Главные новости
Главная / Жамият / «Битта компьютер ўйини орқали ўзбек пахтаси ёки UzAvto топадиган даромаддан кўпини топса бўлади» — 3D дизайнер билан суҳбат
<

«Битта компьютер ўйини орқали ўзбек пахтаси ёки UzAvto топадиган даромаддан кўпини топса бўлади» — 3D дизайнер билан суҳбат

Ўзбекистон шароитида жуда юқори даромадга эга бўлиш имкони йўқ, дейдиганлар орамизда жуда кўп. Шу сабабли юртни тарк этган ватандошларимиз сони йил сайин ўсиб бормоқда. Аммо шу ерда, ҳатто ухлаганда ҳам даромад топадиганлар бор.

“Осмондаги болалар” лойиҳасининг илк меҳмони Абдусаттор Абдураҳимов IT-тадбиркорлик ортидан Ўзбекистонда туриб долларда ойлик олмоқда. Хўш, унинг муваффақият сирлари нимада? Ўзбекистонда IT соҳасини ривожлантириш имконияти борми?

– Абдусаттор Абдураҳимов ўзи ким?

– 26 ёшман. Маълумотим ўрта: тиббиёт коллежини тамомлаганман. У ерни тугатгач, 1 йил давомида иш тополмай юрганман. Сўнг “Maксам-Чирчиқ” заводига маркетинг бўйича ишга кирганман. 1 йилдан кейин менга Маъсум Муродов томонидан 3D Max (уч ўлчамли моделлаш: анимация ва компьютер ўйинларини яратиш таҳр.) ўрганиш таклифи тушган. Ўша куни ишдан бўшаш учун ариза ёзганман. Сўнг дадамга ишдан бўшаганимни айтмасдан янги соҳани ўрганмоқчи эканлигимни айтганман. Дадам рози бўлган.

Бу қарорни бирдан қабул қилишимга 3D Max’га нисбатан кучли меҳрим сабаб бўлган. Кимдир менга бу соҳани ўрганишимга ёрдам бериши жуда катта нарса эди. Ўрганиш жараёнида жуда қийналганман, лекин ҳозир меҳнатларим ўз натижасини берган. 3D Max дастурлашни бир йил давомида ўрганганман.

Ўзингиз ясаган 3D моделларни махсус сайтлар орқали сотиш мумкинлигини билганман. Битта модел сизга йиллар давомида даромад олиб келиши мумкин. Шундан кейин соҳанинг моделлаш йўналишини танлаганман ва ҳозиргача ишлаб келяпман.

– Моделлаштириш нима?

– Моделлаштиришнинг 2 хили бор. Биринчиси ишлаб чиқарувчилар учун   ижод қилган ҳолда моделлаштириш. Улар сизнинг моделингизга қараб ишлаб чиқаради. Ёки тайёр бўлган маҳсулот моделини ясаб, уни интеръер дизайнерларга сотасиз. Масалан, интеръер дизайнерига уй, офис учун жиҳозлар керак. Биз унга шу жиҳозларни ясаб, интернет платформага жойлаймиз. Улар биздан буни 3-4 долларга сотиб олишади.

 Интерьер дизайнерлик билан моделлаштиришнинг фарқи шундаки, улар биздан тайёр моделларни сотиб олишади ва уй, офисга ўзига хос дизайн тайёрлаб беради.

– 3D моделлаштириш орқали “Малибу” автомобилини олганингиз ростми?

– Ҳа. Бир йил шу соҳада ишлаб сотиб олганман. Ўша пайтлари энди иш бошлаган пайтларим бор эди. Ҳозир эса бундан ҳам кўпроқ даромад топса бўлади. Юқорида айтганимдек, платформага қўйган моделим бир неча йиллар давомида менга фойда олиб келиши мумкин. Мен ухлаган вақтимда Америкада кундузи бўлади. Қайсидир мижоз менинг маҳсулотимни сотиб олаётган бўлади. Шу сабабли ухлаган вақтимда ҳам даромад келиб туради.

– Нима учун Ўзбекистонда интернет дизайнерлик ёки 3D моделлаштириш ривожланмаяпти? Ёки ривожланаётган бўлса, биз билмаяпмизми?

