Главные новости
Главная / Жамият / «Боласи келажагини ўйлаган ота-она ўқитувчи билан ҳамкорлик қилади» — тажрибали педагог Холбозор Тиловов билан суҳбат
<

«Боласи келажагини ўйлаган ота-она ўқитувчи билан ҳамкорлик қилади» — тажрибали педагог Холбозор Тиловов билан суҳбат

Холбозор Тиловов – 30 йилдан ортиқ вақт давомида Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани мактабларида она тили ва адабиёт фанидан дарс берган. Тажрибали муаллим Kun.uz мухбири билан суҳбатда ҳозирги давр мактаб таълими, ўқитувчиларнинг ёш авлод тарбиясига эътибори, ота-оналар ва ўқитувчилар муносабати, жамиятдаги салбий иллатлар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Ўқитувчи ким: тарбиячими ёки муаллим?

– Илмни тарбиядан ажратмаслик керак: тарбия ҳам илм, илм бериш ҳам илм. Қачонки ўқитувчи дарс берар экан, у кимё, физика, чизмачилик, бошланғич синфлар ўқитувчиси бўладими – ҳамма вақт, илм берувчи одам тарбияни ҳам бера олиши керак.

Бола аввало оилада тарбияланади, унга ота-онасидан қанчадир қобилият ўтади. Бу қобилият барчада бир хил бўлмайди: қайсидир оилада болага эътибор кам бўлади. Ана шу камчиликни бошланғичдан тортиб, битирувчи синфгача бўлган ўқитувчилар тўлдиради.

Ўқитувчи зиммасида давлат олдидаги, касб масъулияти, агар иймонли инсон бўлса, Аллоҳ томонидан юкланган масъулият бўлади.

Болада руҳий ва жисман соғломлигидан ташқари, унга яхши ахлоқ ва учинчидан, илм керак. Қайси фан ўқитувчиси бўлишидан қатъи назар, шу уч жиҳатни эсдан чиқарса, ишининг бир қисми кемтик бўлади, болани чўлоқ чумоли ҳолига солиб қўяди. Ҳатто ўқув марказларида ўқийдиган ёшлар билан ҳам мана шу тартибда муносабатга киришиш керак деб ҳисоблайман.

Энди яна савол туғилади: тарбия учун ўқувчини жазолаш шартми? Жазо деганда унинг турларини ҳам эътиборга олиш лозим. Оддий мисол, ўқитувчининг ўқувчи билан гаплашмай қўйиши, ўзини аразлаган қилиб кўрсатиши ҳам жазо ҳисобланади. Менинг ёшим 60да, ўйлашингиз мумкин, сиз ҳам шундай қиласизми? Ҳа, бу – тарбия усули. Лекин ўта қаттиққўллик билан жазолаш мантиққа тўғри келмайди. У ҳали бола, суяги мўрт, ақли ҳам катталарникидек ривожланиб кетмаган.

Яна бир нарса, биз тинмай тарихда ўтган боболаримиз илм-фанда юксакликка эришганини айтамиз, лекин нима билан, аввало тарбия: оилада, илм олишда, Қуръон ва ҳадислардаги тарбия билан тарбияланганлар.

«Бугунги кунда ўқувчиларни партага ўтирғизишнинг ўзи катта муаммо»

– Қадимдан турли давлатларнинг таълим ва тарбия тизими ўзаро уйғун бўлган. Бир мисол, қадимги Миср таълимида шундай масал бўлган: «Ўқувчининг қулоғи юқорида бўлади, ҳар замонда тортиб турмаса, қулоғига гап кирмайди».

Бугунги воқеликдан маълумки, баъзи бир ўқувчиларни партага ўтирғизиш, ўтиришга ўргатиш ўзи катта муаммо. Унга қандай қилиб математика ёки тўғри ёзиш-у равон нутқ билан гапиришни ўргатасиз?!

Ўқитувчининг ота-оналар билан мажлиси ҳам қоғозда эмас, жонли тарзда икки томоннинг ҳам фаол иштироки билан бўлиши зарур, шундагина таълим-тарбияда олдинга силжиш мумкин.

