Главные новости
Главная / Жамият / «Бу ерда минглаб ўзбек шифокорлари бор» – Яманда хусусий клиника очган ўзбекистонлик жарроҳ билан суҳбат
<

«Бу ерда минглаб ўзбек шифокорлари бор» – Яманда хусусий клиника очган ўзбекистонлик жарроҳ билан суҳбат

Ўзбекистонлик шифокорлар дунёнинг турли нуқталарида фаолият юритадилар. Кимдир малака ошириш илинжида, кимдир хорижни кашф қилиш учун, яна кимдир ўз юртида қадр топмаганидан ўксиб олисга йўл олгани ҳеч кимга сир эмас.

Иллюстратив фото / REUTERS

Kun.uz сайти муштарийлари учун турли давлатларда ишлаётган ўзбекистонлик шифокорлар билан туркум суҳбатлар уюштиришни мақсад қилдик.

Дастлабки суҳбатдошимиз – самарқандлик шифокор, айни пайтда Яман давлатида иш олиб бораётган жарроҳ-уролог Улуғбек Тўраев.

– Ассалому алайкум, Улуғбек ака. Дастлаб ўзингиз ҳақингизда озгина маълумот берсангиз.


Улуғбек Тўраев

– Ваалайкум ассалом. Мен 1990-1996 йиллар оралиғида Самарқанд давлат тиббиёт институтида ўқиганман, 1998 йилгача клиник ординатура ўтаб, жарроҳ-уролог мутахассислигини олганман. Аммо Ўзбекистонда соҳам бўйича кўп ишлаш насиб қилмади. Ўзимнинг фикримча, дипломим ва қобилиятим йирик клиникаларга мос бўлса-да, ишга кириш учун сўралган пулни топиб бера олмаганим учун олишмаган.

Бу ҳар қандай ёш мутахассисга жуда оғир ботади. Ота-онамиз 6-8 йил ўқитиб дипломли қилганларидан кейин ҳам уларга яна қандайдир харажатни юклаш ниҳоятда қийин. Ўзи биз ўқиган йиллар иқтисодий жиҳатдан мураккаб даврлар эди.

Рўзғор тебратиш учун туманларда ишладим, бошқа ишлар билан шуғулландим ва охир-оқибат хорижга жўнашга қарор қилдим.

– Нега айнан Яман давлатини танлагансиз ва қанча вақтдан буён у ерда фаолият юритасиз?

– Тўғрисини айтганда, ўша пайтда менда у қадар катта танлов ҳам бўлмаган. 2012 йилга келиб ҳаётда ниманидир кескин ўзгартириш кераклигини англаб етганман. Туманда ишлаб юрардим, олган маошим, топганим рўзғоримга аранг етарди. Турмуш ўртоғим акушер-гинеколог, ўзим жарроҳман. Лекин ўсиб келаётган фарзандлар келажагини ўйласам, ҳадикка тушардим.

Ўзи ўзбекистонлик, умуман собиқ иттифоқлик шифокорларнинг Яманга бориб ишлашлари узоқ йиллик тарихга эга. 2000-йилларда бу тенденция кескин кучайиб кетди ва минглаб шифокорлар ёппасига жўнай бошладилар. Бу борада аниқ статистика юритилмаса керак, лекин турли маълумотларга кўра, бу давлатда 10-15 минг ўзбекистонлик шифокор бор. Умуман, Яман тиббиёти асосини собиқ иттифоқ давлатлари мутахассислари ташкил қилади, десам адашмайман.

Хуллас, таниш-билишларнинг тавсияларига кўра 2012 йилда турмуш ўртоғим билан шу давлатга етиб келдик ва иш бошладик. Аёлим 2 йилда ортга қайтди, мен ҳамон шу ерда ишлаяпман.

– Ўзбекистон ва Яман тиббиёти ўртасидаги тафовутлар ёки ўхшаш жиҳатлар қандай?

– Яман жуда қашшоқ, муттасил урушлардан тинкаси қуриган ва тиббиёти ривожланмаган давлат. Шунга қарамай шифокорнинг ҳурмати жойида. Мана шу ўринда ғалати парадоксга эътибор беринг – шунча хорижлик мутахассислар узлуксиз қийинчиликларга қарамай бу давлатни ташлаб кетишмайди. Чунки меҳнатининг самарасини кўради.

Юқорида айтганимдай, бу давлат тиббиёти асосан хорижий мутахассисларга суяниб қолган. 30 млн аҳоли яшайдиган йирик давлатда тиббиёт йўналишида саноқли ОТМлар бор ва улардаги қисқа муддатли таълимда терапевтик мутахассислар тайёрланади. Барча етакчи ва тор мутахассислар – хорижликлар.

Ўзбекистон тиббиётига мен баҳо бермаганим маъқул, лекин сўнгги йиллардаги ижобий ўзгаришлар бир кун келиб самарасини беришига умид қиламан. Сабаби, ўзимнинг ҳам фарзандларим шу соҳани танлашган ва уларнинг келажаги мени қаттиқ ўйлантиради.

– Сир бўлмаса, ойига қанча даромад қиласиз ва унинг қанчаси харажатларга кетади?