– Ривожланяпти. Ҳозир ким уй қурмоқчи бўлса, унинг интеръер дизайнини қилиши керак бўлмоқда. Биз, ўзбеклар, уйнинг потолок қисмини чиройли қилишни ёқтирамиз. Уста биз хоҳлагандек чиқариб бермаса, уни бузиб ташлолмаймиз. Шу сабабли уй ички кўриниши қандай бўлишини олдиндан кўриш учун 3D моделлашдан фойдаланиш жуда зарур. Ҳозирда кўп қаватли уйлар қурилиши авж олиб кетган. Уй эгалари интеръер дизайнига муҳтож, деб ўйлайман. Чунки бу ортиқча харажатлардан сақлаб қолган бўлади. Уйни олдиндан кўринишини уй эгаси кўрмаса, уста у хоҳлагандек кўринишни қилиб бермаса, яна қайтадан қилишига тўғри келади ва бу яна қўшимча харажатни талаб этади.


Абдусаттор Абдураҳимов

– Telegram орқали ҳам даромад топасиз. Бу ҳақида ҳам айтиб айтсангиз.

– “Телеграм”да IT-тадбиркорликка оид битта канал очдим. Ушбу каналдан мақсад одамларни интернет орқали пул топишга ўргатишдир. Унга барча соҳа, жумладан, дастурчи, фотограф, рассом, график дизайнер, интеръер дизайнер, мусиқачи ва бошқаларга интернет орқали даромад топиш мумкинлигини очиқладим. Ойига 180 минг доллар топадиган дизайнерлар бор. Улар Adobe Illustrator дастурида логотип ясаб сотишади. Шу каби даромад топган инсонлар ҳақида маълумотлар бердик. Шундан кейин одамлар ахборот технологиялари соҳасига қизиқа бошлашди.

Шундан кейин реклама кела бошлади. Реклама олмадим, нархини қимматроқ қилдим, лекин одамлар барибир ола бошлашди. 1- 1,5 миллион сўмдан рекламалар сотдик.

– Сизнинг ажойиб қобилиятингиз бор: реклама қиласиз, лекин унинг реклама эканини ҳеч ким билмайди.

– Бир кунда кетма-кет 6 та реклама қўйганмиз. Ҳар бирининг нархи 600 минг сўмдан баҳоланади.

– “Телеграм”да канал қилиш бекорчилик эмасми?

– Йўқ. Ўзим олдин шунақа деб ўйлардимБир йигит 50 мингта обуначиси борлигини, шу “Телеграм” каналдан 300 доллар топишини айтди. Шундан кейин “Телеграм” канал очишга қизиқишим ошиб кетди. Каналларим сонини кўпайтирдим. Ҳозир битта каналимда 50 минг, бошқасида 230 мингта обуначиларим бор.

Кўпчилик сўраши мумкин: нима учун 3D моделлаштиришдан “Телеграм” канал бизнесини юритяпман? Сабаби ўзим яратган моделларни реклама қилиш учун менга виртуал майдонча керак эди. Ҳозир умумий ҳисобда канал ва ботларимни ҳисоблаганда, 1 миллионга яқин обуначим бор. Бот ва каналларнинг ҳаммаси таълим, илмга мўлжалланган.

– Нима учун айнан IT соҳасини тарғиб қиласиз?

– Бу соҳа орқали ўзимнинг барча молиявий муаммоларимни еча олганман. Бу соҳа ҳеч қачон ўлмайди. Келажакда ҳам энг талабгир касблардан бири бўлади. Энг муҳими, ойликка қараб қолмайсиз. Масалан, Google компаниясини “синдириб” бўлмайди. Google Play дастурига рақобатдош бўлиш учун қайтадан телефон дастурларини ишлаб чиқиш керак. Умуман бошқача янги тизимни яратиш керак.

– Бу йўлда қандай хатоларга йўл қўйдингиз?

– Ишга олган ходимларимга ишни тақсимлаб беришда хатога йўл қўйганман. Тelegram каналимга текширмасдан реклама берганман. Одамлар алдаб кетган. Ўртада анча пул йўқотганман. Ҳозир ҳаммасининг ўрнини тўлдирганман. Хатоларим менга кейинги ишларимда муҳим тажриба бўлиб хизмат қилган.

– Нима учун сиз ишлаётган соҳада ўзбек ёшлари салмоғи жуда кам?

– Энг катта муаммо улар ўзларига пул тикишдан қизғанишади. 1.5 миллионга интеръер дизайнни ўргатадиган дарслик тайёрлаб, уни дискка ёзиб сотдик. Уни ўзимиз 6 ой давомида тайёрладик. Кейин рекламасини бердик. Одамлар қиммат, деб нолишди. Ахир бу билим орқали битта заказ олсангиз, камида 200 доллар даромад олиш мумкин-ку. Ваҳоланки, ҳозир ўша дискни сотиб олганлар 3000-4000 доллар даромад топишяпти.