«Боласи келажагини ўйлаган ота-она ўқитувчи билан ҳамкорлик қилади»

– Ҳозирда баъзи ота-оналарнинг мактабда ўқитувчи томонидан боласига берилган дакки ёки тарбияни тушунмай мактаб маъмуриятига, ўқитувчиларга турли тазйиқ ўтказиш ҳолатлари учраб туради. Оддий койиганда ҳам уйига айтиб борадиганлари бор. Бу ишни қиладиганларнинг ўзини кўрсатмоқчи бўлган тушунчаси бор.

Бу ҳақда гапираётганда авваламбор хатони ўзимиздан ҳам излашимиз керак, яъни юқорида айтганимдай, қаттиққўллик билан берилган жазо – мантиқсизлик.

Қачонки ота-она боласининг келажагини ўйламоқчи экан, ўқитувчи билан ҳамкорлик қилиши лозим. Бунинг аксини қилиб ўқитувчига босим ўтказса, бу синфнинг умумий ҳолатига таъсир қилади, бошқа болалар билан ҳам ишлолмай қолади.

Ўқитувчининг дарсга муносабати ва ҳалоллик ҳақида

– Ёппасига ўқитувчиларни мақташ фикридан йироқман, яъни касбига ёндашуви, тушунчаси турли хиллари бор. Ихлос билан ишлайдигани, ўқигани, касбига фидойиси билан бир қаторда турли йўллар билан ўқишга кириб, уни битириб ўзи қизиқмаган соҳа – ўқитувчилик қилиб юргани қанча?

Дарсга 15 дақиқа кечикиб кириб, 15 дақиқа олдин чиқиб кетадиган ўқитувчилар бор. Ўқувчиларга топшириқ бериб, кўчани айланиб келадиганлари бор.

Бундан ташқари, кейинги давр ўқитувчилари орасида шундай тушунча пайдо бўлган: «Кириб дарсингни ўт-да чиқиб кетавер, тарбияси ва ахлоқи билан ишинг бўлмасин!», «Ўқимаса сенга нима, битиргандан кейин ўқиш керак бўлса, ўқув марказларига боради», дегувчилар бор. Бу мутлақо хато тасаввур!

Ўйлаб кўринг-а, 5-6-синфларда шу каби дарс ўтилган бўлса, кейинги юқори синфларда қанчалик уста ўқитувчи бўлмасин, бу синфдаги ўқувчиларга билимларни ўргатолмайди, чунки ўқувчида пойдевор йўқ. Билим олиш эса осони устига мураккабини юклаб бориш билан бўлади. Ҳар бир ўқитувчи ўзи дарс бераётган ўқувчининг кейинги устозлари олдида ҳам жавобгар саналади.

Давлат менга фалон соат дарс беряпти, мен уни тўғри ишлаб олсам, уйимга ҳалол қилиб олиб борсам, фарзандларим ҳалол нарса еса, келажакда ёмон одам бўлмайди, деган фикр фақатгина ўқитувчига эмас, барча касб эгалари дахлдор тушунча.

«Олим қишлоққа эмас, шаҳарга керак, дейишди»

– ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) Филология факультетида кечки бўлимда ўқидим. Кундузи ишлаб кечқурун ўқирдик. Газ илмий текшириш институтида чизмакаш, Халқлар дўстлиги санъат саройи қурилишида, самолётсозлар, Ташсельмаш заводларида ишладим — вазият шуни талаб қиларди. Лекин ўқишни ташлаб қўймаганмиз, чунки ёшликдан адабиёт ўқитувчиси бўлиш иштиёқи биринчи ўринда турган.

Ўша пайтда кўпчилик устозлар сизларга раҳмим келади, дейишарди. Билмадим, кўп нарса инсоннинг ҳаракатига боғлиқ бўлса керак, университетни тамомлаб, аспирантурага ҳам кирдим.

