаддас нарсаларига тажовуз қилиб, уларни ҳақорат қиладилар. Ислом эса, ўзга дин вакилларини сўкиш ва ҳақоратлашга рухсат бермайди. Қуйидаги ояти каримага қулоқ тутинг: “Аллоҳдан ўзгага сиғинадиган кимсаларни (бутларини) сўкмангиз! У ҳолда улар ҳадларидан ошиб, жоҳиллик билан Аллоҳни сўкадилар. Ҳар бир миллатга ўзлари қилган амални мана шундай чиройли кўрсатиб қўйганмиз” (Анъом сураси, 108-оят).
Ислом дини азал-азалдан инсониятга асл мурувватни, ҳатто ўзга дин вакилларига эҳтиром ва бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган. Маълумки, Ислом ўзидан олдинги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қаралган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига, ҳатто ораларида яшайдиган бошқа миллат вакилларига, аҳли зимма (мусулмонлар диёрида яшайдиган ўзга дин вакиллари)га ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди.
Кўплаб ҳадиси шарифлар ва осорларда ўзгаларга чиройли муомала қилишга тарғиб этилади. Ислом дини барқ уриб яшнаган даврда зиммийларга қилинган олийжаноб муомала бунинг ёрқин намунасидир. Айнан ана шундай гўзал муомала туфайли кўпгина зиммийлар мусулмон бўлиш бахтига эришганлар. Имом Абу Довуднинг “Сунан”ида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай ҳадиси шариф ривоят қилинади: “Огоҳ бўлинг, кимда-ким муоҳадга (зиммий кишига) зулм қилса ёки уни таҳқирласа ёки унга тоқатидан ортиқ ишни юкласа ёхуд ундан ўзи норози бўлган ҳолда бирон нарса олса, мен қиёматда ундай кишининг хусуматчиси ва душмани бўламан”.
Ислом дини бошқа дин вакилларининг тирикларини ҳурмат қилиш билан чекланиб қолмади, уларнинг ўликларини ҳам эҳтиром қилди. “Саҳиҳи Бухорий”да Жобир разияллоҳу анҳудан қуйидаги воқеа ривоят қилинади: “Бир куни олдимиздан бир жаноза ўтди. Шунда Набий алайҳиссалом бу жаноза учун ўрниларидан турдилар ва биз ҳам (ул зотга эргашиб) ўрнимиздан турдик. Биз: “Ё Расулуллоҳ, бу яҳудийнинг жанозаси!” дедик. Шунда ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон жанозани кўрсангиз, ўрнингиздан туринг!” дедилар”.
“Диний бағрикенглик” дегани мусулмонлар истилоҳида «мурувват» дейилади. Бу тушунча кенг маънода чиркин нарсалар ва воқеалар қаршисида гўзалликни устун қўйиб, меҳрибонлик қилиш ҳамда ҳар бир воқеликка гўзаллик нуқтаи назаридан ёндошиш, эътиқод, маданият, анъаналарга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш демакдир. Ана шунга биноан, мусулмонлар бутун тарих давомида бошқа динларга ва уларнинг вакилларига бағрикенгликнинг, мурувватнинг буюк намуналарини кўрсатиб келишган. Чунки бу Аллоҳ таолонинг амри, Унинг Расули умматга берган кўрсатмадир. Қуръон ва Суннат ҳукмига кўра, мўмин-мусулмонларнинг бирор қавмни ёмон кўришлари ёки ўша қавмларнинг мусулмонларга душманлик қилиши уларга нисбатан зулм қилишга, ҳақларини поймол этишга сабаб бўлмаслиги керак. Аллоҳ таоло шундай амр қилган: «Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ учун (тўғриликда) собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингиз: бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин! Адолатли бўлингиз! Зеро, у (адолат) тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ ишларингиздан хабардордир» (Моида сураси, 8-оят).
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин ва эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмай, умматни ҳамиша ана шу йўлдан боришга даъват қилишдан чарчамадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда: «Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир», дейилган (Баззор ривояти).
«Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради» (Аҳмад ибн Ҳанбал «Муснад»да ривоят қилган). Мурувват, тоқатлилик ва диний бағрикенглик Исломнинг тамал тоши, эътиқод ва динлар тарихидаги бир омилдир. Ислом илк давриданоқ аввалги динларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмади, турфа мазҳаб ва мафкураларга қарши мутаассиблик қилмади. Ислом биринчи кунларданоқ диний бағрикенгликнинг оламшумул шиорларини ўртага ташлади: «Барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади, ҳамма пайғамбарлар биродардирлар, рисолатда улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ, эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас, илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силаи раҳмдан тўсмаслиги лозим».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида диний бағрикенглик сиёсати ўзининг бор кўринишида намоён бўлди. Айниқса, “делегациялар йили” деб аталмиш йилда бу тушунча янада равшанроқ кўринди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом кўплаб аҳли китобларнинг вакилларини қабул қилар, ўзга давлат арбобларига мактублар жўнатардилар. Мазкур мактублардан бири ул зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Нажрон епископига йўллаган мактублари эди.
Рўмон тадқиқотчиси К. Жиоржио Ислом ҳукмрон бўлган даврдаги бошқа самовий дин эгаларининг аҳволи ҳақида гапирар экан шундай ёзади: “Гарчи ҳижратнинг тўққизинчи йилидаёқ Ислом дини бутун араб жазирасини қамраб олган бўлса-да, Муҳаммад алайҳиссалом яҳуд ва насороларни ўз динига киришга мажбур қилмаган. Чунки, улар аҳли китоб эдилар. Муҳаммад алайҳиссалом ўзларининг Нажрон бош епископи Абулҳорисга ёзган мактубларида Ислом келгач, араб жазирасида насронийларнинг аҳволи яхшилангани ҳақида хабар берганлар. У киши мактубда шундай сўзларни айтганлар: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Нажроннинг бош епископи Абулҳорисга ва унинг барча руҳонийлари ва епископларига! Аммо баъд… Катта епископ, унинг руҳонийлари ва бошқа епископларига маълум бўлсинки, сизларнинг черковларингиз, маъбадларингиз ва савмаъа (синагога)ларингиз қандай бўлса, шундайлигича қолдирилади, сизлар ўз ибодатларингизда ҳур ва эркиндирсиз. Орангиздан бирортангиз ўз мансабидан ва мақомидан четлаштирилмайди. Диний маросимларингизда ҳеч нарса ўзгартирилмагани каби мазкурлардан ҳам ҳеч нарса ўзгартирилмайди, модомики епископлар (аҳдга) содиқ қолсалар ва дин таълимотларига амал қилсалар. Ким шу нарсаларга амал қилса, у Аллоҳ ва Расулининг ҳимоясида бўлади, ким уларни ман қилса, у Аллоҳ ва Расулининг душмани бўлади»”.
Мазкур рисола аҳли китоблар араб жазирасида ўз ибодатларини адо этишда эмин-эркин бўлганларига ва ҳеч ким уларга тазйиқ ўтказмаганига далолат қилади. Ҳижратнинг тўққизинчи йилида Нажрон насоролари делегацияси катта епископ Абулҳорис бошчилигида Мадинаи мунавварага меҳмон бўлиб келади. Улар Набий алайҳиссалом ҳузурларига кирмоқчи бўлганларида ўзларининг расмий диний либосларини кийиб оладилар. Пайғамбар алайҳиссаломни зиёрат қилиб бўлганларидан сўнг ул зотдан ибодатларини адо этиш учун рухсат сўрайдилар. Набий алайҳиссалом уларга Мадина масжидида ибодатларини адо этишлари учун шароит қилиб берадилар. Шундай қилиб, улар мусулмонларнинг масжидида Байтул мақдисга йўналган ҳолда ибодатларини адо қиладилар. Ҳа, Пайғамбаримиз алайҳиссалом аҳли китобларга ҳурмат билан муносабатда бўлардилар. Айниқса, насронийларга алоҳида эҳтиром кўрсатардилар.
