Главные новости
Главная / Жаҳон / «Бизни пандемия даврида қилган ишларимиз билан ёдга олишади»: Билл ва Мелинда Гейтс АҚШнинг ҳаракатсизлиги, иккинчи тўлқин ва вакцинация ҳақида
<

«Бизни пандемия даврида қилган ишларимиз билан ёдга олишади»: Билл ва Мелинда Гейтс АҚШнинг ҳаракатсизлиги, иккинчи тўлқин ва вакцинация ҳақида

Фото: ТАСС

Билл ва Мелинда Гейтс коронавирус тарқалишини тўхтатадиган омиллардан бири ниқоб эканлигини таъкидламоқда.

COVID-19 пандемияси бошланганидан сўнг Билл ва Мелинда Гейтс биринчилардан бўлиб коронавирусга қарши вакцина ва дори ишлаб чиқариш борасида ҳаракатга тушди. Йиллар давомида полиомиелит ва бошқа юқумли касалликларга қарши курашга маблағ ажратиб келган эр-хотин АҚШ  кўрган чораларни танқид қилмоқда.

«Одатда Америка жаҳондаги муаммоларни ҳал қилишда муҳим роль ўйнайди, шунинг учун АҚШ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан чиқиб кетиш ўрнига айбдорларни изламасдан, ташкилот билан фаол ҳамкорлик қилиши керак эди. Бу АҚШ изоляционизм йўлидан кетишга қарор қилган оддий вазият эмасди», — деди Билл Гейтс Forbes’нинг тўққизинчи марта ўтказилган йиллик хайрия саммитида.

«Биз турли мамлакатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга уриняпмиз. Европа давлатлари ва ҳукуматлари раҳбарлари АҚШнинг ҳаракатсизлиги оқибатида пайдо бўлган бўшлиқни тўлдиришга уринмоқда», — деди Microsoft асосчиси 200дан ортиқ филантроп иштирок этган онлайн-саммитда. «АҚШнинг ҳаракатсизлиги бошқа давлатлар билан муносабатларимизга путур етказмоқда ва одамларнинг АҚШга нисбатан давлат сифатида кўрсатган ҳурматига салбий таъсир кўрсатмоқда», — деб қўшиб қўйди миллиардер.

Гейтс «вақти келиб соғлом фикр ғалаба қозонишини» қайд этди. Бундан ташқари, у АҚШ барибир бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик қилишига умид билдирди.

«Бу жараёнда фаол қатнашаётганимизнинг сабабларидан бири шундаки, биз вакцинанинг илк дозалари катта пул таклиф қилган мамлакатларга берилишини истамаймиз», — деди Мелинда Гейтс.

«Бутун дунё бўйича 60 млн нафар тиббиёт ходими бор. Улар вакцинани биринчи бўлиб олишга муносиб, зеро айнан улар COVID-19га қарши курашнинг энг олдинги қаторида. Шундан кейин вакцинани турли давлатлар орасида, биринчи навбатда аҳоли сони ва эҳтиёжидан келиб чиқиб тарқатишга ўтиш мумкин. Масалан, АҚШда вакцинани биринчи бўлиб афроамерикаликлар, туб аҳоли вакиллари, сурункали беморлар ва қариялар олиши керак», — деб қўшиб қўйди у.

Билл ва Мелинда Гейтснинг хайрия жамғармаси пандемияга қарши курашишга 350 млн доллардан ортиқ маблағни хайрия қилди. Эр-хотинлар дори ва вакциналарнинг ривожланаётган мамлакатларда адолатли тақсимланиши ишига иккита нотижорат ташкилотини жалб этишни режалаштирмоқда. Гап ОИТС, сил ва вабога қарши курашиш бўйича глобал жамғарма (The Global Fund) ҳамда Вакцина ва иммунизация бўйича глобал альянс (GAVI) тўғрисида бормоқда. Гейтслар июнь бошида GAVI алянсига яна 1,6 млрд доллар ажратишини эълон қилишди.

Улар йигирма йилдан буён бирга ишлаб келаётган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини тўлиқ қўллаб-қувватлашларини яна бир бор маълум қилишди.

Эр-хотинлар кузда пандемиянинг иккинчи тўлқини юз бериши мумкин деб ҳисоблашмоқда. Ниқобларни эса буни тўхтатадиган муҳим омил деб аташмоқда. Билл ва Мелинда Гейтс ниқоб тақиш бўйича тавсияларга амал қилмаётган АҚШ аҳолисини танқид қилмоқда.

«Ниқоб қиммат эмас. Шу  билан бирга унчалик қўрқинчли ҳам эмас», — деб таъкидлади Билл Гейтс.

«Қисқа йўриқнома: тест ўтказиш, мулоқотда бўлганларни аниқлаш, ўзини ўзи изоляция қилиш ва карантин, ниқоб тақиш. Ҳар бир киши ҳеч қандай истисносиз ниқоб тақиши шарт», — деб қўшиб қўйди унинг хотини.

Гейтслар ўн йил илгари Уоррен Баффет билан биргаликда The Giving Pledge («Эҳсон қасами») деб номланган хайрия ташаббуси билан чиққанди. Улар онлайн-саммитдаги чиқишлари якунида 27 мамлакат филантропларидан ўз бойликларининг тенг ярмидан кам бўлмаган қисмини хайрия ишларига сарфлашга ваъда беришларини сўрашди.

«Бу бизнинг давримиз. Бизни пандемия авж олган пайтда қилган ишларимиз билан ёдга олишади. Ҳозир эҳсон қилиш учун кўплаб имкониятлар мавжуд. Пулларингизни шаҳрингизда озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш, ирқчиликка ёки пандемияга қарши курашишга хайрия қилишингиз мумкин. Биз кўплаб филантроплар олдинга қадам ташлагани ва ўзлари яшайдиган жойда креатив лойиҳалар яратиш учун маблағ сарфлаганини кўрдик», — деди Мелинда Гейтс.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

safrovnov

Сафроновнинг адвокатлари тергов сирини ошкор этмаслик тўғрисида тилхат имзолашдан бош тортди

«Роскосмос» раҳбарининг давлатга хиёнатда айбланаётган маслаҳатчиси, журналист Иван Сафроновнинг ҳимоячилари тергов сирини ошкор этмаслик тўғрисидаги …