Главные новости
Главная / Жамият / Депутатларни «хафа қилган» ҳоким ишдан кетди. Бу бошқаларга ибрат ва ўрнак бўладими?
<

Депутатларни «хафа қилган» ҳоким ишдан кетди. Бу бошқаларга ибрат ва ўрнак бўладими?

Хўжаободлик депутатлар Ўзбекистон президенти ва қатор давлат идораларига туман ҳокими Отабек Расулов олиб бораётган ишлардан норози бўлиб мурожаат қилиши ҳоким ишдан кетиши билан якунланди.

Халқ депутатлари Андижон вилояти Хўжаобод тумани кенгашининг 9 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида Зоҳиджон Аҳмадалиев туман ҳокими сифатида таништирилди.

Сессияда 2019 йилдан буён туман ҳокими сифатида ишлаб келган Отабек Расулов ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилгани, унинг ўрнига вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Зоҳиджон Аҳмадалиев Хўжаобод туманининг янги ҳокими этиб тайинлангани маълум қилинган.

Депутатлар билан келиша олмаган ҳоким


Отабек Расулов

Август ойи охирларида ижтимоий тармоқларда Халқ депутатлари Хўжаобод туман кенгашининг бир гуруҳ депутатлари туман ҳокими Отабек Расуловнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, президентга ва бошқа қатор давлат идораларига мурожаат йўллагани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Мурожаатда ҳокимнинг давлат мулкини талон-торож қилиш, ер сотиш, бюджет маблағларини ноўрин сарфлаш, кадрлар сиёсатидаги шошқалоқлик, тадбиркорларнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётгани, маънавий-ахлоқий томондан ҳам «тескари ўрнак» бўлаётгани таъкидланган.

Шунингдек, мурожаатда ҳоким Отабек Расулов 2019 йилги парламент сайловлари вақтида депутатликка номзодлар рўйхати ОАВда эълон қилинишига бир кун қолганида, сиёсий партияларга тазйиқ ўтказиб, номзодлар рўйхатини ўзбошимчалик билан ўзгартиргани ҳам қайд этилганди.

Депутатлар ўз мурожаатида туман ҳокимининг ишини алоҳида ўрганиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ тузиб, гуруҳи ишига ўзлари ҳам жалб этилишини сўрашганди.

Депутатлар ҳоким ҳақида нималар дейишганди?
Депутатлар мурожаатидан сўнг Kun.uz мухбирлари Хўжаобод туманида бўлиб, ҳокимдан норози ва унинг тарафида бўлган бошқа депутатлар билан суҳбат уюштирганди.

Учрашув давомида 7 нафар депутат ва маҳалла фаоллари туманда давлат мулкини талон-торож қилиш, ерларни ноқонуний сотиш, коррупция, давлат бюджетини ўзлаштириш, қонунбузарликлар авж олгани, туман ҳокими аҳоли муаммоларини кўтариб чиққан депутатларга босим ўтказиши каби ҳолатлар уларни юқори органларга мурожаат қилишга мажбур қилгани ҳақида айтишган эди. Депутатлар тумандаги ҳолатни ўрганиш учун республика юқори органлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳи текшириш ўтказишини сўрашган.

14-сайлов округидан сайланган депутат Элёрбек Абдураимов туман ҳокими Отабек Расулов 7 август куни туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда депутатларни ҳақорат қилишгача борганини айтганди.

«Ҳокимнинг турли соҳаларга қилаётган сунъий тўсиқлари туманнинг ўсишига катта тўсқинлик қиляпти. Мен ўзимнинг сайланган округимдаги халқдан тушаётган муаммолар бўйича туман ҳокимлигига, мутасаддиларга депутат сўрови билан бир неча бор мурожаат қилдим. Лекин туман ҳокими олиб бораётган сиёсат оқибатида бирорта мутасадди менинг депутатлик сўровимга эътибор қаратгани, қонуний жавоб бергани йўқ. Бунинг асосий сабаби – ҳоким ҳокимият биносида ўтказиладиган йиғилишларнинг ҳар бирида депутатларни ҳақоратлайди, ҳурматини туширади. Депутат сўрови бераман, сўнг кейинги мажлисда босимини сезаман», деганди депутат.


Элёрбек Абдураимов

Депутат Баҳодир Саидолимов депутатлигидан ташқари, ЎзЛиДеп туман кенгашини аппарат раҳбари сифатида фаолият юритиши, сайлов жараёнида ўзи берган 12 нафар номзод туман ҳокими томонидан олиб ташлагани, сайловга ўзига қарашли одамлар номзодини қўйгани ҳақида гапирган.