Набий алайҳиссалом амал қилган диний бағрикенглик сиёсати кейинчалик Пайғамбар алайҳиссаломнинг хулафоларининг ҳам қоидасига айланди. Улар ўзга дин вакилларига ҳурмат ва шафқат билан муносабатда бўлишди, мағрибу машриқни эгаллаган Ислом ўлкаларида ўзга дин вакиллари ҳам мусулмонлар ҳимоясида бемалол ўз динларига амал қилиб яшадилар. Бундай мисли кўрилмаган бағрикенглик ҳаттоки, ғарб шарқшуносларининг инсофли вакиллари томонидан ҳам қадрланган, мақтов ва таҳсинлар билан тилга олинган. Улар Ислом бағрикенглиги билан салиб юришларидаги хунрезликларни таққослаб, Исломнинг бошқа динлардан кўра бағрикенгликда пешқадамлигини эътироф этганлар.
Жумладан, шарқшунос Мишўн ўзининг “Салиб юришлари тарихи” номли китобида қуйидагиларни ёзади: “Ислом бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенгдир. У патриархларни, руҳонийларни ва уларнинг ходимларини ҳар қандай солиқлардан озод қилган, ибодатга берилганлари учун уларни урушда ҳам ўлдиришни ман қилган. Умар ибн Хаттоб Қудсни фатҳ қилгач, насронийларга тегмаган. Салибчилар эса, мазкур шаҳарни босиб олишганда мусулмонларнинг барини қиличдан ўтказиб, яҳудларни ёқиб юборган эдилар”.
Мазкур шарқшунос ўзининг “Шарқ сари диний саёҳат” номли бошқа китобида насронийлар бағрикенглик ва олийжанобликни, ўзгалар билан чиройли муомалани кўп ҳолларда мусулмонлардан ўрганганликларини ёзади: “Насронийлар таомул руҳини ва гўзал муомала фазилатларни мусулмонлардан ўзлаштирганликлари ғоят ачинарлидир. Ҳолбуки, мазкур фазилатлар барча халқларда мурувват ва эҳсон қоидаларининг энг муқаддаси ҳисобланади. Мана шуларнинг барига мусулмонлар ўз пайғамбарлари Муҳаммад алайҳиссаломнинг таълими туфайли эришганлар”. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бу борада Ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга ҳақиқий ибрат-намуна эдилар. Бағрикенглик, кечиримлилик бобида у зотга тенг келадигани топилмайди. Оламлар сарвари қасос ва ўч олиш имконияти бўла туриб ўзларига, барча мусулмонларга чексиз зулм ва ёвузликлар кўрсатган, она шаҳарларидан қувиб чиқарган маккалик мушрикларни ҳам, тош олиб у зотни яралаган, шаҳридан қувган тоифликларни ҳам, амакилари ва энг жасур саркардаларини ўлдирган қулни ҳам, ўзларига заҳар берган аёлни ҳам, қўйингки, барча-барчани бирдай кечира оладиган зот эдилар.
Юртимизда қадимдан турли эътиқодга мансуб миллат ва элатлар истиқомат қилиб келган. 130 дан зиёд миллат фарзандларининг ҳур ва озод диёрда туғилиб, тинчлик ва осойишталик кайфиятида яшашлари ватанимизнинг бағрикенглик ўлкаси эканлигининг ёрқин намунасидир. Уларнинг ўзаро ҳамжиҳатликда, аҳил-иноқликда бир-бирларининг эътиқодларини ҳурмат-эҳтиром руҳида яшаб келишларининг ўзи Яратганнинг халқимизга берган улкан неъматидир.
IX асрдан бошлаб ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида Ислом дини сунний йўналишининг ҳанафий мазҳаби қарор топди. Зеро, Имом Аъзам мазҳаби бошқа мазҳабларга қараганда ўзга динлар ва маҳаллий урф-одатларга нисбатан эркинлик бериш тамойили билан ажралиб туради. Ҳанафийлик таълимотини янада такомилга етказган ватандошларимиз – Абу Мансур Мотуридий, Абул Муин Насафий ва Бурҳониддин Марғиноний каби алломалар мусулмонлар орасидаги ғоявий тарафкашликка барҳам бериш, Ислом динининг Аҳли сунна вал жамоа йўлининг барқарор бўлиб қолишига катта ҳисса қўшдилар.
