hodimКуч ишлатилмайдиган усуллар ДХХ ҳарбий хизматчиларининг зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминламаса, улар айрим ҳолларда шахсан ўзи ёки бўлинма (гуруҳ) таркибида жисмоний куч ишлатиш, шу жумладан курашнинг жанг усулларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳақда «Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунида шундай дейилади.

Мазкур қонуннинг 26-моддасига кўра, Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликларга барҳам беришида жисмоний куч ишлатишига йўл қўйилади. Шунингдек, ҳарбий хизматчининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этишда, ушбу қонунда махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилишига рухсат этилган ҳолларда ҳам жисмоний куч ишлатиш ҳуқуқига эга.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги, фуқароларнинг ёхуд ДХХ ҳарбий хизматчиларининг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

Эслатиб ўтамиз, 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг XIV ялпи мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланган мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланганидан сўнг, оммавий ахборот воситаларида эълон қилингач, кучга киради.