Дунёда энг кўп йўловчига хизмат кўрсатувчи Атланта аэропорти электр энергияси таъминотида узилиш рўй бергани учун рейсларни қабул қилишни тўхтатди. Бу ҳақда аэропортнинг Twitter’даги саҳифасида хабар берилган.

“Электр энергиясининг йирик узилиши аэропортнинг бир неча қисми ишига таъсир кўрсатди”, – дейилади хабарда.

Шу сабабдан федерал авиация маъмурияти Атлантада рейсларнинг қўндирилишига тақиқ қўйди.

Бундан ташқари хабар қилинишича, қисман электр энергиясисиз қолган Атланта аэропортидаги барча рейслар бекор этилиб, йўловчилар эвакуация қилинган, деб хабар бермоқда шаҳар ўт ўчириш хизмати.

aeroportФото: Reuters

“Атланта аэропортидаги барча рейслар бекор қилинди. Аэропорт ходимлари йўловчиларни самолётлар ҳамда терминаллардан ташқарига олиб чиқишмоқда”, – дея хабар қилган хизмат Twitter’даги ўз саҳифасида.

Қўшма Штатларнинг Жоржия штатида жойлашган Атланта халқаро аэропорти дунёда энг кўп йўловчиларга хизмат кўрсатувчи аэропорт саналади. 2016 йил якунларига кўра, бу ердаги йўловчилар оқими 104 миллион кишини ташкил этган.

Шунингдек маълум қилинишича, Атланта аэропорти ишидаги муаммолар якшанба куни 1,1 мингдан ортиқ рейсларнинг бекор қилинишига олиб келган, бундан Flightradar24 сервиси маълумотлари дарак бермоқда.

Энергетиклар аэропортдаги электр таъминоти тизимини ярим тунга (Тошкент вақти билан соат 10.00) қадар тўлиқ тиклашни режалаштиришмоқда.

Flightradar24 маълумотларига кўра, якшанба куни Атланта аэропортида парвозга чиқиши лозим бўлган 456 (42%) ва қўниши лозим бўлган 696 рейс (63%) бекор қилинди. Хусусан, Атлантада жойлашган Delta Airlines ўзининг 450 та рейси бекор қилингани ҳақида хабар берган.