Диёримиздан чиққан алломаларнинг асарларида диний бағрикенглик билан боғлиқ қадриятлар тарғиб қилинган ғояларни учратамиз. Буюк аллома, мотуридия ақидавий йўналиши асосчиси Абу Мансур Мотуридийнинг (870-944) асарларида баён этилган бағрикенглик ғоялари бунга мисол бўлади. Жумладан, Мотуридийнинг Қуръон тафсирига бағишланган, Ислом оламида кенг танилган “Таъвилоту аҳли сунна” асарида Ҳаж сурасининг 40-оят тафсирида: “Черков ва синагогаларни вайрон этиш ман этилади. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада илм аҳли орасида ихтилоф йўқ”, деб қатъий таъкидлайди. Самарқандлик фақиҳ, муфассир Абу Лайс Самарқандий (ваф. 1003 й.) эса, ўзининг “Баҳрул улум” номли тафсирида Қуръондаги Мумтаҳана сурасининг 8-9-оятлари шарҳида: “Сизлар билан динда уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”, деб ёзади. Мовароуннаҳрлик яна бир машҳур фақиҳ, муфассир Абул Баракот Насафий (ваф. 1310 й.) Ислом оламида маълум ва машҳур “Мадорикут танзил” асарида мазкур оятларни: “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг, уларга сўз билан ҳам, иш билан ҳам яхши муомалада бўлинг”, деб тушунтиради.
Ҳаким Термизий (ваф. 932 й.) асарларида ҳам христианларнинг баъзи тоифалари ҳақида фикр юритилиб, улар Пайғамбар алайҳиссалом башорат қилган “нажот топган фирқа”, деб тавсифланади. Мотуридий христианлар мусулмонларга қалби мойилроқ, дўстона муносабатга яқин эканини айтиб ўтган бўлса, Абул Баракот Насафий насронийлар мусулмонларга дили яқин эканини, улар орасида камтар, олим ва обидлар бор, дея таърифлаб, илм кимда бўлишидан қатъи назар, албатта яхшиликка етаклашини алоҳида таъкидлайди. Шайх Аҳмад Яссавий (1105-1166) ҳам ўз ҳикматларида ғайридинларга яхши муносабатда бўлишни уқтирган:

Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор,
Кўнгли қоттиғ дилозордан Худо безор.

      Маълумки, Ислом давлати паноҳида яшаган ғайридинлар “зиммий” деб аталган ва дини, жони ва молининг омонлиги мусулмонлар зиммасида бўлган. Пайғамбар алайҳиссалом зиммийларнинг ёнини олиб: “Зиммийга зарар етказганга мен душманман”, деган мазмундаги бир қатор ҳадислари туфайли фақиҳлар зиммийлар мавзусига алоҳида эътибор бериб, ўз асарларида уларга махсус боблар ажратганлар. Чунончи, зиммийлар мусулмонлар каби барча ҳуқуқларга эга бўлиш билан бирга, тўлиқ эътиқод эркинлигига ҳам эга бўлганлар. Бурҳониддин Марғиноний (1123-1197) ўзининг “Ҳидоя” асарида: “Мусулмонлар диёрида черков ва ибодатхоналар бузилиб кетган бўлса, уларни ўз жойида яна қайта тиклаш мумкинлигини” алоҳида айтиб ўтган.
Юртимиз алломаларининг асарларида диний бағрикенгликка оид бундай мисоллар жуда кўп. Шу нуқтаи назардан қараганда, ўзга дин вакиллари билан ёнма-ён яшаб келган халқимизда диний бағрикенглик фақат зарурат келтириб чиқарган эҳтиёж эмас, ҳаёт тарзига сингиб кетган ўзига хос фазилат эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Одилхон қори Юнусхон ўғли,
Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани бош имоми,
Шайх Зайниддин жомеъ масжиди имом-хатиби

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

tojik-soniya

Тожикча шеърлар / Шерҳо

Дӯст ҳақида тожикча шеър Бархез, то ниҳем сари худ ба пои дӯст, Ҷонро фидо кунем, …