Главные новости
Главная / Сиёсат / Божхоначиларга суд қарорлари мажбурий эмасми? Тадбиркор 1 йилдан бери сарсон
<

Божхоначиларга суд қарорлари мажбурий эмасми? Тадбиркор 1 йилдан бери сарсон

Тадбиркорлик қилиш мақсадида имтиёздан фойдаланмоқчи бўлиб, четдан фура олиб келган фуқаро орадан бир йил ўтса ҳамки, ўзи келтирган транспорт воситасига эгалик қила олмаяпти – божхона органлари унинг «оёғига занжир илишган». Фуқаро фойдасига суд қарорлари чиққан бўлишига қарамай, уларнинг ижроси божхоначилар томонидан пайсалга солиб келинмоқда.

Фото: norma.uz

Фуқаро Отабек Эргашев президентнинг мева-сабзавотчиликни ривожлантиришга доир 2018 йилдаги фармони билан берилган имтиёздан фойдаланган ҳолда, ўз тадбиркорлигини бошлаб олиш учун, 2019 йил 30 сентябрь куни Чехиядан жияни Малик Жумабоев номига VOLVO FH 13 440 42 Т русумли эгарли шатакчи (седельний тягач) ҳамда Икромжон Исаков номига KOGEL S24 русумли яримтиркамани сотиб олиб, Ўзбекистонга келтирган.

Юқоридаги фармон 6-бандининг 4-хатбошисига кўра, тадбиркорлик субъектлари 2019 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон ҳудудига импорт бўйича олиб кирилаётган, мева-сабзавот маҳсулотларини ташишга ихтисослашган транспорт воситалари (ТИФ ТН коддари — 870120, 870421, 870422, 871639) божхона тўловлари ва Республика йўл жамғармасига йиғимлар тўлашдан озод этилган.

2019 йил 21 сентябрь куни Чехиядан йўлга чиққан М.Жумабоев 30 сентябрь куни соат 22:14да Қозоғистондан Тошкент вилояти «С.Нажимов» чегара божхона постига етиб келган, 23:39да транспорт воситаси бўйича дастлабки божхона декларациясини тўлдириб, электрон шаклда Давлат божхона қўмитасининг «ЭБР» ААТ дастурида рўйхатга олинган.

2019 йил 2 октябрь куни эса «Водий» ТИФ божхона пост органи ходимлари М.Жумабоев транспорт воситасини Ўзбекистонга олиб киришда дастлабки божхона декларациясини тўлдириш тартибини бузган, деб ҳисоблаб, далолатнома расмийлаштирган ҳолда 2 кун олдин тузилган декларацияни бекор қилишади.

«2019 йил 30 сентябрь куни соат 23:30лар чамаси пост бошлиғи С.Эрматов бироз олдин мен юборган декларация қабул қилинганини, имтиёздан фойдаланишга улгурганимни айтди. Бироқ, кутилмаганда 2019 йил 4 октябрь куни дастлабки божхона декларацияси бекор бўлгани ҳақидаги ёзма мурожаатни қабул қилиб олдим. Агарда ўшанда божхона ходимлари томонидан қонун бўйича 3 соат ичида менга декларацияда хатолар борлигини билдиришганида, мен камчиликларни бартараф этган бўлардим. Ваҳоланки С.Эрматов менга ҳаммаси жойида эканини айтди ва мен унга ишониб хотиржам бўлдим», – дейди Отабек Эргашев.

О.Эргашев дастлаб ушбу ҳолатдан норозилигини, декларацияни бекор қилиш назарда тутилган далолатноманинг ўзини бекор қилишни сўраб, 4 октябрда «Водий» ТИФ божхона пости ва Фарғона вилояти божхона бошқармасига мурожаат қилган, аммо бу мурожаатлардан фойда бўлмаган.

О.Эргашев 2019 йил 30 ноябрь куни Давлат божхона қўмитаси раиси номига ҳам худди шу мазмунда ариза ёзади. Ушбу аризага 5 декабрь куни берилган жавоб хатида О.Эргашевнинг дастлабки божхона декларациясини тўлдириш тартибини бузгани, шу туфайли унга солиқ ва божхона имтиёзлари қўлланилмаслиги ҳамда Божхона кодексининг 289-моддасига мувофиқ, импорт божхона божи, акциз солиғи, қўшилган қиймат солиғи ва божхона йиғимларини тўлаши кераклиги маълум қилинади.

Божхона органларидан бирор иш чиқмаслигига кўзи етган О.Эргашев судга мурожаат қилишдан бошқа чора қолмаганига амин бўлади.

Аризачининг жавобгар «Водий» божхона пости органи мансабдор шахсларининг ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиб, мажбурият юклаш ҳақидаги шикоят аризаси бўйича 2020 йил 12 май куни Фарғона шаҳар маъмурий судининг ҳал қилув қарори чиқади. Ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилиб, «Водий» ТИФ божхона пости органи мансабдор шахсларининг 2019 йил 2 октябрь куни дастлабки божхона декларациясини бекор қилиш ҳаракатлари қонунга хилоф, деб топилади ҳамда жавобгар зиммасига 2019 йил 30 сентябрь кунги декларацияни қайта расмийлаштириш мажбурияти юкланади.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ушбу ҳал қилув қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти келтиради. Фарғона вилояти маъмурий суди апелляция инстанцияси Фарғона шаҳар маъмурий судининг қарорини ўз кучида қолдиради.

Бироқ, божхоначилар «отдан тушса ҳам, эгардан тушмай», суднинг ҳал қилув қарорини ижро қилишни пайсалга солишади. Яъни суд қарорида уларга 2019 йил 30 сентябрь кунги декларацияни тиклаш ва ушбу декларация бўйича иш кўриш мажбурияти юкланган бўлса-да, Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан 2020 йил 8 сентябрда жўнатилган огоҳлантириш хатида гўёки суднинг ҳал қилув қарори ижросини таъминлаш мақсадида декларациянинг «рўйхатга олинган, расмийлаштирилмаган» мақомига қайтарилгани, аммо декларацияни расмийлаштириш учун ҳуқуқий асослар мавжуд эмаслиги, ушбу декларация белгиланган талабларга зид равишда юборилгани, шу туфайли ушбу декларация ўрнига 3 иш куни ичида тегишли божхона режимига янги божхона декларацияси тақдим этилиши лозимлиги, акс ҳолда 2019 йил 30 сентябрь кунги декларация бекор қилиниши маълум қилинади.

Қизиқ-а? Суд бекор қилинган декларацияни тиклашни буюради, божхоначилар эса ўз билганидан қолмай, декларацияни бекор қилиш билан қўрқитади.

Бундан ташқари, божхоначилар транспорт эгасига суд ҳал қилув қарорида унга нисбатан имтиёзни қўллаш ҳақида кўрсатма берилмаганини таъкидлаб, божхона божи ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашни талаб қилишади.

Эс-ҳуши жойида бўлган одам Фарғона шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 12 майдаги ҳал қилув қароридан О.Эргашевга имтиёзни қўллаш лозимлигини тушуниб олиши мумкин бўлса-да, юқоридаги суиистеъмолликларга чек қўйиш мақсадида Фарғона шаҳар маъмурий суди 19 сентябрь куни ушбу ҳал қилув қарорига тушунтириш бериш мақсадида ажрим чиқаради. Ажримда Фарғона вилояти божхона бошқармаси зиммасига ҳал қилув қарорининг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда Ўзбекистон Республикасига олиб кирилган транспорт воситасини президент фармонига асосан имтиёзли асосда расмийлаштириш лозимлиги тушунтирилади.

Лекин шуларга ҳам қарамай, божхона органлари ходимлари томонидан ушбу суд ҳужжатлари бошқача талқин қилиниб, уларнинг ижроси ҳамон таъминланмай келмоқда.

Мазкур мурожаат бўйича Давлат божхона қўмитаси матбуот хизматидан изоҳ олишни сўраб юборган сўровимиз ҳозирча жавобсиз қолмоқда.

«Якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида хориждан транспорт воситаси келтиргандим. Бу даражада ноҳақликлар бўлишини билганимда, бу ишга умуман қўл урмаган бўлардим. Менинг айбим – тадбиркорлик қилмоқчи бўлганим экан. 1 йилдан ошибдики, фурам божхона постида ушлаб турилибди. Энг алам қиладигани – судда ютсам ҳам, суд қарорини бир тийинга олишмаяпти. Ҳатто прокуратурага қилган мурожаатим ҳам жавобсиз қолди» – дея ҳасрат қилади тадбиркор Отабек Эргашев.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

8cwqxn-xzyjlnca7wv7jm2flofecyng

Ўзбекистондан неча киши «грин-кард» ютади? Уни ютишнинг сири борми?

7 октябрдан Green Card учун аризалар қабули бошланди. Бу йил дастур қоидаларида жиддий ўзгаришлар йўқ. …