– Ҳаётда дипломнинг ўрни қандай? Олий таълим керакми?

– Аслида, керак. Лекин бизнинг шароитда Ўзбекистонда 4 йил умрни олийгоҳда ўтказишга қаршиман. 4 йилда 4 та замонавий касб: дастурлаш, 3D моделлаштириш, SMM, график дизайн. Менга диплом умуман керак бўлмаган. Олий таълим керак, лекин диплом эмас. Олийгоҳ инсон 4 йил умрини ўтказишга арзигулик бўлиши керак. Архитектура ёки дастурлашда ўқиган инсон 3D Max’ни билмаса, у қандай кадр бўлиши мумкин? Ҳар бир инсон ўзи ўқиган соҳасида ишлаб кета олиши ўзига боғлиқ. Агар у ўз касбидан даромад қилолмай бошқа йўлдан кетган бўлса, демак, бу унинг айби.

– Ўзбекистонда IT соҳасида қандай муаммолар бор?

– Давлат IT соҳасини ривожлантирамиз деяпти, лекин аслида ундай эмас. Лойиҳаларга грант ажратилиши керак. Мультипликация соҳасини ривожлантириш учун алоҳида битта катта марказ ташкил қилиш, унга анча маблағ ажратилиши, ёш дастурчиларни жалб этиш ҳақида ўйлаш йўқ. Яхши кадрлар ҳам деярли йўқ. Борлари Ўзбекистонни тарк этган. Давлат малакали кадрларни ушлаб қолиш учун грант ажратиши керак. IT’га қизиқадиган ёшларни турли йўналишларда ўқитиб битта катта жамоа шакллантириб, уларга барча шароит яратилса, жуда катта даромадли лойиҳаларни амалга оширса бўлади. Миллий иқтисодиётни ривожлантиришга ҳам қанча даромад олиб келади бу.

Бизда мультипликацияни ривожлантиришга маблағ сарфланади. Аслида, соҳа ривожига эмас, кадрларга пул тикиш керак. Улар шаклланишига грант ажратилса, кейин ўзлари давлатга пул олиб келишади.

Кадрларга эътибор ва эркинлик берилса, уларнинг амалга оширадиган лойиҳалари орқали Ўзбекистонга қанчадан-қанча валюта кириб келади. Битта компьютер ўйини орқали ўзбек пахтаси ёки UzAvto топадиган даромаддан анча кўпини топса бўлади. Биздаги 3D моделлаштириш мутахассислари хориждаги мультфильмлар анимациясини қила олишади. Бунга кучли жамоани шакллантириш керак. Бундан аввал уларни ўқитиш керак. Ўқитиш учун пул керак. Биз ўзимиз ўқитмоқчимиз. Лекин бунда жой муаммоси бор. Яна қанчадан қанча муаммолар бизни кутиб турибди. Энг катта муаммоларимиздан бири интернет масаласи. Ҳукумат буни ҳал қилишга бемалол қурби етади. Бунга хоҳиш бўлиши керак.

Россиядан 5000 долларга 3D принтер сотиб олдим. Уни Ўзбекистонга олиб кириш учун 1200 доллар божхона тўловини тўладим. Роса алам қилди. Мен уни олиб кириб бирданига даромад қилмайман-ку. Унинг функциясини ўрганишим керак. Бу бирмунча вақтни талаб этади. Ўқувчиларимга ўргатмоқчи бўлиб олиб келдим. Жаҳлим чиқди бундан. Ҳеч бўлмаса ҳукумат шу жойда қўллаб-қувватлашини истардим.

– Ишсиз ёшлар иш тополмаётганига сабаб нима, деб ўйлайсиз?

– Ота-она айби туфайли. Фарзандига ўзи истаган соҳани танлашига имкон беришмайди. Дастурчиликка қизиқадиган боланинг ота-онаси уни Шарқшунослик институтига киришини хоҳлайди. У ўша жойга ўқишга киради, лекин қизиқиб ўқимайди. Кейин у ерни битириб, иш тополмай қийналади.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

1 январдан олис ҳудуддаги ишга жалб қилинган олий маълумотли мутахассисга 11 млн сўм, шифокорга 30 млн сўм берилади

Фото: Kun.uz Президентнинг “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул …