Главные новости
Главная / Жамият / Чўпон билан олов атрофида суҳбат – Касбимдан уялмайман
<

Чўпон билан олов атрофида суҳбат – Касбимдан уялмайман

Дунёда касблар кўп. Ҳар бирининг ўз йўналиши, ўзига оҳангабодек тортувчи жозибаси бор. Орамизда ўз касбидан бахт топганлар талайгина. Биз ана шундай бахтлилар билан дийдорлашишга қарор қилдик. Шу сабабли Кун.уз ижодий жамоси Самарқанд вилояти, Қўшработ тумани, Майинтепа қишлоғи томон сафар уюштирди.

Қишлоқ аҳолисининг тантилиги-ю, бағрикенглигига қойил қолмай илож йўқ. Улар орасида алоҳида ҳурматга эга, соддадил, заҳматкаш бир инсон билан  суҳбат уюштирдик. Қаҳрамонимиз 33 йилдан бери тоға касб – чўпонлик билан шуғулланиб келади. 50 ёшни қаршиласа-да, анча тетик Қаҳрамон Рўзиев чўпонлик ортидан олти нафар фарзандини ҳалол ризқ билан вояга етказди, уйли-жойли, ўқимишли қилди. Ширин неваранинг севимли бобоси бўлишга ҳам улгурди. Жайдари ва сохталиклардан холи бўлган қайноқ суҳбатимиздан баҳра олинг.

«Чўпонлик менга тоға касб»

Чўпонлик касбини танлашимга раҳматли тоғам сабабчи бўлган. У киши менга йўл-йўриқларни ўргатиб кетган. Мактабни битирганимдан кейин онам: “Тоғанг бетоб бўлиб қолганлиги учун ишларга ярамаяпти. Олдида бўлиб ёрдам бериб юр”, деди. Тоғамнинг қанотига кириб, чўпонликка қизиқиб қолдим. Шундан бери устозимнинг айтганларига амал қилиб, бу соҳада озми кўпми тажриба тўпладим.

«Қўйнинг туёғига чидаган ҳақиқий чўпон бўлолади»

Чўпонликнинг ҳам завқи, ҳам машаққатлари бор. Саратон-у изғиринли кунларга бардошли бўлиш керак. Ноқулай об-ҳаво шароитларига тайёр туришингиз талаб қилинади. Шу билан бирга, қўй-қўзи, эчкиларнинг ҳисоб-китобини ҳам юрита билишингиз зарур. Ким нечта қўй-эчкиларини қўшди, қайси қўй болалади, қайсиниси касалланди – ҳаммасини назорат қилишингиз лозим.

«Ҳалол ризқ билан топилган пул баракали бўлади»

Қишлоқда пенсионер, завод ишчилари ва бошқа қишлоқдошларимнинг қўйларини боқаман. 100 та қўй боқсам, бир ойда ўртача 1 миллион сўм даромад келади. Битта қўйга 10 минг сўмдан тўғри келади. Баҳорда 200 ва ундан кўп қўйларни боқаман. Шунинг ортидан рўзғор тебратяпман. Фарзандларимга кечки овқатдан кейин айтардим: болаларим, ҳалоллик – инсонийликнинг энг муҳим хислатларидан бири. Қийин йўлдан юриб меҳнат қилганинг эвазига топганинг татийди. Пешона тери билан топилган ризқ қадрли бўлади, қинғирликнинг эса келажаги йўқ.

«Чўпонлигим учун менсимаганлар ҳам бўлди»

Катта давраларда бўлганимда чўпонлигим учун менсимасдан муомала қилганлар ҳам бўлган. Ўша пайтлари чеккага чиқиб, панада кўзимдан ёш ҳам чиққан. Шундай бўлса-да, чўпонлигимдан ҳеч қачон уялмаганман, ҳозиргача тоғамнинг касбини давом эттириб келаётганимдан ғурурланаман. Фарзандларим чўпонлик қилмасдан дам олишимни кўп айтишади. Ундай қилолмайман, чунки ўз касбим ёқади, завқ оламан.

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

ywzlmlwliv6yz-f01v-hm1szaqk_rtuu

«Профилактика инспекторларига берилган автомобиллар харажати новвой ва сомсачиларнинг бўйнида» — Сенато

Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида вояга етмаганлар томонидан 479та жиноят содир этилган. Бу ҳақда Ички …