Кўпчилик айтди, қишлоққа олим нимага керак, олим шаҳарга керак деб. Уларники ҳам тўғридир…

Аммо энг катта мақсадим — ўқитувчи бўлишга эришдим. Мана, 34 йилдан бери болаларни ўқитиб келяпмиз.

Тошкентда ишлаб қолишим мумкин эди… 10 болали катта оиланинг катта фарзанди эдим, табиийки, қишлоқ шароитида тўнғич фарзанд зиммасига нафақат ота-она, балки ёш укалари олдида ҳам масъулияти бўлади. Аспирантурага кириб уйга келганимда онам оғир касал экан. Уйда қолдим. Шу сабабли аспирантурани кечиктириб туришга тўғри келди.

Шу орада университетдан келган чақирув қоғозини қишлоқ мактабидаги устозлар йиртиб юборишган экан. 12 йилдан сўнг яна аспирантурага кирдим, бу сафар сиртдан ўқийман деб. Номзодлик ҳимоясигача бўлган топшириқларни бажарган бўлсам-да, диссертацияни тайёрлаш учун оиламни ташлаб 5-6 ойлаб кутубхоналарда ўтиришимга яна шароит йўл қўймади. Оилада камимни тўлдириш учун бировдан ёрдам сўрамадим, одатда жуда кам ёрдам сўрайман.

Рағбатлантириш орқали ўқувчини тарбиялаш

– Мен юқорида ўқувчига бериладиган жазо ҳақида айтдим, лекин шу билан бирга, ўқувчини илмга қизиқтириш учун тақдирлаш, мукофотлаш деган усул ҳам бор. Бу ўқитувчи томонидан маънавий тақдирлаш тарзида бериладими, ёки мактаб, халқ таълими бўлими раҳбариятими фарқи йўқ — ўқувчини ҳалолликка, адолатга ўргатади, илм олишга завқлантиради.

Ўқитувчи зоти ҳеч қачон ўзига берилаётган нотўғри нарсани қабул қилмаслиги керак: бу хоҳ пулли мукофот бўлсин, хоҳ фахрий ёрлиқ. Энг муҳими — бола ўқитувчининг ҳамма сирини билади, болани ёлғоннинг рост эканига ишонтириб бўлмайди. Бир неча йилдан бери фан мусобақаларида қатнашиб, ғолиб бўлган ўқувчиларим менинг мақтовимдан бошқа тақдирлаш олмаган.

Бу каби ҳолатлар орқасидан ўзи учун наф оладиганлар ҳамкасблари кулгисига, қолаверса, ўқувчилар нафратига ҳам дучор бўлади. Болада келажакка умид шу тахлит сўна боради.

«Оталарда жавобгарлик ҳисси камайиб кетди»

– Жамиятда илдиз отган иллатлардан бири оилада оталарда жавобгарлик ҳисси камайиб кетди. Қизиқ бир ўхшатиш келтираман. Габриел Гарсия Маркеснинг «Ошкора қотиллик қиссаси» номли асари бор. Бир вақтлар мактабларда адабиёт дарслиги ичига киритилганди. Асардаги энг муҳим жиҳат, бош қаҳрамон одамлар эмас, балки ЛОҚАЙДЛИКдир. Одамлар орасидаги лоқайдлик қаҳрамон даражасига кўтарилиб чиққан.

Хўш, бу бизда ҳам борми — ҳа, бор. Мактабга эътиборини қаратмаган оталар, эрининг мактабга сен бор деган гапи билан келиб гапни эшитиб кетаверадиган оналарда ана шу лоқайдликни кўриш мумкин.

Дарс ўтмаётган, билим ва тарбия бермаётган ўқитувчига: «Сен ишлаётган жойда болам бор, нега дарсингни ташлаб кетдинг», деб биронта ота-она айтмайди. Ёки нотўғри қистовга олинаётган ўқитувчини ҳеч ким ҳимоя қилмайди. Лоқайдлик шу даражага бориб етган.