– Бунинг ҳеч қандай сир жойи йўқ, қанча даромад қилсам, ҳалол меҳнатим орқасидан қиламан. Ҳаммаси мутахассислигингиз ва ишдаги кўрсаткичларингизга боғлиқ. Дастлаб келган, ёлланиб ишлаган пайтларимда ойига 2 минг АҚШ доллари атрофида даромад қилганман. Кейинчалик вазиятга мослаша бориш натижасида алоҳида клиника очиш фикри туғилган ва жуда қийинчилик билан мақсадимизга эришдик.

Яманнинг Ал-Дала вилояти Дамт шаҳрида юртимиз тимсоли ўлароқ «Самарқанд» номли хусусий клиника очдик ва бу клиникамиз бу давлатга кириб келган жуда оз сонли хорижий инвестиция маҳсули сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташаккурнома билан тақдирланди. Яъни шу давлатда ишлаганларимни яна шу ернинг ўзига сарфлаб ўз ишимни йўлга қўйдим.

Ҳозир ойлик даромадим 4-5 минг доллар атрофида. Бу маблағнинг ҳам асосий қисмини клиника ривожи учун сарфлаяпман. Шахсий харажатларим катта эмас – ойига 300 доллар бемалол етади.

– Ўзбекистонга қайтишдан сизни нима тўсиб турибди?

– Коррупция ва меҳнатга яраша ҳақ тўланмаслик хавфи. Масалан, мендан 0,5 ставкага ишга киришим учун анча катта пора сўрашган. Ҳозир бу муаммолар анча жиловланди.

Оддий ҳисоб китобларга қаранг – шифокор 2 млн сўм маош олади, фарзандининг контракти эса 12 млн сўм. Хўш, у нима қилиши керак?

Менинг икки қизим контракт асосида ўқишяпти, уларни турмушга чиқаришим керак, ўғлим улғаймоқда. Олган маошимга тирикчилик қилиб, фарзандларимни таъминлай оламанми?

Хусусий тиббиёт масаласини ҳам ўйлаб кўрганман – Ямандаги клиникамиз даражасидаги ускуналар билан жиҳозлаш Ўзбекистонда камида икки карра қимматга тушади, самарадорлик эса икки баробар паст. Ахир бу нарсаларни ҳисобга олмаслик мумкин эмас-ку.

Лекин юқорида айтганимдай, президентнинг соҳага эътиборидан мен ҳам умид қиляпман. Ўзим бу давлатда ишлайверсам ҳам, фарзандларим Ўзбекистонда ўз ўринларини топишларини истайман. Ахир ҳеч нарса ватанга, яқинларинг билан яшашга етмайди.

– Коронавирус шароитида Яман тиббиёти қандай ишламоқда? Сиз ўзингиз бу касалликка қарши курашга жалб қилиндингизми ёки қайтиш фикри туғилмадими?

– Бу касалликка қарши курашишга давлат шифохоналари жалб этилган. Бизнинг клиника асосан жарроҳлик йўналишида ишлайди. Ҳатто ҳудудга коронавирус кириб келса, клиникани вақтинча ёпиш ҳақида вазирликка огоҳлантириш хати бердим. Давлат тиббиёти бу касаллик билан курашда қатор қийинчиликка учраётганини айтишим мумкин.

Коронавирус пандемияси туфайли ўзбекистонлик шифокорлар уйга қайтмоқчи бўлганликларига келсак, Яманда Ўзбекистон элчихонаси йўқ, зарур ҳолатларда Саудия Арабистонидаги элчихонага мурожаат қилиш мумкин. Лекин кўпчилик Москвадаги элчихона орқали ишга келишади.

Айни пайтда оз сонли қайтмоқчи бўлганлар элчихоналарга мурожаат қилаётганларидан хабарим бор. Аммо ҳозир қайтиб кетиш жуда қийин бўлади, чунки пандемияга қадар ҳам Яманга кириб чиқишлар осон бўлмаган. Шунга қарамай, жуда кўпчилик, жумладан мен ҳам қолиб ишлашни давом эттириш ниятидамиз.

– Мумкин бўлса, бу давлатдаги фаолиятингизга доир ва Ўзбекистон учун ноодатий бўлган бирор қизиқ воқеани сўзлаб берсангиз.

– Бу ердаги фаолиятим Ўзбекистон учун бутунлай ноодатий десам ишонаверинг. Яманда давлат қонунлари Ўзбекистондагидай ишламайди, асосий масалалар қабилалар оқсоқоллари, шайхлар, бадавлат инсонлар томонидан ҳал қилинади. Қабилалар ўртасида турли зиддиятлар мунтазам содир бўлади ва ўшандай кунлари суткалаб операциялар қилган пайтларимиз бўлган.

Шунга қарамай, шифокорларга нафақат тегишмайди, балки катта-ю кичик ҳаммаси ҳурмат қилишади. Бу юртнинг одамлари учун елкасига автомат осиб юриш мутлақо оддий ҳолга айланган. Ана шундай жиҳатлари солиштирилса, Ўзбекистондаги тинчлик қандай улуғ неъмат экани англанади.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

uh1yb77csvkxnoocvl81euwqu6ggplob

Уйда даволанаётган беморлар учун махсус мобил гуруҳларнинг вазифалари белгиланди

2 июль куни «Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш ва касаллик тарқалишини олдини олиш борасида …