«Сайлов кодексининг 90-моддасини ўқиб кўрсангиз, унда депутат бўлишга тақиқ қўйилган ташкилот раҳбарлари бор. Ўша қоида бузилиб, ҳозир бизда, адашмасам, 6та раҳбар ҳам депутатлик фаолиятини юритяпти, ҳам раҳбарлигини давом эттиряпти. Республикадан ишчи гуруҳ, комиссия келиб ўрганса барчасига ойдинлик киритилади», деганди у.

«Бугунги кун депутати мажлисларда қўл кўтариб туширишга сайланмаган!»

Туманга янги ҳоким тайинлангач, яна ўша депутатларга микрофон тутилди.

«Депутатлар фақат сессияларда овозга қўйилган масалаларга қўл кўтариб тушириш учун сайланмагани ўз исботини топди. Биз президентимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатга доим катта ишонч билдирганмиз ва шунга асосан ҳаракат қилдик. Бугунги халқ томонидан овоз олган депутатлар «қўғирчоқ» эмас, балки аҳоли дардини кўтариб чиқа оладиган куч эканлигига яна бир бор ишондик.

Тўғриси, бўшатилган туман ҳокимига бироз раҳмим ҳам келди. Ҳали у кўп ноқонуний ишларига жавоб беради. Мурожаат қилганимиздан сўнг бизга қарши туҳматлар ҳам бўлди. Лекин биз мамлакатмизда бўлаётган янгиланишлар ва ижобий ўзгаришлардан руҳланиб, ортга қайтмадик», дейди депутат Баҳодир Саидолимов.


Баҳодир Саидолимов

«Биз ўз олдимизга Хўжаобод туманини обод бўлиши йўлида меҳнат қилишни мақсад қилган депутатлармиз. Шунинг учун мурожаат ёздик. Отабек Расулов шижоат билан иш бошлаган эди. Секин-аста коррупцияга аралашди, ўзгарди. Депутатларнинг фикрларига қулоқ солмади. Шундан сўнг биз мурожаат қилишга мажбур бўлдик.

Ҳаракатларимиз зое кетмади. Ҳақиқат қарор топди. Жараённи кузатиб турган сайловчиларимизда ҳам республикада олиб борилаётган ислоҳотларга ишонч янада ортди. Тўғриси, халқнинг депутатларга бўлган ҳурмати ошиб, мурожаатлар сони яна кўпайди. Мана, туманга диёнатли, соҳаси иқтисодчи бўлган янги ҳоким тайинлашди. Барча депутатлар бир бўлиб, ҳоким билан бор кучимизни бериб ишлашга келишиб олдик», дейди халқ депутатлари Хўжаобод туман кенгашига «Навоий» сайлов участкасидан сайланган депутат Қобилжон Мамадалиев.


Қобилжон Мамадалиев

Халқ ўзи сайлаган депутатлардан кўп нарсани умид қилади. Сўнгги вақтларда юқори органлардан жой олган ўнлаб ноиблар ўз сайловчилари ва аҳоли муаммоларини кенг сиёсий майдонга кўтариб чиқиб жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бир сўз билан айтганда, «улар жонланишди». Секин-аста вилоят ва туман кенгашлари депутатлари ҳам ҳаракатга келишни бошлади.

Хўжаободдаги воқеа республиканинг бошқа ҳудудлари раҳбарларини сергак торттириши, уларга яхши ибрат бўлиши керак. Йиллар давомида ўз хатти-ҳаракатлари ва хатолари билан халқ норозилигига сабаб бўлиб келган маҳаллий раҳбарлар энди бундай ишлар учун жазо олишини ҳис қилиб туради.

Ўз ўрнида бошқа ҳудудлардаги депутатлар ҳам ўзини маҳаллий раҳбарларни тийиб турувчи ва назорат қилувчи куч сифатида намоён эта бошлаши кутилади. Шоядки, бу воқеа Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотларни жадаллаштирувчи туртки бўлса.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

o3jgniyssi98uaziqx0gg0riagm-wdsm

Яна бир хусусий бандлик агентлигига чув тушган фуқаролар бош вазир қабулига йиғилди. Зарар миқдори 9 млрд сўмга яқин

Бугун, 21 сентябрь куни «Profelite IMP xususiy bandlik agentligi» МЧЖдан пулини ололмаётган ўнлаб фуқаролар Тошкентга …