Ишлаётган ўқитувчи зиммасига яна вазифа юкланаверади, ишламаётганини эса жазолаб бўлмайди. Негаки, орқасида «акалари» бор. Директорга ҳам, бошқа раҳбарларга айтади: «фалончи»нинг қариндошиман.

«Ҳар ўқув йили охирида ўқитувчиларни саралаш лозим»

– Ихлос билан ишлайдиган одамда касбига муҳаббат бўлса, пастламайди, доимо ўсиб боради. Аёл киши бола тарбиясида бўлган вақти китоб ўқий олмаслиги мумкин, лекин шулар орасида ҳам касбига фидойилари ўқиб олаверади.

Таълим-тарбия сусайиб кетди, деган гаплар кўп айтилади. Муаммонинг сабабларидан бири ўқитувчининг ўзида ҳам бор. Ўқитувчиликни эплолмайдиган, дарс ўтолмайдиган одам мактабда йўқ деб ўйлайсизми, бор, албатта. Уларга вазир келиб ўқитувчиликни ўргатиб қўймайди. Энг ёмони, уларнинг дипломи бор, дарс олган мактабдан. Кундузгида ўқиганми, кечкими ёки сиртданми — илмини ривожлантириш учун қайта шуғуллангани йўқ. Шундай бўлгандан кейин у нима беради ўқувчига!

Август ойида эмас, ўқув йили тугаган пайтдан меҳнат таътилига чиқаришдан олдин келгуси ўқув йили учун ўқитувчиларни саралаш лозим. Кимдир ҳар қанча чиранмасин, 10-11-синф дарсликларига кучи етмаслиги мумкин, унинг билим савияси 5-6-синфларни ўқитишга етар, балки унга ҳам етмас, имтиҳон қилиш керак. Қайси синфларни ўқитишни истаса, ўша дарсликлар бўйича билими текширилади. Натижага қараб маошини белгилаб, ўзлаштириши паст бўлгани кам маош билан ишласин, шунда у ўз устида ишлай бошлайди ёки ўз-ўзидан соҳани тарк этади.

Мисол учун, жисмоний тарбиядан дарс ўтаётган мураббий яхши спортчи бўлиши мумкин, лекин педагогика бошқа нарса, болалар қўлига тўпни бериб қўйиб ўйнанглар, дейиш билан дарс ўтиб бўлмайди.

Ўқитувчига тинмай ўз устида ишлашини таъкидлаш, конспект қилганини текшириш ва бошқа ҳужжатбозликларга ҳожат қолмайди. Албатта, бу ҳалоллик ва адолат тамойилига асосланиши лозим. Малака ошириш ўқитувчи фаолиятидаги алоҳида босқич, лекин ўзи китоб ўқимайдиган ўқитувчининг малакасини оширгандан нима фойда?!

Дарсликларда кузатиладиган камчиликлар билан бирга, ўқитувчи шу дарсликларга тайёр бўлиши ҳам керак-да. Масалан, 8-синф она тили дарслигида талаб водийси деган учта матн бор. Ҳазрат Навоийнинг «Лисон ут тайр» достонидан олинган. Матн билан ишлаётганда унинг луғатлари билан ишлашдан ташқари, матнни ўқувчи савияси даражасида тушунтириб бера олиш ҳам зарур. Она тили ва адабиёт муаллими достонни тўла ўқиган бўлса, шунда қисқагина билим бера олади. Шуни ўзини ҳам битта дарсга сиғдириб бўлмайди.

Хулоса қилиб айтганда, давлатнинг ривожланиши учун ҳамма даврда ҳам биринчи масала оддий халқнинг дунёқарашини ривожлантириш бўлган. Биз қачонки мактабни ўзида болалар тарбиясини яхшиламасак, оталардаги лоқайдликни йўқотмасак, ўқитувчиларни ўз устида ишлашга ўргатмасак, халқ таълими оқсайверади.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

uh1yb77csvkxnoocvl81euwqu6ggplob

Уйда даволанаётган беморлар учун махсус мобил гуруҳларнинг вазифалари белгиланди

2 июль куни «Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш ва касаллик тарқалишини олдини олиш борасида …